Линклар

Украина парламенти биноси олдида портлаш. Камида 1 киши халок бўлди


Украина Ички ишлар вазири тўқнашув пайтида 90дан ошиқ хавфсизлик кучлари жароҳатланганини билдирди.

Украина Ички ишлар вазири тўқнашув пайтида 90дан ошиқ хавфсизлик кучлари жароҳатланганини билдирди.

Украина парламенти олдида 31 август куни намойиш пайтида рўй берган портлаш оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди. Президентнинг шарқий минтақаларга қўшимча мухторият беришга оид қонун лойиҳасига норозилик билдирган намойишчилар хавфсизлик кучларига қарата граната отишди.

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков намойиш пайтида ирғитилган қўл гранатаси портлаши оқибатида Миллий гвардиянинг бир аскари ҳалок бўлганини билдирди. Унинг айтишича, намойишчилар билан тўқнашув пайтида 90дан ошиқ хавфсизлик кучлари жароҳатланганини билдирди.

Ундан аввалроқ парламент биноси олдидаги намойиш пайтида рўй берган портлаш оқибатида 4 нафар аскар “ҳаёт учун хавфли” жароҳат олгани хабар қилинган эди.

Киев ҳокими Виталий Кличко портлаш оқибатида Миллий гвардиянинг “айрим” аскарлари ҳалок бўлганини таъкидлади, лекин ҳалок бўлганлар сонини аниқлаштирмади.

Миллий гвардия матбуот хизматининг маълум қилишича, портлаш натижасида ўнлаб намойишчи ҳам жароҳатланган.

Би-Би-Си мухбири учта швоқинли граната портлаши ортидан яна бир қаттиқ портлашни эшитганини айтмоқда.

Воқеа жойидан олинган видеода портлашдан кейин ўнлаб хавфсизлик кучлари оқсаб ортга чекинаётганини кўриш мумкин. Видеода фуқаролик кийимидаги бир зобитнинг ерга йиқилгани ва уни судраб кетишаётгани ҳам акс этган.

​Бошқа видеода портлаш рўй берган жойда қон излари ва икки аскарни судраб олиб кетишаётганини кўриш мумкин.

Киев полициясига кўра, граната отганликда гумонланган шахс ва яна 30га яқин намойишчи қўлга олинган.

Аввалроқ берилган хабарларда полиция намойишчиларни тарқатиш учун резина тўқмоқлар ва қалампирли суюқликни ишга солганини айтилган эди. Намойиш пайтида тутунли гранаталар ҳам ишлатилди, лекин бу гранаталарни полиция отганми ё намойишчиларми ҳозирча ноаниқ қолмоқда.

Намойишчилар Украина Президенти Петро Порошенконинг мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган минтақаларга қўшимча мухторият бериш тўғрисидаги парламентга киритган қонун лойиҳасига норозилик билдираётган эди.

31 август кунги сессияда қатнашган 368 депутатдан 265 нафари Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим қисмларида ўзини ўзи бошқариш ваколатлари алоҳида қонун билан белгиланишини ўз ичига олувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонун лойиҳаси Украина Президенти Петро Порошенко томонидан февраль ойида Минскда қабул қилинган сулҳ битими шартларига биноан парламентга киритилган эди.

Парламентнинг келгуси сессиясида конституциявий ўзгартишларнинг қабул қилиниши учун камида 300 депутатнинг овоз керак бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG