Линклар

Рад этилган миш-миш, қарзга ботган Сардор Раҳимхон


Сардор Раҳимхон икки қуённи ушлайман деб чув тушганини айтди.

Сардор Раҳимхон икки қуённи ушлайман деб чув тушганини айтди.

Байрам арафасида бензин тақчиллашиши ҳақидаги овоза рад этилди. Наманганда ногирондан пора олган шифокор қўлга тушди. Бухорода ерни кўллатиб суғорган фермерлар жазоланди. Жорий ҳафтада Ўзбекистон маҳаллий матбуоти шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Вазир ўринбосари: Мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғиш тақиқланди”

Мактаб ва боғчаларда турли сабаблар билан ота-оналардан пул йиғиш қатъиян тақиқланади (“Адолат кўзгуси”, 27 август).

Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг ўринбосари Д.Кенжаев ўқув йили бошланиши арафасида эслатиб ўтди. Қайд этилишича, мактаб ва боғчаларда ота-оналардан пул йиғиш ҳолати рўй берса, Васийлик кенгашига мурожаат қилиш лозим.

Вазир ўринбосарига кўра, мазкур масала халқ таълими бўлимида муҳокама этилиб, айбдорлар жавобгарликка тортилади.

“Байрам арафасида бензин бўлмаслиги ҳақидаги миш-миш рад этилди”

Ўзбекистондаги АЁҚШларда мустақиллик байрами арафасида бензин бўлмаслиги ҳақидаги миш-миш асоссиз (“Оила даврасида”, 27 август).

Бу ҳақда “Ўзнефтмаҳсулот” компанияси баёнот берди. Ўзбекистондаги нефть ва нефть маҳсулотлари соҳасига масъул бўлган ширкат яқин келажакда автобензин нархининг ошиши кутилмаётганини ҳам маълум қилган.

“Бухорода ерни кўллатиб суғорган фермерлар жазоланди”

Бухоро вилоятида сувдан ўзибўларчилик билан фойдаланган фермерлар жазоланди (“Ҳуқуқ”, 27 август).

Масалан, “Абдулазиз Омад файз”, “Бойқозон” сингари 10 дан ошиқ фермер хўжаликлари ғўза майдонларини кўллатиб суғоргани, сувдан хўжасизларча фойдалангани учун жавобгарликка тортилган.

“Иқлим ўзгариб, сув танқислиги кузатилаётган бир пайтда оби ҳаётни исроф қилиш ҳам увол ҳисобланади” деб ёзади Бухоро вилояти прокуратураси вакили Мэлс Раҳмонов.

Текширишлар чоғи ғўза майдонларини суғориш учун етказиб берилган сувнинг 54 фоизигина белгиланган ерларга етиб боргани аниқланган.

“Хонанда Сардор Раҳимхон бизнес қиламан деб чув тушди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон қарзга ботган ва уч йил давомида ижодий танаффус қилишга мажбур бўлган (“Даракчи”, 27 август).

Бу ҳақда хонанданинг ўзи шоу бизнес нашрига интервьюсида маълум қилган.

“Тўғри, бизнес қилмоқчи бўлиб, пул тикдим-у, қарзга ботиб чув тушиб қолдим. Ўшанда икки қуённинг ортидан қувиб, иккисидан ҳам қуруқ қолгандан битта ишни мукаммал бажаришим кераклигини тушундим” деган у.

Мазкур ҳолатга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

“Гуллаган вақтимда омадим, давлатимни атрофдагиларга бўлишганимдан афсусланаман. Чунки мушкул вақтларда улардан муносиб жавоб ололмадим” дея таассуф билдирган С.Раҳимхон.

“Андижонлик косиб “Жасорат” медали билан тақдирланди

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги пойабзал таъмирловчи уста Қобилжон Исроилов Ўзбекистон Республикасининг “Жасорат” медали билан тақдирланди (“Ўзбекистон овози”, 27 август).

Ўзбекистон Президенти жорий йил 26 август куни имзолаган фармонга кўра, давлат хизматчилари ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳа вакилларидан бир гуруҳига унвон, орден ва медаллар берилган.

Мазкур фармонга мувофиқ, андижонлик Қ.Исроилов билан бирга яна икки нафар косиб “Жасорат” медали билан тақдирланган.

“Наманганда ногирондан пора олган шифокор қўлга олинди”

Наманган тумани марказий поликлиникаси болалар врачи ногирон қизнинг онасидан пора олаётганда ушланди (“Диёнат”, 27 август).

Бемор болаларга ногиронлик бериш учун исми ошкор этилмаган шифокорнинг тавсияси талаб этилган. Шифокор мазкур тавсия эвазига ақлий ва жисмоний заифлик ташхиси билан ҳисобда турган мажруҳ қизнинг онасидан 200 доллар пора талаб қилган.

Ногирон қизнинг онаси эса милицияга шикоят қилган ва тамагир шифокор жиноят устида ушланган.

“Қозоғистондан юк автомобили олиб кирган акциз солиғи тўламайди”

Ўзбекистонда 2015 йил 1 сентябрдан Қозоғистонда ишлаб чиқарилган юк автомобилларига акциз солиғи бекор қилинди.

Қатор матбуот нашрлари хабарига кўра, Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 13 августидаги ташқи иқтисодий фаолиятга дахлдор қарорида Қозоғистонда ишлаб чиқарилган янги транспорт воситалари акциз маркасиз олиб кириладиган маҳсулотлар рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG