Линклар

Ўзбекистон чегарада ушланган тожикистонликларни бадарға қилди


Ўзбекистондан депортация қилинган тожикистонликлардан бири - 24 ёшли Хушёр Қобилов.

Ўзбекистондан депортация қилинган тожикистонликлардан бири - 24 ёшли Хушёр Қобилов.

Ўзбек расмийлари Сўғд вилоятининг Конибодом туманидан бўлган икки йигитни Тожикистонга депортация қилди. Икки ой муқаддам ўзбек-тожик чегарасида ушланган бу йигитлар бадарға қилинишидан олдин жаримага тортилган.

Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик айблови билан ўзбек чегарачилари томонидан июнь ойида қўлга олинган конибодомлик Тўлқинбой Усмонов ва Хушёр Қобилов ватанига депортация қилинишидан олдин 2 миллион 300 минг сўмдан жаримага тортилган. Бу ҳақда Озодликка куни кеча Тожикистонга қайтган йигитларнинг ўзлари сўзлаб беришди.

- Судда бизга Ўзбекистон чегарасини бузганимизни ва бу ишни бошқа қайтармаслигимиз лозимлигини айтишди. Биз чегарани бузмаганимизни ва тикансимдан анча нарида бўлганимизни айтдик. Аммо улар бизга қулоқ солишмади, жарима солиб, кейин депортация қилишди, - дейди 30 ёшли Тўлқинбой Усмонов Озодликнинг тожик хизматига берган суҳбатида.

Унинг айтишича, ўзбек расмийлари уларни “Патар” чегара-ўтказиш масканига олиб келиб, тожикистонлик чегарачиларга топширишган.

Ўзбек миллатига мансуб Тўлқинбой Усмонов ва унинг шериги Хушёр Қобилов 25 июнь куни ўзбек-тожик чегарасига яқин жойда мол боқиб юрган жойида ўзбек чегарачилари томонидан ушлаб кетилганди. Тожикистонликларни тутиш чоғида Усмонов оёғидан яраланган.

Ўзбек расмийлари иддаосига кўра, Усмонов ва Қобилов давлат чегарасини бузиб ўтган, тартиббузарлар чегара нарядига қаршилик кўрсатган, шундан сўнг ўзбек чегарачилари қурол қўллашга мажбур бўлганлар, пировардида тожикистонликлардан бири яраланган.

Шундан кейин Тўлқинбой Усмонов Бешариқ туман касалхонасига, Хушёр Қобилов эса Қўқон ҳибсхонасига олиб кетилган.

Ўзбекистонда икки ой ушлаб турилганидан кейин ниҳоят уйига қайтишга муваффақ бўлган Усмонов яраси ҳали тўла битмаганини, ҳозир муолажа олаётганини, оғир нарсалар кўтаролмаётганини айтади.

“Патар” чегара-ўтказиш пункти яқинидан суғориш канали ўтган. Бу канал суви аллақачон қуриб, ҳозир қамишзорга айланган. Мазкур канал Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара, дея тахмин қилинади. Канал ёнидан катта йўл ўтган бўлиб, у ерда ўзбек чегарачилари ҳам, тожик чегарачилари ҳам пайдо бўлиб туради.

20 минг чоғли одам яшайдиган Патар қишлоғи одамлари канал атрофидан мол боқиш учун фойдаланиб келади. Қишлоқ аҳли учун асосий даромад манбаи уйда чорва молларини етиштириш ва деҳқончилик бўлиб ҳисобланади.

2000 йилда Ўзбекистон Тожикистон билан виза тартиби жорий қилганидан сўнг икки давлат чегараси бўйлаб тиканли симлар тортилди, тоғли ҳудудлар миналаштирилган.

Минг йиллардан буён қалин қўшни ва қон-қариндош бўлиб яшаб келган ўзбек ва тожиклар бугунги кунда бир-бирларининг уйларига фақат виза билан бора оладилар, холос.

Чегара ҳудудларида икки томон чегарачилари томонидан оддий одамларнинг отилиши, калтакланиши ва камситилиши каби ҳолатлар кўп кузатилади.

XS
SM
MD
LG