Линклар

Ал-Қоидага қўшилиб ҳалок бўлган қирғизистонлик ўзбек ҳикояси


Ал-Қоиданинг "Оқ минорат" сайтида эълон қилинган суратда қизил доира билан белгиланган шахс қирғизистонлик Усмон экани айтилади.

Ал-Қоиданинг "Оқ минорат" сайтида эълон қилинган суратда қизил доира билан белгиланган шахс қирғизистонлик Усмон экани айтилади.

Ал-Қоиданинг Суриядаги бўлимининг русча медиа қаноти бўлмиш “Оқ минорат” гуруҳ учун жанг қилиб ҳалок бўлган қирғизистонлик ўзбек ҳикоясини эълон қилди. 24 ёшли Усмон Ал-Нусра фронти сафида жанг қилган ва Ҳалаб вилоятининг Аъзаз шаҳри яқинида АҚШ дастаклаётган жангарилар билан бўлиб ўтган тўқнашув пайтида ҳалок бўлган.

“Оқ минорат”га кўра, Усмон Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан бўлган. Усмон Сурияга боришга қарор қилишидан аввал ўз шаҳрида радикаллашган.

“Яқингача у МДҲлик кўп ёшларга ўхшаб оддий, жоҳил ҳаёт кечирган”, дейилади “Оқ минорат” ҳикоясида. “Илм-маърифатдан маҳрум” маъносини англатувчи “жоҳил” сўзини 1960 йилларда мисрлик радикал Сайид Қутб оммалаштириган. Қутбнинг асарлари Ал-Қоидага ўз таъсирини ўтказган.

“Оқ минорат” билдирувида Усмоннинг Исломга берилишига таниқли имом Абдували қори Мирзаев таълимоти роль ўйнагани айтиб ўтилади. 1995 йилда ғойиб бўлган Мирзаевнинг тарафдорлари имом Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганига ишонади.

Москвага сафар

Усмон Қирғизистонда радикаллашган. Аммо Сурияга бориш истаги унда Москвага борганидан кейин пайдо бўлган. Усмон Россияга муҳожиратга боргани эҳтимолдан холи эмас.

“У ерда у Суриядан келаётган янгиликларни, ким нима учун жанг қилаётганини, мужоҳидлар кимлигини, жиҳод нима эканлигини ҳар кун кузата бошлаган”, дейилади “Оқ минорат” ҳикоясида.

“Оқ минорат”га кўра, Усмон Нусра таркибига кирувчи Катиба Сайфуллоҳ хорижий жангарилар гуруҳи аъзолари билан алоқага чиққан. Катиба Сайфуллоҳга чечен асос солган бўлиб, ҳозирда унга ўзбек жангари етакчилик қилади. Гуруҳ аъзолари орасида ўрта осиёликлар кўплиги айтилади.

“Оқ минорат”нинг ёзишича, Усмон “яқин биродарларидан бири” батальон сафида жанг қилаётганини англаганидан кейин қатъий қарорга келган.

“Оқ минорат” Усмоннинг туғишган акаси эмас, яқин дўстини назарда тутган. Усмонинг дўсти у билан бир шаҳардан бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қирғизистон расмийлари Боткен вилоятидан 34 одам Сурияга кетганини маълум қилган эди.

Боткенга қайтиб

Сурияга кетишидан аввал Усмон Боткенга, ота-онаси олдига борган. Аммо уйдагиларига ўз режаси ҳақида лом-мим демаган.

“Ёшларни кўпинча аэропорт ва авиакассаларда қўлга олишади ва ота-онасини чақиртиришади”, дейилади “Оқ минорат” ҳикоясида. Ҳикояда ёзилишича, Усмон Москва орқали Истанбулга етиб олган.

Машқлар ва ўлими

Сурияда Усмон Туркия билан чегарага яқин ерда жойлашган лагерда машқлардан ўтган. Аммо уннинг “жиҳод қилиш” орзуси узоққа чўзилмаган: беш ойдан кейин ёш жангари илк жангидаёқ ҳалок бўлган.

“Оқ минорат” хабарида Усмон “АҚШлик тренерлар тайёрлаган америкалик қўғирчоқлар билан” бўлиб ўтган жангда ҳалок бўлгани айтилади.

Нусра матбуот қаноти АҚШлик тренерлар тайёрлаган суриялик исёнчилардан иборат 30-дивизияни назарда тутган. 30 июль куни Нусра 30-дивизияга ҳужум қилди. Август бошида Ал-Нусра жангарилари дивизияга яна ҳужум қилиб, дивизиянинг айрим аъзоларини асир олди, айримларини ўлдирди.

“Оқ минорат”га кўра, Усмон дрон ҳужумда ўлган. 30-дивизияга қилинган ҳужумга гувоҳ бўлган нидерландиялик жангарига кўра, Ал-Қоида гуруҳи ҳужум қилганидан кейин воқеа жойида дрон пайдо бўлган ва ҳарбий учоқларга координаталарни юборган. Жангарининг ёзишича, тез ўтмай амалга оширилган ҳаво ҳужумларида Нусранинг бир неча жангариси ҳалок бўлган.

“Камол жангари”

Суриядаги русча сўзлашувчи жангарилар орасида ҳалок бўлганларни олқишлаш удумга айланиб бормоқда.

Бундай мақтовлар „жиҳод“ ҳамда „шаҳидлик“ радикал ғояларига амалий мисол кўрсатиш орқали бошқалар учун ўрнак бўлишни кўзлайди.Бундай ташқари, улар биродари ўлгани учун ғам чекаётган жангарилар кўнглига таскин беради.

Усмоннинг ҳикоясида Сурияга боришни истаётган бўлажак жангариларга маслаҳат ҳам бор. Хусусан, ҳикояда бўлажак жангариларга Истанбулга ўз шаҳарларидан тўғридан-тўғри бормаслик кераклиги уқтирилади.

Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Жоанна Парасюк мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG