Линклар

logo-print

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг тўрт юзга яқин ходими уч кундирки пахта теришга мажбурланмоқда. Бирлашма ходимларининг Озодликка айтишича, далага чиқишга қаршилик билдирганлар ишдан ҳайдаш билан қўрқитилмоқда.

Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари номидан Озодликка келган мактубда бирлашманинг ишчи-хизматчилари 23 августдан бошлаб ёппасига далага ҳайдалгани айтилади.

“Шифокор, медсестраларни пахтага мажбуран чиқаришаяпти. Главврач Умид ва заведуший Баҳром туғриқхона ходимлари, айниқса ҳамшираларни кўпроқ мажбурлашаяпти, қўрқизаяпти”, дейилади бирлашма шифокорлари номидан келган хатда.

Озодлик мухбири 25 август куни Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси билан телефон орқали боғланганида, исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамшира қизлардан бири кунига 400га яқин ходим пахта теримига жўнатилаётгани ҳақида гапирди:

“Ҳар куни 350-400 одам пахтага чиқарилаяпти. Икки кун бўлди. Бугун учинчи куни. Аввалги Гулистон ҳозирги Қўриқтом қишлоғига олиб боришаяпти. Фақат оғир касаллар яъни операция бўлганлар пахтага бормаяпти. Бошқа ҳамма докторларни пахтага олиб кетишди. Қишлоқлардаги амбулаторияларнинг ишчилари ҳам пахтага чиқарилди”, деди ҳамшира микрофонсиз суҳбатда.

Янгиариқлик шифокорларнинг Озодликка ёзишича, тиббиёт ходимлари учун далалардаги шароитлар мутлақо қониқарсиз аҳволда:

“Эрталаб 7:30да автобусга босиб олиб кетишади. Кечқурин 20:20дан кейин қайтариб олиб келишади. Қум этакларида жойлашган, ҳеч ким бора олмайдиган жой. Қум жойлари бўлганидан кейин қочиб ҳам кета олмайсиз. Автобус қумга ботиб қолса, ҳамшира қизлар итариб чиқаришади. У жойларда телефон ҳам ишламайди, антенна йўқ. Пахта пулини ҳам беришмайди. Овқат ҳам йўқ. Ҳамма ўзлари билан нон ва помидор олиб кетишади. Кейин пахта бўйи бир қарич. Қум бўлганидан илонлар ҳам кўп”, дейилади шифокорлар мактубида.

Шифокорлар иддаосига кўра, пахта теримига чиқмаслик учун пул ҳам талаб қилинади:

“Пахтага бормасангиз пул бериш керак. Кунига 10 минг сўмдан”, дейилади шифокорлар мактубида.

Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Умид Жуманиёзов Озодлик мухбири билан суҳбатда бирлашма ходимларининг пахтага чиқарилганини инкор қилди:

- Пахта энди бошланади. Ҳозир тайёргарлик кўраяпмиз. Пахта бошлангани йўқ ҳали, кечирасиз мени. Бу бўлмаган гап. Официальний қарор чиққанидан кейин пахтага чиқамиз, - деди Умид Жуманиёзов.

Янгиариқ туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, туманда пахта терими бошланган, бироқ ҳали вилоят ҳокимининг пахтага сафарбарлик ҳақидаги қарори расман эълон қилинмаган.

15 августдан бошлаб Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида пахтага сафарбарлик эълон қилингани хабар қилинди.

Мамлакатнинг турли ҳудудларидан олинган хабарларга кўра, мутасадди ташкилотлар одамларни пахта теримига чиқишга даъват қилиб, аҳолига варақалар тарқатмоқда.

“Эзгулик” жамияти мониторингига кўра, жорий йилда ҳам пахта мавсуми мажбурий ҳашар кўринишида ташкил қилинмоқда.

Мазкур ташкилот Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимовни мамлакатда бошланган пахта терими билан боғлиқ мажбурийлик ҳолатларига изоҳ беришга чақиради.

XS
SM
MD
LG