Линклар

Ўзбекистон президенти 26 августда иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги навбатдаги, анъанага айланиб қолган фармонини имзолади.

Сўнгги йилларда йилига камида бир марта имзоланаётган бундай фармонни баъзи иқтисодчилар инфляцияни қоплаш учун иш ҳақларини индексациялаш деса, бошқалари бу фикрга қўшилмай, шунчаки пропагандистик тадбир, деган фикрни билдирди.

Ҳужжатга биноан, 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баравар, яъни 10 фоизга ошади.

Натижада, 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи – ойига 130 240 сўм, ёшга доир пенсиялар – ойига 254 730 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 254 730 сўм бўлади.

Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 156 310 сўм миқдорида белгиланди.

Ўзбекистон президенти иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини сўнгги бор 2014 йилнинг 21 ноябрдаги фармони билан ўша йил 15 декабридан 10 фоизга оширган эди.

Бу фармонгача:

2014 йил, 31 июлда;

2013 йил, 2 декабрда;

2013 йил 11 июлда;

2012 йил 9 ноябрда имзолаган фармонлари билан ҳам иш ҳақини 10 – 15 фоизданга ишириб келган.

Ислом Каримов имзолайдиган фармонлар муқаддимасида ҳар гал мазкур ҳужжат “Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида” имзолангани айтилади.

Ҳар гал шу мавзу кўтарилганда ўзбекистонликлар президент ошираётган иш ҳақлари ўсиб кетган нархларни қувиб етолмаётганидан зорланади.

Бас шундай экан, бир йилда камида бир марта иш ҳақининг оширилишидан мақсад, президент айтаётганидай, “фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш”ми ёки шунчаки иш ҳақларини индексациялашми?

Бу саволга иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев бугунги OzodNazarда “Ҳа, индексациялаш”, деб жавоб берди.

Бироқ тошкентлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаровнинг фикрича, иш ҳақининг оширилишига оид фармонларнинг индексациялашга алоқаси йўқ.

- Лўнда қилиб айтганда бу индексация эмас. Чунки, индексация – реал нархларнинг ўсишига қараб, иш ҳақларини ўша нархларни қоплайдиган даражада ошириш деганидир. Ўзбекистон шароитида эса, бу бир пропагандистик тадбир холос, деди Ғолиббек Холназаров.

1 сентябрдан иш ҳақлари ва пенсияларга қўшилаётган 10 фоиз инфляцияни қоплай олмаслигига Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа бир ҳужжати ҳам далилдир.

Ўзбекистон Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 18 август куни қабул қилган қарорга биноан Ўзбекистонда контракт асосида ўқиш ҳақи 1 сентябрдан 15 фоизга оширилди.

XS
SM
MD
LG