Линклар

logo-print

"Муқобил Ўзбекистон" ҳукуматни йўқолганлар бўйича ҳисобот беришга чақирди


Таниқли имом Абдували Мирзаев 20 йил муқаддам Тошкент аэропортида ғойиб бўлганди

Таниқли имом Абдували Мирзаев 20 йил муқаддам Тошкент аэропортида ғойиб бўлганди

Amnesty International ташкилотига кўра, ўз танқидчилари овозини ўчириш мақсадида дунёнинг барча минтақаларида ҳукуматлар томонидан “мажбурий ғойиб бўлиш” услуби қўлланилмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг бундай баёноти 30 август – Йўқолганлар Халқаро Кунида янгради.

Айни пайтда расмий Тошкентга мухолифатда бўлган "Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи халқаро ҳамжамиятни йўқолганлар бўйича ҳисобот бериш талаби билан ўзбек ҳукуматига босим ўтказишга чақирди.

БМТ Бош Ассамблеяси 2011 йилда 30 августни Зўрлик остида ва ғайриихтиёрий ғойиб бўлганлар куни дея эълон қилганди.

Amnesty International ҳозирда ғойиб бўлган беш юздан зиёд ишни кўриб чиқаётганини билдирган.

“Дунёнинг барча минтақаларидаги ҳукуматлар – Суриядан Мексикага, Шри Ланкадан Гамбияга қадар – юзлаб, балки минглаб одамларни махфий қамоқхоналарда сақлаётган бўлиши мумкин. Кўплаб мамлакатларда расмийлар ўз қариндошларини қидираётганларни таъқиб ва қўрқитишда давом этмоқда. Ҳақиқат учун кураш тўхтамаслиги керак,” дейди Amnesty International Бош Котиби Салил Шетти.

Amnesty International манбаларига кўра, Сурияда 2011-2015 йиллар ичида 85 мингга яқин одам ғойиб бўлган.

Фуқаролар урушига саҳна бўлаётган бу мамлакатда нафақат сиёсий оппонентлар, ҳуқуқбонлар ва фаоллар, балки оддий фуқаролар ҳам изсиз йўқолмоқда, деди ташкилот.

Расмий рақамларга кўра, Мексикада охирги 8 йил ичида 25 мингга яқин одам бедарак кетган.

Шри Ланкада эса Тамил Йўлбарслари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида 2009 йилга қадар давом этган жангларда минглаб одам ғойиб бўлган.

Ташиклот Босния-Герцоговинада 1990 йилларда бўлиб ўтган можарода 8 мингдан зиёд одам йўқолганини билдирди.

Шаффофликка чақириқ

Халқаро ҳамжамият ва Ўзбекистон шериклари ўзбек ҳукуматини мажбуран зўравонлик остида ғойиб бўлганлар тақдири борасида ҳисобот бериш ва шаффоф бўлишга чақириши лозим.

Мухолифатдаги “Муқобил Ўзбекистон” гуруҳи Йўқолганлар Халқаро Кунида ана шундай талаб билан чиқди.

Зўрлик билан ғойиб бўлганларга алоқадор шахслар аниқланиб, жазога тортилиши ва қурбонлар ўз яқинларига дарҳол қайтарилиши лозим” дейилади гуруҳ баёнотида.

Гуруҳ мувофиқлаштириш кенгаши чиқарган баёнотга кўра, гуруҳ бир ой давомида Ўзбекистонда бедарак кетганлар рўйхатини тузиш кампаниясини олиб борди.

“Муқобил Ўзбекистон” ушбу кампания пайтида 20 дан зиёд ҳолат аниқланганини билдирди.

Озодлик бу ҳақда аввалроқ хабар таркатганди.

XS
SM
MD
LG