Линклар

Ўзбекистонда “Камолот” деган ёшлар ҳаракати бор. Бели бақувват, дасти узун ташкилот – тадбиркору ишбилармонлар жарақ-жарақ пул ўтказиб туради-да. Лекин популистик лойиҳаю мардумкўрсин тадбирлар боис ташкилотнинг боши танқиддан чиқмайди

Яқинда “Камолот” Тошкентда “I Love Uzbekistan” номли гала концерт уюштирди. Концерт баҳона бўлдию Фейсбук тармоғида ёшлар ҳаракати шаънига анча-мунча аччиқ-тиззиқ гаплар айтилди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини даставвал концерт ажнабийча номлангани норози қилган. “I Love Uzbekistan ўрнига “Мен Ўзбекистонни севаман” деб ёзишса, ўзбексимонларга ёқмай қолар эдими... Авваламбор, Худо сақласин, лекин бирон ерда жиддийроқ нарса “пақ” этиб, оммавий сафарбарлик бошланадиган бўлса, ўрисчаю инглизча гапирадиган “маданиятлилар” гум бўлиб, сичқоннинг ини минг танга бўлади” деб ёзди Шокир исмли фойдаланувчи.

Фейсбук фойдаланувчилари наздида, “Камолот”нинг мажлису ўйин-кулгига муккасидан кетгани нотўғри. Бунинг ўрнига ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқиш, илмсевар ёшларни дастаклаш лозим.

“Камолот” республикадаги иқтидорли ёшлар, яъни ўз аъзолари орасида “Ҳозирда аксарият шаҳар ва қишлоқларга хос свет, газ, ичимлик суви... (яна қанча муаммо бўлса, ўзинглар қўйиб олаверасизлар) каби долзарб муаммоларни қандай ҳал қилиш бўйича ечим беринглар. Энг яхши ечимлар тақдирланади, амалиётга татбиқ қилиш учун тегишли ҳукумат органларига таклиф этилади”, деб эълон берса яхши бўларди... Бизнинг “ёшлар” қачон катта бўлади? Ихтирочи, лойиҳачи, бошқарувчи, жамиятда етакчи бўлади? Эчкига ўхшаб сакраб, бемаза ашулаларга рақсга тушиб юраверамизми?” дея оғриқли саволлар қўйди Мусанниф.

“Камолот” асосан талантли ёшларни рағбатлантириш учун ташкил қилинган. Ҳеч кўрмаяпмиз рағбатлантирганини. Хўжакўрсинга қилиняпти, худди халқнинг муаммоси йўқдай, қаерга қарасанг байрам...” дея ёзғирди Комил.

“Шуни ҳам билмайсизми, муаммоларни кўтариб чиқса, халқ душмани бўлади”, дея мутойиба қилди Абон Жон.

“Ҳар бир олий ўқув юртида “Камолот” ташкилоти бор ва шу институтларда пора оладиган домлалару пора берадиган студентлар бор! Хўш, нега “камолот”чилар бу иллатга қарши курашмайди? Ҳаммаси билади ким қанча олишини! “Ха-ха”, “хи-хи”дан буюк Ватан яратиб булмайди!” деб арз этди Ғолиббек.

“Лекин энг асосий иш илм бўлиши керак. “Камолот” илмни рағбатлантириши керак. Илмли ёшларни қўллаб-қувватлаши керак. Жамиятга артистдан кўра илмлилар керак”, деб маслаҳат берди Абдуллоҳ.

“Камолот”га ўзи кимлар аъзо? 5-синфдалигимда яхши ўқиганим учун “Камолот” сардори этиб сайлашганди. Бу номига, комиссия келганда “мана” деб кўрсатиш учун қилинганди. Мана, энди коллежда ҳам шу аҳвол”, дея дардини дастурхон қилди Достон.

“Дўппингни олиб ерга қўйсанг, мингта муаммонинг устига тушади. Катталар енга олмаган ҳаёт ташвишларини болалар қандай уддаласин?! Боз устига, уларни ўзимиз шу руҳда тарбия қиляпмиз-ку!” дея айбни ёшлардан эмас, катталардан қидиришга ундади Азамат.

Жавлон исмли фойдаланувчи эса “камолот”чиларни синашнинг амалий йўлини таклиф қилди: “Ҳамма “камолот”чиларни пахта теримига жўнатиш керак. Пахтадан кейин “I Love Uzbekistan”нинг маъносини сўраш керак…”

Собиқ “камолот”чи тайёрлади

XS
SM
MD
LG