Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:53

Марказий Осиёда иқтисодий бўҳрон бошланди


2014 йилда нефть нархининг тушиши ва Россия иқтисодининг сусталашиши Марказий Осиё мамлакатларида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманисон ва Ўзбекистонда – иқтисодий қийинчиликларга олиб келиши аниқ эди.

Брюс Пэнниер

Россия бўҳронининг таъсири бу беш мамлакатнинг иқтисодида аста-секин кўриниш бера бошлади. Қозоғистоннинг ўз валютасини девальвация қилиш қарори ва Хитой иқтисодидаги кутилмаган таназзул ҳудудда кўпчиликни хавотирга солиб келаётган оғир кунлар бошланганидан дарак беради.

Озодликнинг туркман хизмати ҳозирги вазиятни таҳлил қилиш, бу ҳолат қай даражада ёмонлашиши ва қанча давом этиши ҳамда буларнинг барчаси Марказий Осиёдаги тузумларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини муҳокама қилиш учун давра суҳбати уюштирди.

Озодлик радиоси туркман хизмати директори Муҳаммад Тоҳир давра суҳбатига етакчилик қилди. Суҳбатда яна Глазго университетининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси доктор Лука Анчеши, Conway Bulletin мустақил газетаси бош муҳарири ўринбосари ва таҳлилчи Паоло Сорбелло иштирок этди. Мен ҳам ўз қарашларим билан бўлишдим.

Анчеши вазиятни қуйидагича таърифлаб берди: “Менимча бу Марказий Осиё учун оғир вазият, сабаби ўтган йили рубль кризисга учради. Бу албатта Қозоғистон ва Туркманистон иқтисодига ўз таъсирини кўрсатди. Лекин бу таъсир Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда айниқса катта бўлди, чунки бу мамлакатларнинг жуда кўп фуқароси Россияга бориб ишлайди. Россиядаги молиявий, валюта кризиси бу мамлакатлардаги ҳақиқий иқтисодга салбий таъсир қилди, чунки муҳожирлар уйга аввалгидан оз миқдорда пул юбора бошлади. Бу йил бўлса кризис хом ашё ишлаб чиқарувчиларга таъсир қилди”.

Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиёда ҳеч ким бўҳрон таъсиридан қочиб қутула олмайди.

Давра суҳбати иштирокчилари август ойида содир бўлган ҳодисалар Қозоғистон ва Туркманистон ҳукумати янги вазиятга тайёр эмаслигини кўрсатишини айтишди.
Сорбелло Қозоғистонда расмийлар “режалаштирилган лойиҳалар сабаб бўҳрон бўлишини кутмаган эди”, деди. 2014 йил президент Нурсултон Назарбоев йирик “Нурли йўл” иқтисодий дастурини таъсис қилган эди.

Туркманистон ҳам бир неча миллиард доллар қийматидаги улкан лойиҳаларни амалга ошираётган эди. Булар орасида Туркманбоши шаҳридаги Каспий денгизи портидаги иншоотларни 2017 йилда Туркманистонда бўлиб ўтадиган Бешинчи Осиё ўйинларига қадар янгилаш лойиҳаси ҳам бор. Аммо Туркманистонинг асосий ва деярли ягона экспорти бўлмиш табиий газнинг нархи икки йил аввалги нархнинг атиги 30 фоизига тушиб қолгани сабаб мамлакат бундай ҳашаматли лойиҳаларни қандай молиялаштира олиши ҳозирча номаълум.

Иқтисодий вазият ҳали-бери ўзгармайди. Эроннинг дунё нефть ва газ бозорига қайтиб қўшилиши кутилмоқда. Бу бўлса нефть ва газ нархи камида яна ўн йил арзонлигича қолади дегани. Нефтли сланецни ҳам унутмаслигимиз керак.

Ҳисобларга кўра, ушбу янги энергия манбасини ишлаб чиқаришда зиёнсизлик нуқтаси бир баррель учун 60 долларни ташкил қилади. Яъни, агар нефтнинг нархи бу кўрсаткичдан ошса, сланецдан нефть ишлаб чиқариш кўлами ҳам ошади.
Кейинги йилларда Хитой Марказий Осиёнинг “марказий банкчи”сига айланган.

Мамлакат ҳудуддаги қувур ва транспорт инфратузилмаларини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга йирик сармоя ётқизиб келади. Бундан ташқари, Хитой Қозоғистон нефти ва Туркманистон газининг муҳим харидорига айланган.

Марказия Осиё мамлакатлари Хитойга тобе бўлиб қолган, уларнинг Хитойдан қарзи бўлса жуда катта. Аммо яқин келажакда Хитой Марказий Осиёда саноқли йирик лойиҳаларга сармоя ётқизади холос.

Муҳожирлар юборадиган пулга қарам бўлган мамлакатлар Россия ёки Қозоғистон иқтисоди келаётган йилларда яхшиланишига умид қилиши учун асос оз. Бу бўлса қўшалоқ муаммо туғдиради, сабаби четдан келаётган пул миқдорининг озайишидан ташқари, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга муҳожирлар қайта бошлайди. Улар учун уйда иш топиш бўлса осон кечмайди.

Юқоридаги мулоҳазалар давра суҳбати иштирокчиларини яна бошқа, янада муҳимроқ мавзуга етаклади. Бу мавзу иқтисодий бўҳроннинг Марказий Осиёдаги тузумларга қиладиган зиёнидир. Сорбелло айтиб ўтганидек, бир неча ҳафта аввал керакли иншоотларни қуришга маблағ етарли эканлигини айтиб, Қишки Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилишга даъвогарлик қилаётган Қозоғистон расмийлари эндиликда “қаттиққўл иқтисодий сиёсат” олиб боришни муҳокама қилмоқдалар. Қозоғистонда Экспо-2017 кўргазмасини ўтказиш режасидан воз кечилгани йўқ, аммо янги уй-жой қуришга қаратилган ва бошқа ижтимоий дастурлар тўхтатилди.

Анчеши Туркманистоннинг иккинчи Қувайтга айланиш орзуси “пучга чиқаётганини” айтди. Профессор яна йил бошида Туркманистон мустақилликка эришганидан бери берилиб келинаётган газ ва электр токи истеъмоли учун ажратиладиган субсидияларни озайтирганини айтиб ўтди. Лебап вилоятида ҳатто ишчилар намойишга ҳам чиқди. Бу бўлса Туркманистон учун мисли кўрилмаган ҳодисадир.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бўлса маош ва нафақаларни ошириш бўйича берган ваъдаси устидан чиқа олмади.

Ҳудудда одамлар норозилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммолар аввалги йилга қараганда бу йил анча кўп. Вазият қай даражада ёмонлашиши ва қанча давом этиши мумкинлиги ҳозирча номаълум.

XS
SM
MD
LG