Линклар

Швейцария АҚШнинг Гулнорага алоқадор деб кўрилган пулларни музлатиш сўровни қондирди


Швейцария расмийлари Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилган маблағларни музлатишшга рози бўлди. Бу ҳақда душанба куни маълум қилган Швейцария Адлия вазирлиги вакили бу қарор АҚШ терговчиларининг сўровига биноан қабул қилинган.

АҚШ Адлия вазирлиги терговчилари шу ой бошроғида Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилиб, Гулнора Каримова Ўзбекистонда фаолият юритувчи учта йирик телеком ширкатидан пора олгани иддаолари билан боғлиқ жиноят иши доирасида 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активларни музлатишни сўраган эди.

Швейцария Адлия вазирлиги қанча маблағ музлатилганини аниқлаштирмади, лекин унинг миқдори 640 миллиондан камроқ эканини билдирди.

Ўтган ҳафта Швейцария Бош прокуратураси Озодлик сўровига жавобан юборган ёзма баёнотида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи билан боғлиқ пул ювишга доир жиноят иши юзасидан аллақачон 800 миллион швейцар франки (820 миллион АҚШ доллари) музлатиб қўйилганини билдирган эди.

Швейцария Бош прокуратураси 19 август куни Озодликка жўнатган ёзма баёнотда:

“2012 йилнинг июль ойида олти нафар гумонланувчи, жумладан Гулнора Каримовага қарши тергов очилган эди. Тергов қилинаётган жиноят коррупцияга алоқадор пул ювишга доирдир (Швейцария Жиноят кодексининг 305bis моддаси). Ҳозирги кунда Швейцария Бош прокуратураси бу иш доирасида 800 миллион швейцар франки (820 миллион АҚШ доллари)ни ҳибсга олган. Тергов давом этаётгани сабабли ортиқча маълумот бера олмаймиз”, дея таъкидланган.

Швейцария Адлия вазирлиги душанба куни музлатилган маблағ 820 миллионга қўшимчами, йўқми аниқлаштирмади.

The Wall Street Journal газетасининг 13 август куни хабар қилишича, АҚШ терговчилари Швейцария банкларидаги 640 миллион АҚШ долларидан ташқари Женева кўли соҳилидаги виллани ҳам муҳрлаб қўйиш кетидан тушган. Мақолада вилла эгасининг исми келтирилмаган, лекин Женева кўли соҳилида Гулнора Каримовага тегишли қиймати 20 миллион доллар атрофидаги ҳашаматли вилласи борлиги маълум.

Лекин Швейцария адлия вазирлигининг душанба кунги баёнотида Женева кўли соҳилидаги вилла ҳақида аниқлаштирмади.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон тергов идоралари Гулнора Каримова хорижий телеком ширкатларидан йирик миқдорда пора олган, деган иддао билан Европа ва АҚШда тергов қилинаётган жиноят ишларига алоқадор шахсларни ҳибсга олди. Озодликнинг Ўзбекистон тергов идораларидаги ишончли манбасига кўра, ҳибсга олинган 9 шахс орасида мамлакат президентининг қизи тузгани иддао қилинган коррупцион схемаларда асосий ўйинчилар ҳисобланган Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров, Нурмуҳаммад Содиқов ва Раиса Сафаровалар бор.

XS
SM
MD
LG