Линклар

logo-print

Порошенко Москвани Украина шарқига учта ҳарбий конвой жўнатганликда айблади


Украина Президенти Петро Порошенко

Украина Президенти Петро Порошенко

Украина Мустақиллик куни муносабати билан Киевда ўтказилган парадда минглаб ҳарбийлар қатнашди. 24 август куни ўтказилган парадда нутқ сўзлаган президент Петро Порошенко Украина мамлакат шарқида россияпараст айирмачилар ҳужумини қайтариш учун қўшинлар сонини оширишда давом этади, дея баён қилди.

Шарқий Украинада 2014 йил апрелида можаро бошланганидан бери 6800дан ошиқ одам ҳалок бўлган. Февраль ойида Минскда эришилган сулҳ битими мунтазам бузилмоқда ва ўтган ҳафта шарқий Украинада зўравонлик кўлами ошгани ҳақида хабар қилинди.

Порошенконинг бугун Берлинда Германия Канцлери Ангела Меркель ва Франция Президенти Франсуа Олланд билан учрашиб, Минск битимини муҳокама этиши кутилмоқда.

Киевдаги парадда сўзлаган нутқида Порошенко Москвани россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган минтақага сўнгги кунлар ичида учта ҳарбий конвой жўнатганликда айблади.

Киев ва Ғарб ҳукуматлари айирмачиларга Россия кўмаклашаётганини исботловчи рад қилиб бўлмайдиган далиллар борлигини айтиб келади. Москва бу айбловларни рад этади.

Россиянинг Украина можаросига аралашуви Ғарб томонидан Москвага нисбатан санкцияларнинг қўлланишига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG