Линклар

Тошкент вилоятидаги газ магистралида кучли портлаш содир бўлди, ёнғин давом этмоқда


Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи газ магистралида 24 август кечқурун соат тўққизларда кучли портлаш содир бўлди. Портлашнинг алангаси шунчалик баланд бўлдики, Тошкентнинг турли ҳудудларида уни кўриш мумкин эди.

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманининг “Дўстлик” ширкат хўжалигининг ҳудудидан ўтувчи “Янгиер-Тошкент” газ магистралида 24 август куни маҳаллий вақт билан соат 21лар атрофида кучли портлаш бўлган.

Газ магистрали портлаши, Тошкент вилояти

Газ магистрали портлаши, Тошкент вилояти

​Портлаш оловини бир неча ўн километрлардан ҳам кўришгани ҳақида Фейсбукнинг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари ҳам ёзди.

“Мен газ портлаш содир бўлган жойдан икки километр узоқликда тураман. Шу қадар кучли портлаш бўлдики, деразалар зириллаб, ер қимирлагандай бўлиб кетди”, деб ёзди гуруҳ аъзоларидан бири.

Озодликнинг Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасидаги манбасига кўра, ёнғин содир бўлган жойга Тошкент шаҳри ва яқин атрофдаги туманларнинг барча ўт ўчирувчи машиналари сафарбар қилинган.

Портлаш алангаси пойтахтдан ҳам кўринди

Портлаш алангаси пойтахтдан ҳам кўринди

​Манбанинг айтишича, магистрал яқинида аҳоли уй-жойлари бўлмагани учун одамлар орасида талафот бўлмаган. Портлаш жойи атрофидаги деҳқончилик экинларига жиддий зарар етган.

Бироқ, ижтимолий тармоқларда бу фожиа оқибатида қурбон бўлганлар борлиги, жароҳат олганлар эса Тошкентдаги 16-касалхонага олиб келинаётгани ҳақида ёзмоқдалар.

Юқоричирчиқ тумани ёнғин хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, 25 август Тошкент вақти билан соат 02.00гача ёнғиннинг асосий алангаси ўчирилганини, лекин маълум жойларда ёнғин давом этаётганини айтди:

“Ҳаммасини бирданига ўчиришнинг имкони йўқ. Газопроводга у томондан газ бериш ёпиб қўйилган, лекин қувур ичидаги газлар ҳали ҳам сизиб чиқиб ёняпти. Асосий аланга ўчирилди. Ҳозир қолганини ўчиришга ҳаракат қиляпмиз”, деди ўт ўчирувчилар раҳбарларидан бири.

Мулозим портлаш қоқ даланинг ўртасида содир бўлганини ва қурбонлар йўқлигини айтди.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар, Фавқулодда ҳолатлар вазирликлари ва "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компаниясининг раҳбарлари воқеа жойига борган.

Чирчиқ шаҳридан ҳам ўт ўчирувчилар гуруҳи ёрдамга келганлиги айтилади.

Воқеа тафсилотларини Озодликда кузатинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG