Линклар

logo-print

Ўзбек милициясини сўккани учун қамалган қўшиқчи озодликка чиқди


Абдулла Қурбонов ўзбек милициясини сўккани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган

Абдулла Қурбонов ўзбек милициясини сўккани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган

Ўзбек милиционерларини “порахўр”, дея сўккани акс этган видеотасвир Интернет ва қўл телефонларида тарқатилгани ортидан икки йилга озодликдан маҳрум этилган таниқли ўзбек қўшиқчиси 39 яшар Абдулла Қурбонов жазо муддатини ўтаб уйига қайтди. Абдулла Қурбонов қамоқдан озод бўлганидан кейин у билан Тошкентнинг ўрикзор маҳалласида кўришган Озодлик манбаларининг айтишича¸ қўшиқчи бир оз дам олгач яна санъатга қайтмоқчи.

Қўшиқчи Абдулла Қурбонов 2013 йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳар жиноят ишлари маҳкамаси тарафидан Ўзбекистон жиноят кодексининг 219-моддаси яъни “Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш” да айбдор деб топилиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Қамалишидан бир-неча ой олдинроқ Абдулла Қурбоновнинг ўзбек милиционерларини “порахўр”, дея сўккани акс этган видеотасвир Интернет ва қўл телефонларида тарқатилгани ортидан қўшиқчи лицензиядан мосуво қилинган эди.

Абдулла Қурбоновга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича¸ қўишқчининг муаммолари у милицияни сўккани акс этган видеонинг Интернетга тарқатилганидан кейин бошланган.

- Ҳеч қанақа муаммо йўқ эди. Ади-бади айтишилган ва бу учун 10 сутка жазо олинган эди. Кейин бирдан Тошкент ва вилоятлардаги аксарият қўл телефонларида Абдулла Қурбоновнинг ўзбек милициясини “порахўр”, деб сўккани акс этган тасвирлар тарқалиб кетди. Аввалига лицензиядан маҳрум қилишди¸ кейин эса суд қилиб, кесиб юборишди. Лекин Абдулланинг зонада ҳам ҳурмати баланд экан. Ëмон ўтирмадилар. Ҳозир ҳаммаси ортда қолди. Ўрикзор маҳалласидаги офисни қайта тиклаб, яқинда ижодга киришади¸- дейди манба.

Қўшиқчини YouTubeда қаҳрамон қилган “жангнома”

Хонанда Абдулла Қурбонов 2012 йилнинг ноябр ойида Бўстонлиқдаги тўй базмидан чиқиб кабобхонага боради.

Кабобхонада нимадандир жанжал чиққанидан кейин Абдулла Қурбонов милиция бўлимига олиб кетилади. Милиция бўлимида хонанда қўлига кишан солиб тергов қилинган ва 10 суткага қамалган.

Орадан 3 ой ўтиб, Абдулла Қурбоновнинг милиция билан сан-манга боргани акс этган тасвирлар Ўзбекистон шоу дунëсида энг кўп муҳокама қилинган мавзуга айланади.

Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида қўли ўриндиққа кишанланган қўшиқчи Абдулла Қурбонов милиционерларни порахўрликда айблагани ва бўралаб сўккани акс этган видеотасвир 2013 йил 17 феврал куни Youtube порталига юкланган. (Диққат: Ушбу видеотасвирда ҳақоратли сўзлар бор - таҳр.)

Youtube.com порталининг икки жойига қўйилган видеотасвирда Абдулла Қурбонов "ўзбек милиционерларининг онаси билан мустақиллик майдонида жинсий алоқа қиламан"¸ деган мазмундаги ҳақоратларни тилга олади.

"Ҳамманг порахўрсан¸ яқинда переворот бўлади¸ ҳаммангни ....", дейди Абдулла Қурбонов Интернетга қўйилган тасвирда.

Ўзбек қўшиқчисининг милиция зобитларига фаол қаршилик кўрсатгани баъзи Интернет муштарийлари симпатиясига сабаб бўлган эди.

Қўшиқчининг айрим мухлислари Озодлик билан суҳбатда унинг одоб доирасидан чиққанидан ташвиш ҳам билдиришган эди.

Биз 2013 йилда хонанда Абдулла Қурбоновнинг ўзи билан боғланиб, у билан боғлиқ воқеа юзасидан муносабатини сўраган эдик.

- Улар мени ҳеч бир сабабсиз кишанлаб онамни сўкишди. Мен ҳам милиционерларнинг онасини сўкдим. Ўғил бола бўлиб туғилганман, Худога шукр. Жонимга тегишди ва тегишли жавобини олишди¸- деб жавоб берган эди Абдулла Қурбонов Озодлик билан икки йил аввалги суҳбатда.

Озодликдаги бу суҳбат эълон қилинганидан кейин Тошкентда бир кечада 10та тўйда хизмат қила олгани учун “бирров қироли”, деб ном қозонган хонанда Абдулла Қурбонов кўнгилочар сайтларнинг бош қахрамонига айланди.

Озодликнинг "Санъаткор жамиятда ўз одоби билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?" деган саволига жавобан Абдулла Қурбонов ўзининг қуюшқондан чиққанини тан олган эди.

- Ёшлигимизда шўх бўлганмиз, маишат қилганмиз. Аммо вақт ўтиб, ўзингиз қилаётган ишларингизнинг тўғри ёки нотўғрилигини тарози палласида ўлчаб кўраркансиз¸- деган эди санъаткор.

Куëвтўра Абдулла

Абдуллла Қурбонов 39 ëшда. Бир қиз, уч ўғилнинг отаси. 1987 йилда "Анори донаю дона” қўшиғини айтиб, таниқли қўшиқчи Фаррух Зокировнинг назарига тушган.

Ана шундан кейин 1990 йилда Фаррух Зокиров унга атаб, “Куëвтўра Абдулла” номли қўшиқни ижро қилганидан кейин Абдулла Қурбоновнинг пилиги кўтарилиб, санъат оламида танилган эди.

Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ишлаëтган қўшиқчи бор йўғи уч синфни битиргани¸ бошқа ўқимаганини айтган.

- Оллоҳ юқтирган ашулачиман. Ўз вақтида ўқимаган бўлсам ҳам, устозлардан ўрганганман. Муҳриддин Ҳолиқов, Фаррух Зокировларни устоз, деб биламан. Улардан кўп нарсани ўрганганман¸- деган эди хонанда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG