Линклар

ЕИ беларуслик мухолифатчилар озод қилинганини олқишлади


Қамоқдан озод бўлган сиёсий маҳбус Николай Статкевич тарафдорлари даврасида, Минск, 2015 йил 22 августи.

Қамоқдан озод бўлган сиёсий маҳбус Николай Статкевич тарафдорлари даврасида, Минск, 2015 йил 22 августи.

Европа Иттифоқи мулозимлари Беларусда олти нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилишини “Минск ва ЕИ муносабатларидаги сезиларли олға силжиш” дея баҳоламоқдалар.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини ва Еврокомиссиянинг қўшничилик сиёсати бўйича вакили Йоҳаннес Хан қўшма баёнотида Беларус расмийларининг кейинги қадами “озод қилинганларнинг фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари борасидаги барча чекловлар олиб ташланиши” бўлишига умид билдирдилар.

Беларус президенти Александр Лукашенка 22 август куни халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан “виждон тутқуни” дея эътироф этилган олти нафар сиёсий маҳбусни афв қилган. Улар орасида 2010 йилги президент сайловига номзод сифатида қатнашган Николай Статкевич ҳам бор.

Статкевич 2010 йил 19 декабрида Минскда бўлиб ўтган норозилик намойишидан сўнг қўлга олинган ҳамда суд томонидан 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Беш йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиққан Статкевични кеча Минск вокзалида кўплаган тарафдорлари қўлларида гул ва “Қаҳрамон” деб ёзилган шиорлар билан кутиб олганлар.

Беларус президенти Александр Лукашенка сиёсий маҳбусларни “гуманизм принципларига асосланган ҳолда озод этишга қарор қилгани”ни билдирган.

XS
SM
MD
LG