Линклар

Мустақиллик байрами боис Тошкент марказида автомобил йўллари тўсилди


Тошкентдаги Амир Темур хиёбони

Тошкентдаги Амир Темур хиёбони

Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида пойтахт Тошкентнинг марказий йўлларида автомобиль қатнови деярли тўхтатилди, шаҳарга кириш нуқталарида назорат кучайтирилди. Мазкур чоралар байрам муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимининг 28 августда эълон қилган фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозимининг Озодликка маълум қилишича, 152-ф рақамли фармойишга кўра, пойтахтда байрам тантаналарини ўтказиш вақтида йўлларда “барча турдаги транспорт воситалари ҳаракати чекланиши белгиланган”.

Озодлик билан суҳбатлашган пойтахтликларга кўра, 31 августда кун бўйи шаҳар марказида жойлашган Алишер Навоий майдони атрофидаги йўлларда ҳаракат сийраклашган.

Улар шаҳарнинг барча марказий шоҳкўчалари, жумладан Ўзбекистон, Бешёғоч, Самарқанд дарвозаси, Бунёдкор, Олмазор, Себзор, Қоратош ва Зарқайнар кўчаларида транспорт ҳаракати кескин озайганини айтади.

Тошкентликларнинг маълум қилишича, 31 август куни куни соат 15.00 да “Миллий боғ” ва “Бунёдкор” метро бекатларининг Истиқлол санъат саройи жойлашган томони беркитилган.

Шаҳар ҳокимияти мулозими метро бекати тунги соат 11гача вақтинчалик ёпиб қўйилганини билдирди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими фармойишига мувофиқ, 1 сентябрда байрам тадбирлари ўтказиладиган Марказий зобитлар уйи, ҳайвонот боғи, давлат цирки ва пойтахтдаги барча йирик маданият ва истироҳат боғларига туташ кўчаларда “халқ сайллари вақтида вазиятга қараб транспорт воситалари қатнови вақтинча чекланиши мумкин”.

Байрам арафасида

Исми ошкор этилишини истамаган Тошкентликлардан бири Озодликка шаҳар ҳувиллаб қолганини айтди.

“Шаҳар ҳувиллаб қолганга ўхшайди. Ҳозир Хадра майдонида турибман. Машиналар қатнови умуман йўқ десак ҳам бўлади. Бу ерда ҳар куни машиналар тиқилиб кетарди. Байрам кайфияти умуман сезилмайди. Нархлар қимматлаган. Нон шу йил бошидан буён 40 фойизга қимматлади. Обинон нархи 800 сўмга чиқди. Кўнгилга байрам сиғармиди”, дейди у.

Аммо, бошқа бир пойтахтлик “кайфияти байрамона” эканини айтади:

“Байрамона кайфият бор. Сўнгги йиллар ичида байрам кунлари паркларга оилавий чиқиш урф бўлди. Бутун истироҳат боғларида қўшимча болаларга имтиёзлар берилади. Бугун ва эрта дам олиш кунлари бўлгани кайфиятимиз аъло. Ойлавий сайрга чиқамиз.”

Яна бир манба шаҳарга кираверишда аксар транспорт воситалари текширилаётганини билдирди.

“Кеча Бўка шаҳрига боргандим. Тошкентга Қўйлиқ орқали кириб келдим. Милиция ҳамма машиналарни бирма-бир багажларигача очиб, ҳужжатларни текшириб, кейин ўтказиб юбораяпти. Байрамдан олдин шундай қилишаяпти экан,” деди суҳбатдош.

Озодлик манбаларига кўра, айни тадбир шаҳарнинг барча кириш нуқталарида йўлга қўйилган.

Тошкентлик такси ҳайдовчисининг айтишича, шаҳар ичида машиналарни тўхтатиб, ҳужжатларни текшириш кучайган.

“Бугун тушлик пайти шаҳар марказига одам ташидим. Ишонасизми, Ўзбекистон кўчасида ҳар ўн метрда биттадан милиция ходими турибди. Бунақасини олдин кўрмагандим. Текшир текширлар кучайган. Катта-катта юк машиналарини бурилишларга қўйиб ташлашибди. Шунга ишни бугун эртароқ тугатдим. Байрам ўтиб олсин, кейин бир гап бўлар,” дейди такси ҳайдовчиси.

Мустақиллик байрами арафасида, кузатувчиларга кўра, пойтахт аэропорти, темир йўл вокзаллари, автобус станциялари, бозорлар ва бошқа жамоат жойларида ҳам назорат кучайтирилган.

XS
SM
MD
LG