Линклар

Ўзбекистон 700 миллион долларга учта қуёш электр станцияси қуради


Ўзбекистон қуёш электр станцияларини қуриш учун 700 миллион доллар ажратади.

Бу ҳақда "Ўзбекэнерго" ширкатига таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Наманган, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида учта йирик қуёш электр станцияси қурилиши ҳақида 2014 йилда маълум қилинган эди.

Самарқанддаги 275 миллион долларлик станциянинг қурилиши учун эълон қилинган тендер натижалари жорий йил якунида очиқланиши кутилмоқда.

Хабарда айтилишича, умумий қуввати 300 мегаватт бўлиши айтилаётган қуёш электр станцияларини 2020 йилгача қуриб битказиш режаланган.

Ўзбекистон йилига таҳминан 10 гигаватт электр энергияси истеъмол қилади ва бу энергиянинг 90 фоизи атроф муҳит учун зарари кўп бўлган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқилади.

Мамлакатнинг аксар минтақалари бир неча йилдан бери электр қуввати билан боғлиқ муаммолар гирдобида қолган.

Вилоятларнинг қишлоқ жойларида электр қуввати ёз ойларида ўта чекланган миқдорда берилади, қишда эса умуман электрсиз қоладиган минтақалар кўпаймоқда.

XS
SM
MD
LG