Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:54

Мустақиллик арафасида овчилардан ов милтиқлари тортиб олинди


Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида ангренлик овчиларга милтиқларини зудлик билан шаҳар милиция бўлимига вақтинча топшириб туриш буюрилган.

Шаҳар Ички ички ишлар бошқармаси расмийлари ўз ихтиёри билан вақтида топширмаган овчилардан қуроллари тортиб олиниши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ихтиёрий равишда топиширилган қуроллар эгаларига 5 сентябрь куни қайтариб берилиши айтилган.

Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича, айни ов мавсумида қуролларнинг тортиб олиниши овчиларни ҳафсаласини пир қилган.

- Овчилар ва ов қуроли бор шахсларга қуролларини бир ойга, айнан Мустақиллик байрами ўтадиган пайтда топшириб туриш буюрилган. Қуролларни аҳволи ва рақамларини текшириш бунга расмий сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Ўзбекистонда 15 августдан ов мавсуми бошланган. Текширишларни ов қилинмайдиган маҳал, қуроллари уйида ётган пайтда қилишлари мумкин эди-ку. Аслида бу ерда бошқа сабаб бор, буни ҳаммаси кутилаётган Мустақиллик байрами билан боғлиқ. Ҳозир овчилар учун ов мавсумининг 20 куни бекор ўтиб кетади. Бизда Ўзбекистонда ов мавсуми шундоқ ҳам жуда қисқа даврни ўз ичига олади, - дейди Тихонов.

Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбалари овчилардан қуроллари вақтинча тортиб олиниши Мустақиллик байрами доирасида кўрилаётган хавфсизлик чораларининг бир қисми эканини тасдиқлашди.

Бир неча ой аввал Тошкент вилоятининг бир қанча тумани, шунингдек, Ангрен шаҳрида ҳам араб тилида портлатиш таҳдидлари ёзилган варақалар топилгани тўғрисида хабар қилинган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ов қуролларининг террорчилар қўлига тушиб қолиши эҳтимоли борасида ҳам хавотирлар борлигини айтмоқдалар. Айни пайтда ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов бу хавотирлар ўринсиз эканини айтади.

- Биласизми, террорчини қўлида ов милтиғи билан тасаввур қилиш қийин. Ов милтиқларининг техник имкониятлари чекланган. Ов милтиғи жанговар қурол ўрнини босолмайди. Жанговар қуролларни эса жиноий гуруҳ орасидан қўлга киритиш осонроқ, деб ўйлайман. Модомики милиция қуролларни назорат остига олмоқчи экан, овчиларни эмас? жиноий гуруҳлар эгалик қилаётган жанговар қуролларга эътиборни кўпроқ қаратиши керак. Менимча, айни ов мавсумида овчилардан қуроллари тортиб олиниши жуда ортиқча, мантиқсиз тадбир, - дейди Дмитрий Тихонов.

Ўқотар қуролларнинг идора ва муассасаларда сақланишини маромловчи қоида Ўзбекистонда август бошидан кучга кирган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг июлда эълон қилинган 2700-сонли буйруғи билан ташкилотлар балансидаги ўқотар қуроллар, шунингдек, спорт тўппончалари ҳам бино ичига ўрнатилган махсус темир сандиқларда сақланиши лозим.

Озодлик манбаларининг айтишича, айни қоидага мувофиқ шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб ов милтиғига расман эга бўлган фуқаролар қайтадан назорат остига олинган.

Бунинг баробарида хонадонларида изнсиз қурол сақлаëтганларни “фош қилиш” бўйича рейдлар ҳам ўтказилмоқда.

XS
SM
MD
LG