Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Андижонда йўқолган имом топилди, у "жосуслик"да айбланмоқда


Uzbekistan / Russia - Imam Temur Tursunov prisoned in Andizhan, Moscow, 07.08.2015.
Uzbekistan / Russia - Imam Temur Tursunov prisoned in Andizhan, Moscow, 07.08.2015.

Жорий йилнинг 24 июлида Андижон-Ўш чегара постидан Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан номаълум томонга олиб кетилган россиялик имом Темур Турсунов Ўзбекистонда Россия фойдасига жосусликда ва диний-экстремистик материалларни тарқатишда айбланмоқда.

Маҳбуснинг онаси Одина Хасанова “Оллоҳнинг мўъжизасигина” ўғлини озод этиши мумкинлигига ишонишини гапирмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳодисани ўз назоратига олгани маълум бўлди.

Айни пайтда Россиядаги жамоатчилик фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бир ойдан ортиқ вақт мобайнида Андижон шаҳар милиция бўлими ертўласида сақланаётган кировлик 37 ёшли диндорни қўтқариш акциясини бошлаб юборди.

Асли наманганлик 37 яшар Темур Турсуновнинг онаси Одина Ҳасанова Озодлик билан суҳбатда ўғлининг ғойиб бўлганидан қарийб бир ой ўтиб унинг қаерда эканини куни кеча билганини гапириб берди.

- Темур Турсунов топилди. Кеча бизга хабар беришди – Андижонда горотделда (шаҳар милиция бўлими - таҳр.) экан. Кийим-кечак, нарсаларини бердик. Адвокат ёлладик, у ишлаяпти. Телефонда хотинига ўша ердалигини айтишди. Бугун бориб, ҳозир уйга келдим. Уни “Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган”, “у Турсунов Темур эмас, Хасанов Анваржон” деб айблашяпти. Унга Ўзбекистон фуқароси сифатида айблов беришяпти экан. Ҳеч қандай нажот йўқ – Оллоҳдан сўраб турибман: Оллоҳ мўъжиза кўрсатиб чиқармаса, билмадим... Унга бошқа давлат фуқаролигини ноқонуний олгани ва 244-1 билан – турли материалларни тарқатиш, дея айблов қўйиляпти, деди Одина опа.

Онахон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўғлига қўйилаётган айбловлар мутлақо асоссиз эканини гапирар экан, Темур Наманганда атиги икки кун бўлгани ва бу муддат ичида бирор ножўя иш қилмаганини айтади. Шунингдек, Одина Ҳасанова Темур Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаётганида тегишли тартибда мамлакат элчихонаси номига билдиришнома юборганини ҳам маълум қилди.

Одина опа Ҳасанова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:03 0:00
Бевосита линк

Озодлик Россия фуқаролигини 10 йил олдин олган Темур Турсунов Киров вилояти муфтийси муовини лавозимини эгаллаб келгани ва ўз жамоасида катта обрўга эга экани тўғрисида олдинроқ гапирган эди.

Одина опанинг сўзларига кўра, у Темурга қарши бошқа айбловлар ҳам қўйилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган:

- Тергов тугамабди, кетяпти экан. “Роса катта иш” кетяпти экан. Болам тўғрисида шундай деб айтишди. Бошқа айбловлар ҳам бор экан, лекин уларни менга айтишмади. Мен уни чегарага кузатиб борганимда айтдики “Ўтганимдан кейин телефон қиламан”. Мен ташқарига чиқиб кутиб турдим. Ўш чегарасидаги пунктга у соат кундузги 1:45 ларда кириб кетган эди, мен эса уни 5-6 ларгача кутдим чиқишини. Кейин, уни ва яна бир кишини олиб чиқиб кетишаётганини кўрдим. Орқасидан “Дамас” таксисида бордим – горотделга олиб кириб кетишди. Кейин улар бу ерда эканини тасдиқламади – билмадим, улар учун шундай қилиш керакдир... Лекин мен ўғлимнинг қаерда эканини 21 август куни билдим – салкам бир ой деганда менинг ҳолимни қўяверасиз! деди Одина Ҳасанова.

