Линклар

Афв этилган мухолифатчи: “Лукашенко яна бир ҳийла қилди”


Мухолифатчи Юрий Рубцов кўкрагига "Лукашенко кет" деб ёзиб олган.

Мухолифатчи Юрий Рубцов кўкрагига "Лукашенко кет" деб ёзиб олган.

Суд жараёнида футболкасини ечиб, кўкрагидаги “Лукашенко кет” ёзувини кўрсатиб шов-шувга сабаб бўлган беларуслик фаол Юрий Рубцов президент афвини “ҳийла” деб атади.

Рубцов 23 август куни Гомель шаҳрида журналистлар билан учрашиб, “Аввал тутқунликка олган одамларни озодликка чиқариб Лукашенко яна бир ҳийла қилди”, деди.

Рубцов Беларус президенти Александр Лукашенконинг “гуманизм принципларига” асосланган ҳолда сиёсий маҳбусларни афв этиш қарорига биноан 22-23 август куни озодликка чиқарилган олти фаолнинг биридир.

Озод қилинганлар орасида 2010 йилги президент сайловига номзод сифатида қатнашган Николай Статкевич ҳам бор.

Рубцовнинг айтишича, 22 август куни Бобруйск шаҳрида жойлашган колония соқчилари уни бир кишилик камерадан олиб чиқишларидан олдин озод қилинишидан бехабар бўлган.

Фаолни колония дарвозасига олиб бориб, қўлига кийим ва шахсий буюмларини тутқазишган ва президент афвига биноан озод қилинганини айтишган.

Ўз шаҳри Гомелда Рубцов афвга эътироз билдирди. Журналистлар билан суҳбатда фаол сиёсий важларга асосланган ҳолда қамалганини ва ҳеч қачон айбини тан олмаганини, шу сабаб бутунлай оқланиши кераклигини айтди.

2014 йилда Рубцов “Лукашенко кет” жумласи ёзилган футболка кийгани учун 25 кун қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Аммо кейинроқ у суд давомида судьяларнинг бирини ҳақорат қилганликда айбланиб, мажбурий меҳнат қилиш жазосига ҳукм қилинган.

2014 йилнинг май ойида Рубцов мамлакатда иш ҳақи озлигига эътироз билдириб, ҳукумат иншоотида унга буюрилган мажбурий меҳнатни қилишдан бош тортгани учун икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Озод қилинганидан кейин Рубцов журналистларга кўкрагидаги “Лукашенко кет” деб ёзилган татуировкасини ҳамда қамоқдалигида “Мени ҳукм қилиш орқали улар сизни сариқ чақадек маошингизга эътироз билдириш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Рубцов” жумласи билан безаб чиққан футболкасини кўрсатди.

Беларус ҳукумати мамлакатда ўртача ойлик маош 600 долларни ташкил қилишини айтиб келади. Аммо Рубцов аслида бу кўрсаткич анча паст деб ҳисоблайди.

Рубцов оддий беларусликлар учун кўпроқ ўртача маош берилишини ҳамда Лукашенко ҳукумати барча сиёсий маҳбусларни озод қилишини талаб қилиб 50 кун мобайнида очлик эълон қилган.

Александр Лукашенко Беларусни 20 йилдан ошиқ пайтдан бери қаттиққўллик билан идора этиб келади.

Олти маҳкум мамлакат октябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловига тайёрланаётган бир пайтда қамоқдан чиқарилди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини ва Еврокомиссиянинг қўшничилик сиёсати бўйича вакили Йоҳаннес Хан 23 август куни қўшма баёнот эълон қилиб, маҳбусларнинг эркинликка чиқарилишини “Беларус ва ЕИ муносабатларини яхшилашда сезиларли олға силжиш” дея баҳолади.

АҚШ ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби Беларус ҳукумати қарорини “Беларус халқи учун ижобий ҳодиса ва АҚШ билан алоқаларни нормаллаштириш йўлида қўйилган муҳим қадам” деб атади.

Беларус расмийлари озод қилганлар орасида Рубцов ва Статкевичдан ташқари Микалай Дзядок, Иҳор Олиневич, Яуҳен Васкович ва Артсём Прокопенколар бор.

Озод Европа/Озодлик радиоси Беларус хизмати томонидан тайёрланган мазкур мақолани инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG