Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолияти тўхтатилди


Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Душанбедаги идораси
Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Душанбедаги идораси

Тожикистон Адлия вазирлиги Ислом Уйғониш партияси фаолияти тўхтатилишини эълон қилди. Вазирлик эълон қилган расмий баёнотда исломий партияни ғайриқонуний фаолият юритаётганликда айблаган. Партия аъзолари ҳукуматнинг бу қароридан қатъий норози эканликларини айтмоқдалар.

Тожикистон Адлия вазирлиги Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) фаолияти тўхтатилганини 28 август куни тарқатган расмий баёнотида эълон қилди. Худди шу куннинг ўзида Адлия вазирлиги ТИУПга ғайриқонуний фаолиятини дарҳол тўхтатиш ҳақида билдириш юборган.

Тожикистон Адлия вазири ўринбосари Ҳаким Мирсайзод имзолаган бу ҳужжат 28 август куни “Ховар” ахборот агентлигида нашр этилди.

Ҳужжатда айтилишича, “Сиёсий партиялар ҳақида”ги Қонуннинг 3-моддасига биноан сиёсий партия республиканинг аксарият туманларида ўзининг бошланғич ташкилотларига эга бўлиши шарт:

“Адлия вазирлигига тушган маълумотларга кўра, ТИУП бошланғич ташкилотлари республиканинг 58та шаҳар ва туманларида ўз фаолиятини тўхтатган. Шунинг учун ҳам ТИУП ўзини умумреспублика партияси сифатида тақдим қила олмайди ва қурултой ўтказа олмайди”, дейилади ҳужжатда.

ТИУП раиси Муҳиддин Кабирий бу воқеага ўз муносабатини билдирар экан, бу мавзу партиянинг юқори сиёсий кенгашида зудлик билан муҳокама қилиниши ва хулосалар йиғилишдан сўнг эълон қилинишини Озодликка айтди.

ТИУПнинг биринчи ўринбосари Саидумар Ҳусайний 28 август куни Адлия вазирлигининг расмий билдиришини олганини тасдиқлади:

“Бу баёнот ТИУПнинг фаолиятини бутунлай тақиқлашга таҳдид, лекин фақат Олий суд партия фаолиятини тақиқлаш ҳуқуқига эга. Биз ҳукумат томонидан бўлаётган баёнотлардан, таҳдидлардан ва таъқиблардан чарчадик. Бизга қарши ҳукуматнинг асл мақсади нима эканлигини ва улар нима хоҳлаётганини билмаймиз”, деди Саидумар Ҳусайний.

Бундан аввал ҳукумат партия идорасининг биносини муҳрлаб ташлаган ва бунга бинонинг собиқ ва янги эгалари ўртасидаги жанжални сабаб қилиб кўрсатган эди.

ТИУП бир кун олдин Душнабеда матбуот анжумани ўтказган эди.

ТИУПнинг матбуот анжумани аввал “Шератон” меҳмонхонасида ўтказилиши режаланган эди. Бироқ, анжуман бошланишидан беш минут олдин меҳмонхона маъмурияти бу тадбирни бекор қилди ва анжуман партия раҳбарларидан бирининг уйида ўтказилди.

ТИУПнинг биринчи ўринбосари Саидумар Ҳусайний партия раҳбарияти айни пайтда 15-сентябрда ўтказиши мўлжалланган партия қурултойига тайёргарлик бораётганини Озодлик радиосига айтди.

“Ҳукумат ана шу қурултойни ўтказишимизга тиш-тирноғи билан қаршилик қиляпти. Қурултой кун тартибидаги муҳим масалалардан бири партия янги раҳбариятини сайлашдир”, деди Ҳусайний.

Саидумар Ҳусайнийнинг айтишича, ҳокимият органлари ТИУП фаолиятидан қусур топиш учун махсус текширувлар ўтказмоқда, бироқ улар ҳеч қандай ноқонуний фаолиятни аниқлагани йўқ.

“ТИУП мамлакат қонунчилиги асосида иш кўради”, деди Ҳусайний.

Сўнгги йилларда гўёки ТИУП нинг аъзолари бўлган шахсларнинг ношаръий ишлари ёзиб олинган бир қанча видеолавҳалар марказий телевидениедан намойиш этилди, муллаларнинг шаҳвоний ҳаракатлари акс этган лаҳзалар ижтимоий тармоқларда тарқатилди.

Тожикистон ҳукумати назоратида бўлган ОАВи сўнгги ойларда фуқароларнинг ТИУПга шикоятларини чоп этиб келмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишларича, буларнинг ҳаммаси ТИУПни ёпиш учун тайёргарлик босқичи бўлган.

ТИУП Тожикистондаги обрўли мухолиф партиялардан бири ҳисобланади. Жорий йилдаги парламент сайловида ТИУП парламентдан жой ололмади. Бундан аввалги сайловда эса ТИУПнинг парламентда икки вакили бор эди.

Ҳукумат ТИУП аҳоли орасида ўз мавқеи ва обрўсини йўқотиб бораётганини иддао қилади. Бироқ, партия аъзолари ҳукуматни атайин уларни ёмонотлиқ қилаётганликда айблайди.

Тожикистон Адлия вазирлиги одамларнинг ўз хоҳишлари билан партия аъзолигидан чиққани ва бошланғич ташкилотларнинг тугатилгани ҳақида ўнлаб аризалар олганини айтади.

Бироқ, ТИУП раҳбарияти бу аризалар босим остида ёзиб олинганини иддао қилади.

Жорий йилнинг март ойида Тожикистондан чиқиб кетган ТИУП раиси Муҳиддин Кабирий, хорижда бир қанча конференциялар ўтказганидан сўнг қайтиши ҳақида айтган эди. Бироқ партия сиёсий кенгашининг бир қанча вакиллари раис Тожикистонга қайтганидан сўнг жисмонан йўқ қилиниши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирувидан сўнг, у вақтинча хорижда қолаётган эди.

Муҳиддин Кабирий 2006 йилда Сайид Абдулло Нурининг вафотидан кейин партияни бошқариб келмоқда.

ТИУП собиқ СССР тугаганидан сўнг 1991 йилнинг кузида ташкил топган эди.

Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида, 1993 йилда партия фаолияти тақиқланди.

1997 йилги ҳукумат ва мухолифат ярашуви келишувига биноан 1999 йилда ҳукумат яна ТИУП фаолиятига рухсат берган эди.

XS
SM
MD
LG