Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:26

Ўзбекистонда пахтага оммавий сафарбарлик 5 сентябрдан бошланади


Жиззах, Қашқадарё вилоятларида давлат ташкилотлари ва маҳалла қўмиталарига 5 сентябрдан, Тошкент ва Андижон вилоятида эса 10 сентбярдан пахтага чиқиш буюрилди. Озодликка маълум бўлишича, бюджет ташкилотлари ва маҳалла қўмиталаридан ҳозирча ишчи ходимларни 15 кунлик теримга чиқариш ёки 800 минг сўмдан пул бериш сўраламоқда. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлардан ҳам хирмонга ҳисса қўшиш талаб қилинмоқда.

Жиззахликлар 45 кунлик теримга чақирилмоқда

Жиззах вилоятидаги шифохона, банк, таълим муассасалари каби давлат ташкилотлари ходимлари 5 сентябрдан пахта теримига оммавий сафарбар қилинди.

Жиззах шаҳридаги шифохоналардан биридан олинган маълумотга кўра, ҳозирча ҳамшира ва шифохонадаги техник ходимлар теримга ҳозирлик кўриш ҳақида кўрсатма олган.

Бундан ташқари, вилоятдаги хусусий корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари ишчиларига ҳам пахта теримига чиқиш ҳақида кўрсатма берилди. Вилоят марказидаги автомобил созлаш устахонасини юргизаётган ишбилармонлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда 45 кунлик теримга икки ишчисини чиқариш ҳақида кўрсатма олганини айтди.

"5-числодан чиқаришмоқчи. Мендан иккита ишчим чиқиб берамиз, майли, деди ҳозирча. Мажбурий пахта, ҳамма чиқади, деяпти", дейди исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдош.

Қашқадарёликлар 1 ойлик теримга ҳозирланмоқда

Қашқадарёдаги маҳаллий ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси бу вилоятда ҳам бюджетдан ҳақ оладиган барча ишчи ходимлар 5 сентябрдан теримга чиқиш ҳақида топшириқ олганини маълум қилди. Ундан олинган маълумотга кўра ҳам ҳозирча камида бир ойлик сафарбарлик ҳақида гап бормоқда.

Аммо, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Андижон вилоятларида пахта йиғим-теримининг 10 сентябрдан бошланиши кутилмоқда.

Андижон туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирида лаборант бўлиб ишлайдиган ходимдан 10 сентябрдан пахтага чиқишга топшириқ берилгани ҳақида маълумот олинди.

Тошкент вилояти Бўка туманидаги марказий шифохона ходими ҳам айни маълумотни тасдиқлади:

"10-дан дейишвотти. Ҳамма ташкилотлар теримчи чиқарсин, дейишган", деди шифохона ходими.

Ўзбекистонда сўнгги бир неча йилдан буён давлат бюджетига қарам бўлган ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий корхоналар ишчилари пахта теримига мажбуран сафарбар қилинади.

Теримга боролмаган 15 кунга 800 минг сўм бериши керак

Теримга чиқа олмайдиганлар ёки чиқишни истамаганлардан эса пул йиғилиши кузатилади. Озодлик манбалари айрим вилоятларда ҳозирданоқ пул йиғиш бошланганини айтмоқда.

Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган манба 10-сентябрдан 15 кунлик пахта теримига чиқиш ҳақида кўрсатма олгани, бормайдиганлардан эса 800 минг сўмдан пул сўралаётганини билдирди.

Жиззахлик суҳбатдошга кўра, вилоятда теримга чиқа олмайдиганлардан йиғиладиган пул миқдори ҳақида ҳали аниқ гап айтилмаган:

"Ойига камида 300-400 минг сўм пул сўрашса керак. Лекин, ҳозирча бир айтишгани йўқ ҳали", дейди исмини ошкор қилмаётганимиз жиззахлик тадбиркор.

Аҳолидан теримга чиқиш ҳақида тилхат олинмоқда

Унинг айтишича, Жиззах шаҳридаги хонадонларга тилхатлар тарқатилмоқда ва унга мажбуран қўл қўяётган шаҳарликлар ўз оиласидан бир кишининг терим тугагунига қадар далага чиқариш мажбуриятини олмоқда.

"Маҳаллаларни айланиб, ҳар битта хонадондан битта теримчи чиқариш ҳақидаги тилхатга қўл қўйдирилаяпти", деди исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдош.

Озодликка бунга қадар ҳам айни мазмунда хабар келган ва унда тилхат нусхаси илова қилинган эди. Ҳужжатга хонадон эгаси ва оила аъзоларининг исми-фамилияси, паспорт маълумотлари ва пахта теримида қатнашишга розилигини тасдиқловчи имзоси туширилмоқда.

Келаëтган маълумотларга кўра¸ айни кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб пахтага оммавий сафарбарлик бошланган ва ҳар бир оиладан тилхат олиш жараёни қарийб барча вилоятларда кузатилмоқда.

Озодлик манбалари тилхатга имзо қўйдириш вазифаси ўқитувчилар, маҳалла қўмиталари, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ëшлар ҳаракати ходимлари зиммасига юклатилганини айтмоқда.

Болалар ўрнига катталар мажбурий меҳнати

Ўзбекистон ҳукумати кучли халқаро босимлар ортидан 18 ëшга тўлмаган болаларни оммавий тарзда пахта теримига ҳайдаш сиëсатидан воз кечишга мажбур қолгани ортидан, пахта юки биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

Оқибатда, кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.

Бу йил катталар 1 млрд. долларлик пахтани теради

Ўзбекистон ҳукумати эса бу йил ҳам 1 миллиард АҚШ долларига тенг пахта толасини сотишни режаламоқда. Расмийларнинг билдиришича, Ўзбекистон президенти 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Халқаро пахта ярмаркаси ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ишчилари оммавий тарзда пахтага сафарбар қилинаётган пайтда пайдо бўлган хабарга кўра, бу йилги ярмаркада 50 мамлакатдан мингдан ортиқ фирма ва ширкатлар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Ўтган йилги пахта ярмаркасида Ўзбекистон қарийб 600 минг тонна пахта толасини 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа сотган.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланиши боис дунёнинг 150дан ошиқ ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳар йили 1 миллиард долларлик пахта толасини хорижга сотади.

XS
SM
MD
LG