Линклар

Танга қулаши ортидан ўзбек муҳожирлари ватанига камроқ пул юборадиган бўлди


Қозоғистонда миллий валюта қадрининг пасайиши Ўзбекистон ва бошқа қўшни ўлкалардан келган меҳнат муҳожирлари турмушида салбий акс этди. Танга қулаши ортидан улар ўз даромадлари камида 30 фоизга камайганини айтмоқдалар.

Ўзбекистонлик Холмурод Қозоғистонга бундан 5 йил муқаддам келган. Олмаота чеккасидаги қурилиш базаси ётоқхонасида яшайдиган бу муҳожир Озодлик мухбири билан суҳбатда долларнинг тангага нисбатан қиймати ошиб кетиши айниқса Қозоғистонга тирикчилик илинжида келган хорижликлар ҳамёнига ёмон таъсир қилганини айтди.

- 90 минг тангага яқин ҳақ оламан. Олдинлари оиламга ҳар уч ойда бир марта 1000 доллардан пул юборардим. Бу Ўзбекистондаги яқинларим учун катта пул эди. Доллар қимматлаб кетганидан кейин аввалгидек минг доллар эмас, 700 долларгина юборадиган бўлдим, - дейди Холмурод.

Унинг айтишича, ўзи яшайдиган ётоқхонада ўзбекистонлик яна 30 чоғли меҳнат муҳожир истиқомат қилади. Холмурод ётоқхонада яшаш текин экани, шериклари билан фақат озиқ-овқатгагина пул сарфлашлари, қолган маблағни эса оилаларига жўнатишларини айтади.

Қозоғистонга 6 йил муқаддам келган қорақалпоғистонлик Алтинбек ҳам танга курси ўзгарганидан норози. Хусусий уйларни таъмирлаш билан шуғулланиб келган бу йигит уйда қолган хотини ва икки боласига топган даромадининг 70 фоизини долларга айлантириб юбориб турган.

- Танга курси тушиб кетганидан кейин менга камроқ пул тўлашадиган бўлишди. Буюртмачилар: “Доллар кўтарилиб, қурилиш материаллари нархи ҳам ошиб кетди, пулимиз етмаяпти” деб, менга озроқ ҳақ тўлаш пайига тушиб қолишди. Бошқа иш бўлмагани учун ноилож рози бўляпман. Энди топган пулимни долларга айлантириб ўтирмай, танга ҳолида жўнатаман шекилли, - дейди Алтинбек.

Қорақалпоғистонлик бу йигит авваллари ойига 150 минг танга топган бўлса, ҳозир даромади 80 минг тангага тушиб кетганини айтади.

- Олдинлари Қозоғистонда пул ҳам, иш ҳам кўп эди. Кейинги пайтда қийин бўлиб қолди. Ишни-ку топса бўлади, лекин жуда кам ҳақ тўлашяпти, - дейди Алтинбек.

Қирғизистонлик Қанибек пайвандчилик билан шуғулланиб келади. Беш боланинг отаси бўлган бу муҳожир ҳам Қозоғистонга бир неча йил аввал пул топиш илинжида келган.

- 2007-2008 йилларда ўз касбининг устаси бўлган пайвандчилар ойига 150 минг тангадан кам пул топмасди. Ҳозир эса ойига 80 минг танга топсак ҳам хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Доллар курси ошиши баробарида даромадимиз пастлаб боряпти. Чунки шартномага кўра биз ойликни тангада оламиз. Уни долларга айлантирганимизда эса арзимаган чақа бўлиб қоляпти, - дейди Қанибек.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон расмийлари 20 август куни валюта коридоридан воз кечиб, миллий валютани эркин тебранувчи курсга ўтказишини эълон қилиши ортидан танганинг долларга нисбатан қадри 30 фоизга арзонлаб кетди. Шу кунда қозоқ тангаси бироз барқарорлашган бўлса-да, валюта бозорида 10 кун муқаддам кузатилган талотум маҳаллий аҳоли ҳаётида ҳам, муҳожирлар ҳаётида ҳам акс этмай қолмади.

Қозоғистонда юз минглаб меҳнат муҳожири ишлайди. Сўнгги йилларда мамлакатда 2 миллиондан зиёд хорижлик фуқаро қайддан ўтган, улардан бир миллионга яқини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Улардан 300 мингга яқини Олмаотада, 150 чоғлиси Остонада, 80 минги Чимкентда, 70 мингга яқини эса Атирауда меҳнат қилади.

XS
SM
MD
LG