Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:04

Ўзбек-тожик чегарасида тожикистонлик тўрт чўпон ушланди


Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Бахмал тумани билан Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжакент тумани кесишган жойда 2700 бошдан зиёд қўй ва эчкилари билан тўрт тожикистонлик қўлга олинди. Тахминларга кўра, улар ўзлари билмаган ҳолда қўшни давлатга ўтиб кетган бўлишлари мумкин.

Панжакент тумани Амондара жамоати раиси Рустам Қаҳҳоров Озодликнинг тожик хизматига мазкур ҳодиса 23 август куни эрта тонгда содир бўлганини айтди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон чегарачилари якшанба куни 2776 бош қўй ва эчкини ҳайдаб бораётган тожикистонлик тўрт чўпонни қўлга олганлар. Воқеа айнан қандай содир бўлгани ҳақида тўла маълумот йўқ, бироқ тожик расмийлари 23 август кунги жала оқибатида пода қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Уларнинг тахминича, якшанба тонгида пичан ғарамида ухлаб ётган чўпонлар ўринларидан туриб, қўй-эчкилар тополмагач, пода ортидан чопганлар ва Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетганлар, пировардида ўша ерда ушланганлар.

Рустам Қаҳҳоров маълумотига кўра, ҳозир қўй-эчкилар Ўзбекистоннинг чегараолди қишлоқларидан бирида тутиб турилибди, бироқ чўпонлар қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Раиснинг айтишича, Панжакент туманининг Майкатта ва Ғарибак қишлоғида яшаб келган бу чўпонлар 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган йигитлардир. Хусусан, Раҳимжон Кўчаков 26 ёшда, Ғолиб Шодиев 25 ёшда, Ашраф Раззоқов 34 ёшда, Хурсандмурод Қаҳҳоров эса 29 ёшда.

Айтилишича, ҳозир тожик расмийлари уларни озод қилиш бўйича ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1990-йиллар охири 2000 йиллар бошида виза тартиби жорий қилинган, чегара бўйлаб тикансим тортилган. Бироқ, чегараолди ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, ўзбек-тожик чегарасида ҳеч қанақа белги қўйилмаган участкалар ҳам бор. Бу эса баъзан ҳар иккала давлат фуқароларининг билмаган ҳолда қўшни мамлакат ҳудудига ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Икки йил муқаддам Ўзбекистон чегарачилари чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик айблови билан панжакентлик 5 нафар чўпонни тутиб кетган. Панжакент туманининг Моғиён қишлоғидан бўлган Тўлибой Қурбонхўжаев, Рустам Ҳайдаров, Меҳриддин Шамсиддинов, Суҳроб Абдуллоев ва Довуд Ҳайдаров орадан бир ой ўтгач, қўйиб юборилган, бироқ ўшанда ўзбек чегарачилари томонидан ҳайдаб кетилган 2000 бошдан зиёд чорва ҳайвонлари қайтарилмагани айтилади.

XS
SM
MD
LG