Линклар

logo-print

Палмиралик олим ўз шаҳрини сотишдан бош тортгани учун қатл этилган


"Исломий давлат" гуруҳи томонидан бутпарастликда айбланиб қатл этилган Холид ал-Асаад.

"Исломий давлат" гуруҳи томонидан бутпарастликда айбланиб қатл этилган Холид ал-Асаад.

Ўтган ҳафтада Суриянинг Палмира шаҳрида “Исломий давлат” бошини танасидан жудо қилган 83 ёшли қадимий буюмларни ўрганувчи олим Холид ал-Асаад ўз ҳаётини бағишлаган шаҳарга хиёнат қилишдан бош тортгани учун қатл қилинган. Бу ҳақда олимнинг дўстлари ва қариндошлари маълум қилишди.

Холид ал-Асаад ўн йил аввал нафақага чиққан. “Исломий давлат” жангарилари олимни ўғирлаб кетиб, бир ой асоратда сақлади. 18 август куни Асаад омма олдида ваҳшийларча қатл қилинди.

Холид ал-Асаадни яқиндан билганлар ҳамда асирликка олинишидан аввал у билан суҳбатлашганларнинг айтишича, олим Палмиранинг энг қимматбаҳо хазиналари қаерда жойлашгани ҳақида маълумот беришдан бош тортгани учун жангарилар уни қатл қилишган.

Асаадни камида 15 йилдан буён билган Абу Аҳмаднинг айтишича, Асаад ҳар куни ўз шаҳри Тадмордан Палмирага пиёда бориб ишлаган.

Жонини сақлаб қолиш учун Палмирадан қочиб кетган Абу Аҳмад (ушбу мақолада номи тилга олинган барча сурияликларнинг исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган) охирги марта Асаадни 13 июнь куни кўрган.

Олим дўсти Аҳмадга жангарилар томонидан сўроқ қилинганини айтган.

Озодлик билан суҳбатда Абу Аҳмад: “Менга “Исломий давлат” чақирганини айтди. Улар Асаад энг қимматбаҳо тарихий буюмлар қаерда яширинганини ошкор қилишини исташган”, деди.

- Уни ўлдиришларини билган. Шундай бўлса-да, “Мен шаҳардан кетмайман. Шу ерда қоламан”, деган, - дейди Абу Аҳмад.

Асааднинг қариндоши Халил Ал-Ҳаририйнинг айтишича, олим Палмирадаги “ҳар бир тарихий буюмга, ҳар бир тошга” боғланиб қолган бўлгани учун ўз уйидан кетмаслиги аниқ бўлган.

Озодликка берган интервьюсида Ҳаририй: “Асаад ўзи дуч келган хавфни англаб турган бўлса ҳам, шаҳардан кетишдан бош тортган”, деди.

“Ғайридинлар” ва “бутпарастлик”

Асааднинг дўстлари ва фаолларнинг айтишича, жангарилар олимни бир ой асоратда сақлаб, 18 август куни қатл этган.

Асаад қатл қилингани ҳақида хабар тарқалганидан кейин Палмирада яшовчи Абу Муҳаммад ал-Тадмурий Озодлик билан WhatsApp орқали суҳбат қилиб: “Улар олимни майдонга қора машинада олиб келишди, кейин радиокарнай орқали одамларни қатлни томоша қилишга чақиришди”, деб ёзди.

Тадмурийнинг айтишича, жангарилар Асаадни “қатл этиш” ҳукмини 150 дан зиёд одамга, жумладан, аёллар ва болаларга ўқиб эшиттирган.

Сўнгра юзига ниқоб тақиб олган жангари халойиқ олдида қилич билан олимнинг бошини танасидан жудо қилган.

“Унинг танаси ерда олти соатдан ошиқ, эрталабки 11 дан кечки 5 гача ётди”, деб ёзди Тадмурий.

“Сўнгра унинг танасини устунга илиб қўйишди”, дейилади WhatsApp орқали юборилган хабарда.

Ижтимоий тармоқларда “Исломий давлат” жангарилари Асааднинг танаси эканлигини иддао қилиб тарқатган мудҳиш суратда олимнинг қонга беланган ва бошсиз танаси йўл бўйидаги светофор устунига сариқ арқон билан осилганини кўриш мумкин. Кўзойнаклари зарар кўрмаган Асааднинг боши эса ерда, оёқлари ўртасида турибди.

Мурдага боғлаб қўйилган плакатда “муртад Холид Муҳаммад ал-Асаад” деб ёзиб қўйилган. Плакатда яна олим “Нусайр тузумига” лойиқ бўлганликда айбланади. “Нусайр” Сурия президенти Башар ал-Ассад ҳукумати ҳақида қўлланиладиган ҳақоратомуз атамадир.

Араб матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, плакатда жангарилар мулоҳазасича Асаад қўл урган беш “жиноят” айтиб ўтилган. Булар орасида “кофирлар конференцияларида” Сурия вакили сифатида қатнашиш, Палмирада “бутпарастлик” директори сифатида фаолият юритиш ҳамда Эронга қадам босиш каби айбловлар бор.

“Сукут сақламаслигимиз керак”

Ҳукуматни қўлловчи ва унга қарши сиёсатчилар, фаоллар ҳамда зиёлилар бир овоздан Асааднинг қатл этилишини қоралади.

Асааднинг давомчиси, Сурия тарихий буюмлар ва музейлар бўлимининг ҳозирги директори Маъмун Абдулкарим Сурия араб янгиликлар агентлиги билан суҳбатда жангарилар кекса олимни “совуққонлик билан” ўлдирганини айтди.

Сурия инқилобий ва мухолифат кучлари миллий коалицияси тузган Сурия муваққат ҳукуматининг маданият вазири Самаҳ Ҳадая ҳам Асааднинг қатл қилинганини қоралади.

Суриялик файласуф Аҳмад Барқавий Асааднинг қатл этилиши “тараққиёт, замонавийлик ва бутун инсониятни ўлдиришга қаратилган”, деди.

Барқавий 19 август куни ўзининг Facebook саҳифасида “Ассад тузуми аллақачон минглаб одамни ўлдиргани учун бир олим ўлимига эътиборимизни қаратмаслигимиз керак, деманг. Тўғри, тузум мисли кўрилмаган мудҳиш жиноятларга қўл уриб келади, аммо “Исломий давлат” жиноятлари сабаб сукут сақлаб ўтирмаслигимиз керак”, деб ёзди.

Асаад ўз ҳаётини Палмира хазиналарини ўрганишга бағишлаган. Олим 1963 йилдан 2003 йили нафақага чиққунича Палмира тарихий буюмлар ва музейлар бўлимига етакчилик қилган. Сурия араб янгиликлар агентлигига кўра, Асаад нафақага чиққанидан кейин ҳам мутахассис сифатида ишлашда давом этган.

Асаад ҳукмрон Баас партияси аъзоси бўлган. Бу нарса унинг карьерасига ижибой таъсир қилган бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, Асаад археология оламида ўчмас из қолдирди.

ЮНЕСКО раҳбари Ирина Бокова айтганидек, “Исломий давлат” “буюк одамни ўлдирди, аммо улар ҳеч қачон тарих овозини ўчира олмайди”.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG