Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:41

Ўзбек муҳожирлари орасида қирғиз паспортига талабгор кўпайди


Россияда ишга ўрнашмоқчи бўлган ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Қирғизистон паспортини олаётгани кузатилмоқда. Айрим мутахассислар бу ҳолни Қирғизистон миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолаяптилар.

Қирғизистонлик Айбек олти йилдан буён Москвада қурувчи бўлиб ишлаб келади. Унинг айтишича, кейинги пайтларда Россияда ишлаётган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар орасида Қирғизистон паспортига талаб кучайган.

- Бизнинг паспорт билан ишга ўрнашиш осон. Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига киришидан аввал ҳам, қўшилганидан кейин ҳам қирғиз паспортини ўзбек, тожиклар кўп олаётганини эшитяпмиз. Масалан, Москвадаги Қозон вокзалида истаган ҳужжатни ясаб беришади. Уларда бизнинг ID картани тайёрловчи аппаратлар ҳам бор экан, - дейди Айбек Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Москвадаги Қозон вокзалидан ташқари метро бекатларида ва кўчаларда ҳам “паспорт қилиб бераман” деб, хизматини очиқ таклиф қилувчиларни учратиш мумкин. Уларнинг хизматидан фойдаланувчилар орасида Қирғизистон фуқаролари ҳам бор.

Айни пайтда Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан бошлаб қалбаки паспорт ясатувчилар кўпайиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар янграй бошлади. “Жани муун” ҳаракати етакчиси Мавлян Асқарбековга кўра, бу ҳол Қирғизистоннинг миллий хавфсизлиги учун таҳдиддир:

- Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганида бу тенденция кучайди. Ўзбекистон билан Тожикистон иттифоққа қўшилмагани боис у давлат фуқаролари иттифоқдагилар учун кўзда тутилган енгилликлар билан ишлашни истайди. Бу ҳолдан чиқишнинг бир йўли – арзон, қалбаки паспорт сотиб олиб, ишга жойлашишдир. Бу кўринишни йўқ қилиш учун паспорт чиқариш, паспорт беришда зарур ишларни олиб бориш, бу соҳада ислоҳот ўтказиш керак. Акс ҳолда, бу мамлакат миллий хавфсизлиги учун хатар туғдиради, - дейди Мавлян Асқарбеков.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йилдан буён 40 минга яқин одамга ноқонуний паспорт берилган. Қирғиз паспортини қочқинликда юрган қозоқ муҳолифати вакили Мухтар Аблязов, жиноят олами етакчиси сифатида танилган грузиялик Роман Барбакадзе ҳам олгани маълум бўлган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги аввалроқ фуқаролар исм-фамилиясини ўзгартириб, ноқонуний паспорт олиш учун 200 доллардан 1500 долларгача пора таклиф қилишини маълум қилган.

Давлат қайд хизмати тарқатган маълумотларга кўра, ўтган йили Қирғизистонда 495 мингдан зиёд паспорт берилган. Унинг 3500 дан кўпроғи ички ID паспорт, қарийб 195 минги умумфуқаровий, яъни хорижга чиқиш учун мўлжалланган паспортдир.

Шунингдек, 2014 йилда 3 мингдан кўпроқ одам Қирғизистон фуқаролигини олгани маълум. Уларнинг аксарияти ўзбекистонлик ва тожикистонликлардир.

Давлат қайд хизмати қошидаги Фуқароларни рўйхатга олиш департаменти вакили Асқат Тўйгўжўевга кўра, бошқа давлат фуқаролигидан чиқиб, Қирғизистон фуқаролигини олмоқчи бўлганларга паспорт қонун доирасидагина берилади:

- Бошқа давлат фуқаролари Қирғизистонда фуқароликни махсус қонун, Президент буйруғи билангина олишади. Қонунда махсус тартиблар кўрсатилган. Масалан, Қирғизистон фуқаролигини олганларнинг асосий қисми ўзбекистонлик ва тожикистонликлардир. Тожикистон билан мамлакатимиз ўртасида махсус шартнома бор. Ўзбекистон билан эса йўқ. Ана шу шартномага асосан саноқли одамгина Қирғизистонга кўчиб келиши билан фуқаролик олиш учун ҳужжат топшириши мумкин. Қолганлари мамлакатда беш йил яшаганидан сўнг фуқаролигини алмаштира олади, - дейди Асқат Тўйгўжўев.

Шу йилнинг 1 январидан бошлаб Россия ўз ҳудудига Қирғизистон фуқароларининг ички паспорт билан киришини таъқиқлаган. Кейинчалик расмий Бишкек илтимосига кўра бу қарор ўзгартирилган. Ҳозирда Қирғизистон фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудига ID карта билан кира олади.

Арманистон, Белорус, Россия ва Қозоғистон дохил Евросиё иқтисодий иттифоқига 2015 йил майидан бошлаб Қирғизистон ҳам тўлақонли аъзо бўлган.

XS
SM
MD
LG