Бундан олдинроқ милиция ходимларидан бири онаси билан бўлган учрашув давомида Темур Турсуновнинг “Россия фуқаролигини қандай қилиб олганлиги текширилиши”ни айтган.

Киров вилояти муфтийси муовини асли Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Норин туманидан бўлган Темур Турсунов Рамазон тугаши билан 22 июль куни онасини зиёрат қилиш мақсадида Москвадан Ўзбекистонга учиб борган эди.

Тошкент аэропортида 4 соат давомида ушлаб турилгани ва сўроққа тутилганидан кейин у қўйиб юборилган, аммо аллақандай одамлар кузатувига тушганини сезиб Ўзбекистонни яхшиликча тарк этишга қарор қилган.

Айни пайтда, Россиянинг ўзида диндор Турсунов ҳимоясига “Мусулмонлар ҳуқуқлари учун” жамоатчилик ҳаракати, “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти ва имомнинг ҳамкасбларию яқинлари отланди.

“Ёрдам” Инсон ҳақлари ҳимояси ташкилоти раиси, “Мемориал” ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Темур Турсуновга Ўзбекистон ҳукумати қўяётган айбловлар бир томондан кулгили бўлсада, улар жиддий хавотирларни уйғотаётганини айтади.

- Унга ақлга сиғмайдиган айбловлар қўйилган. Яъни бошқа давлатга “агентлик” қилиш тўғрисидаги айблов аслида Россия ҳукуматига қаратилган-ку! Унга экстремизмда қўйилаётган айбловлар эса олдинроқ борган, қўлга олинган ва кейинчалик қамалган гражданлардан Темур Турсуновга қарши мажбурлаб олинган кўрсатмаларга қурилган. Темурга ҳам жисмоний, ҳам руҳий тазйиқлар бўлганини биламиз. Россияликка Ўзбекистон фуқароси сифатида айблов қўйилган, чунки акс ҳолда россияликни тергов қилиш катта муаммоларни терговга яратади! Айбловларда бошқа давлатларга жосуслик қилиш ҳам бор – у бўйича 10-дан 20 йилгача муддат берилади. Ўзбекистонда “экстремизм-терроризмга қарши кураш” йўлга қўйилди, унинг учун ишлаш керак: мусулмонлар қурбонликка қўй сўяди, булар эса мусулмонларни қурбон келтиряпти, деди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли Темур Турсунов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159, 160, 244-1 ва шунга ўхшаш “диний ва сиёсий” моддалар асосида жавобгарликка тортилаётганини билдирди.

Баҳром Ҳамроев аслида кировлик имом “Россия ҳудудида исломий фаолият юритганликда Ўзбекистон ҳукумати томонидан айбланаётгани”ни гапириб, Ўзбекистонда “шпиономания” авж олиб бораётганига эътибор қаратди.

Баҳром Ҳамроев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:49 0:00
Бевосита линк

Ҳозирда имом ТемурТурсунов ҳимоясига Кировда “Темур Турсуновни озод этиш қўмитаси” тузилди.

“Мемориал” ташкилоти номидан Россиянинг Ўзбекистондаги консулига ўзбек ҳибсхонасида ушлаб турилган Россия фуқароси масаласида махсус билдиришнома юборилди, элчихона вакиллиги бу ишни кузатувга олганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбадан олинган маълумотга кўра, яқин кунларда Россия фуқароси ҳимоясини россиялик адвокат ўз қўлига олиши кутилмоқда.

Темур Турсунов Киров шаҳридаги жоме масжидда имомлик қилган, вилоят муфтийси ёрдамчиси вазифасини эгаллаб келган. Наманганлик диндор Киров шаҳар Жоме масжидида "Дин асослари" фанидан таълим ҳам бериб келган, имом рус ва ўзбек тилидан ташқари озарбайжон, турк, араб, татар тилларини мукаммал билади.

XS
SM
MD
LG