Линклар

Қирғизистон президенти Америкага сафарини бекор қилди


Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев АҚШга сентябрь ойида режалаштирилган сафарини бекор қилди. Президент матбуот котиби Алмаз Усенов 27 август куни Озодлик радиосига 4 октябрга белгиланган парламент сайловлари президент сафари қолдирилганига сабаб бўлганини билдирди.

Атамбаев 2011 йил декабрида президент ваколатига киришганидан бери бирор марта Қўшма Штатларга расмий ташриф билан бормаган. Мухолифатчи депутат Равшанбек Жеенбеков президент Россияни ранжитишдан қўрқиб, Вашингтонга сафарини қолдирди, дея танқид қилди.

Москва билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар Россия ўтган йил март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан таранглашган. Қирғизистон Россиянинг яқин иттифоқчиларидан бири саналади. Шу ой бошроғида Бишкек Москва етакчилигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилган эди.

Ўтган ойда эса, Қирғизистон ҳукумати Қўшма Штатлар билан имзоланган ҳамкорлик келишувини бир томонлама равишда бекор қилган эди. Вашингтон келишувнинг бекор қилиниши АҚШнинг Қирғизистонга берадиган ёрдамини шубҳа остига қўяди, дея огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG