Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:23

Сахарово маркази патент беришни осонлаштирди


Сахарово марказида ҳужжат қабул қилиш жараёни
Сахарово марказида ҳужжат қабул қилиш жараёни
Ҳозир Сахаровода бундай турнақатор навбатлар йўқ
Ҳозир Сахаровода бундай турнақатор навбатлар йўқ

Москвадаги Кўптармоқли миграция маркази меҳнат муҳожирларига патент бериш тизимини янада осонлаштирди.

Москва вилояти Троицк туманидаги Сахарово қишлоғи ёнида жойлашган Кўптармоқли миграция маркази янги форматда иш юритишни бошлади. Тармоқ расмийларининг Озодликка билдиришича, миграция марказида жорий қилинган янги автоматлаштирилган тизим муҳожирларни сарсон қилмасдан, кўплаб текширувларни уларнинг бевосита иштирокисиз бажаришга ўтди.

Ўзини Валерия деб таништирган Сахарово маркази ходимаси хориж фуқароси ишга рухсатнома расмийлаштириши учун икки маротаба марказга келиб-кетса бас, дейди.

- Мазкур янгилик шундан иборатки, эндиликда миграция марказига ҳужжатларни иккита “ойна” ёки зонага эмас, биттага топшириш керак. Шу сабабли, уларнинг уч маротаба келиб-кетиб овора бўлиши шарт эмас. Имтиҳон тестлари ва тиббий кўрик натижалари муҳожир иштирокисиз битта зонага ўтказилади. Бундан буён хорижликлар Кўптармоқли миграция марказига икки маротаба келади: биринчи маротаба ҳужжатларни ва имтиҳонларни топширишга, тиббий кўрикдан ўтишга, иккинчи маротаба эса – тайёр бўлган патентни олиб кетишга, деди Валерия.

Суҳбатдош Москвада қайдга туришга улгурмаган хориж фуқароси, ММЦ ҳудудида бир ойга бепул регистрация қоғозини расмийлаштириб олиши ҳам мумкинлигини билдирди.

Миграция идорасида Озодликка ишга рухсатнома олишга келган шахслар рус тили, тарихи ва қонунчилигидан тестлардан ўтиши, зарурий тиббий анализларни топшириши, тиббий суғурта полисларини сотиб олиш, нотариал ва таржимонлик хизматларидан фойдаланишлари ҳам мумкинлигини айтишди.

Шунингдек, ишга рухсатнома олиш истагида бўлганлар учун www.mc.mos.ru сайтида қўшимча онлайн сервислари ишга туширилди.

18 августдан бошлаб марказда ишга туширилган янги автоматлаштирилган тизим хизмат кўрсатилаётган муҳожирлар сонини кескин ошириш имконини ҳам бергани маълум бўлди.

Олинган расмий маълумотлардан, бугунги кунда Сахарово маркази кунига 4 минггача муҳожир ҳужжатини қабул қилади. Аммо марказ расмийлари янги инновация технологияси туфайли бу кўрсаткич қарийб икки баробарга кўтарилиб, кунига 7,5 минг одамни қабул қилиш имконияти пайдо бўлганини очиқлади.

Москва шаҳри Иқтисодий сиёсати ва тараққиёти департаменти раҳбари Максим Решетников 2015 йилнинг 12 январида ишга тушган Сахарово миграция марказида ўтган 7 ой давомида қилинган ишлар бўйича қуйидаги рақамларни келтирди:

- Жорий йилнинг 31 июлига қадар 320 минг ҳужжатлар тўплами қабул қилинди, 310 минг ишга рухсатнома аллақачон ФМС томонидан расмийлаштирилди, 300 минг мигрант эса аллақачон ҳужжатини қўлига олди, деди Максим Решетников.

Айни пайтда, олдинроқ шаҳар ҳоқими Сергей Собянин муҳожирларга патент бериш тизимидан Москва бюджетига тушаётган даромад 4 баробарга ошгани ва 4,7 миллиард рублни ташкил этганини маълум қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган кўплаб меҳнат муҳожирлари Сахарово миграция марказида патентларни расмийлаштириш илгаригига қараганда сезиларли даражада осонлаштирилгани ва турли “посредниклар” йўқолганидан мамнунлигини билдиришди.

Тошкент вилоятидан бўлган Бахтиёр Москва шаҳри ва вилоятидаги миграция марказлари патент бериш тизимини тартибга солганига шахсан гувоҳ бўлганини айтар экан, ишга рухсатнома олиш ва бошқа хизматлар ҳақи ошаётган бир пайтда Россияда муҳожирлар даромадлари пасайиб кетаётганига эътиборимизни қаратди.

- Албатта, Сахарово марказидаги ҳозирги тартиб қувонарли, илгарига ухшаб, тўда-тўда кечаю-кундуз ФМС эшиклари олдида пойлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, ҳар кимга пора бериб ишни бажаришнинг зарурати ҳам қолмади. Аммо, пул бўлса илгари ҳам ҳужжат расмийлаштириш муаммо эмас эди. Гап бу ерда бошқа нарсада: одамларда шу хизматларни тўлашга қурби етмаяпти, даромадлар кескин тушиб кетган. Нархлар ошаяпти, ойликлар эса ўзгаргани йўқ, деди Бахтиёр.

XS
SM
MD
LG