Линклар

Беларусда сиёсий маҳкумлар авф этилди, Ўзбекистонда-чи?


Сиёсий маҳкум Николай Статкевич 22 августда президент фармони билан авф этилди

Сиёсий маҳкум Николай Статкевич 22 августда президент фармони билан авф этилди

Беларус президенти Александр Лукашенко 22 август куни президентликка собиқ номзод Николай Статкевични қамоқдан чиқарди.

У билан бирга Николай Дедков, Игорь Олиневич, Евгений Васькович, Артём Прокопенко ва Юрий Рубцов ҳам озод қилинди.

Уларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан сиёсий маҳкум сифатида эътироф этилган.

Президент Лукашенко чиқарган авф фармонида сиёсий маҳкумларни “инсонийлик тамойилларига асосланган ҳолда озод этишга қарор” қилганини билдирган.

Олти маҳкум Белорусда президентлик сайловига икки ой қолганда қамоқдан чиқарилди.

Беш йиллик қамоқдан кейин кутилмаганда озод этилган Николай Статкевични бир неча соат ўтиб Минскда ўнлаб яқинлари ва мухолифат фаоллари тантана билан қарши олди.

Минск вокзалида журналистлар билан суҳбатда Статкевич озодликка чиққанидан бахтиёр экани, аммо бўлажак сайловларда мухолифат учун "яхши танлов" йўқлигини айтди.

Аммо Статкевич сайловни бойкот қилиш ҳам бефойда эканини эътироф этди.

Ундан сайловда кимга овоз бериши сўралганида, Статкевич: "Лукашенкони эмас, бу - аниқ," дея жавоб қайтарди.

Статкевич президентликка ўз номзодини илгари сура олмаслиги, зеро номзодлик учун зарур бўлган 100 минг имзони 21 августга қадар тўплаш имконсиз эканини билдирди.

Николай Статкевич 2010 йилдаги сайловда президентликка ўз номзодини кўрсатган эди.

Аммо у 2010 йил 19 декбарда Минскда бўлиб ўтган норозлик намойишидан сўнг қўлга олинган ва суд томонидан "оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш"да айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Статкевич ўзига қўйилган айбловларни "сиёсий важларга асосланган" дея рад этганди.​

Европа Иттифоқи сиёсий маҳкумларни озод этишни Бруссел ва Минск ўртасидаги муносабатларни яхшилашнинг асосий шарти ўлароқ илгари сурган.

Таҳлилчиларнинг ишонишича, Лукашенко бўлажак сайлов натижаларини легитимлаштириш учун сиёсий маҳкумларни қамоқдан чиқарди.

Александр Лукашенко Беларусни 1994 йилдан буён қаттиққўллик билан идора этиб келади ва октябр ойида бўлиб ўтажак президент сайловида бешинчи марта ўз номзодини қўяди.

Ўзбек сиёсий маҳкумлари

Ўзбекистонда ҳам ҳар йили декабр ойида Конституция куни муносабати билан минглаб маҳкумлар қамоқхоналардан озод этилади.

Шу март ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ўташ бош бошқармаси 2014 йил декабрида чиқарилган амнистия асосида уч мингдан зиёд одам жазони ўташдан озод қилингани ҳақида маълумот тарқатди.

Авф фармонлари одатда балоғатга етмаганлар, хориж фуқаролари, ёши 60 дан ошганлар ва аёлларга ҳамда енгилроқ жиноят содир этганларга нисбатан қўлланади.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний маҳкум бор, аммо расмий Тошкент уларнинг борлигини ҳеч қачон эътироф этмаган.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" Ассоциациясининг маълум қилишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида 12 мингдан зиёд одам диний ва сиёсий фаолияти учун жазо муддатини ўтамоқда.

Ассоциация раҳбари Надежа Атаеванинг айтишича, "улар орасида 40 нафарга яқини Ўзбекистон фуқаровий жамият, яъни ҳуқуқбонлар, журналистлар ва мухолифат партиялари фаоллари бўлиб, улар "ҳукумат манфаати учун зарур бўлганда" озодликка чиқарилади.

"Президент қасоси"

Самандар Қўқонов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Мурод Жўраев ва яна кўпларнинг жазо муддати аллақачон тугаганига қарамасдан, президент авфига лойиқ кўрилмаган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу тутқунларга "турли сохта айбловлар" билан жиноий иш очилган.

Улар нафақат авф қилинмайди, балки жазо муддати ниҳоясига етган сиёсий маҳкумларга қамоқхона тартибини бузганлик айби билан яна жиноий иш очилади ва муддат қўшиб берилади.

Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича, Ўзбекистон президенти "қачонлардир уни танқид қилган" мухолифат фаолларидан "қасос олаяпти".

Дилором Исҳоқова билан суҳбатни тингланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG