Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:51

Россия Ўзбекистонга қарийб 40 тонна сут ва 20 тонна чўчқа гўштини ўтказмади


Жорий йилнинг 27 августида Россельхознадзор Германиядан Россия орқали Ўзбекистонга олиб кетилаётган 20 тонна музлатилган чўчқа гўштини ўтказмади.

Бир кун олдин эса Россия чегарачилари Литвадан жўнатилган 20 тонна ва Франциядан келтирилаётган 18 тоннага яқин сут маҳсулотларини Беларус-Россия чегарасидан ўтказмади.

Россельхознадзорнинг Смоленск ва Брянск вилоятлари бўйича бошқармаси бу ҳолатларни “транзит ва санкция қоидалари бузилгани” билан изоҳламоқда.

Чўчқа гўшти ва сут маҳсулотлари Ўзбекистонга етиб бормади

Россельхознадзорнинг Смоленск ва Брянск вилоятлари бўйича бошқармаси вакили Светлана Земченкова Озодлик билан суҳбатда маҳсулотларни транзит қилиш қоидаси бузилгани боис музлатилган гўшт Смоленск вилояти Краснинский туманидаги назорат пунктида тўхтатилганини таъкидлади.

- Германиядан Ўзбекистонга келтирилаётган чўчқа гўшти дастлабки назорат пунктлари, яъни Беларус орқали келаётган эди. Бу пунктдан ўтган маҳсулотнинг Россияга киритилганидан кейин Ўзбекистонга етиб боришини кузатишга имконимиз йўқ. Янги тартибларга кўра, Европадан транзит келтирилаётган юклар Россия Федерациясининг ихтисослашган расмий назорат пунктларидан ўтиши лозим. У ерда юк божхона текширувидан ўтади ва тегишли ҳужжат билан таъминланади, кейин “Аргус” назорат тизими ёрдамида Россия ҳудудида қаерда кетаётганини кузатиб бориш мумкин. Ана ўшанда биз товарлар Россияда қолмасдан Ўзбекистонга етиб боргани-бормаганини биламиз. Эътирозларимиз фақат шундан иборат бўлгани сабабли, 19 тоннадан ортиқ чўчқа гўшти орқага - эгасига қайтариб юборилди, деди Россельхознадзор расмийси Светлана Земченкова.

У Европадан келтирилаётган товарлар Беларус ҳудудида туширилиши мумкинлигини ҳам айтди. “Бироқ, бу турдаги транзит маҳсулотлар Россия-Беларус чегараси орқали ўтказилишига рухсат йўқ”, дея қўшимча қилди Земченкова хоним.

Бундан бир кун олдин эса Смоленск вилоятининг Красная Горка назорат пунктида Россия орқали Ўзбекистонга Болтиқбўйи давлатлари ва Германиядан Ўзбекистонга олиб кетилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ўтказилмагани маълум бўлди.

- У ерда 20 тонна Литва ва 18 тонна Франция сут маҳсулотлари бор эди. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга олиб кетилаётган эди. Пишлоқ, сариёғ ва шу каби санкцияларга учраган тайёр озиқ-овқатлар эди. Сут маҳсулотлари ҳам дастлабки назорат пунктлари орқали ўтказилаётган эди. Бу Россиянинг норасмий давлат чегараси. Четдан киритилаётган барча маҳсулотлар, жумладан транзит йўли билан кетаётган товарлар махсус назорат пунктида тамғаланиши керак эди, деди суҳбатдош.

Светлана Земченкова Россия ҳукумати томонидан эълон қилинган “озиқ-овқат эмбаргоси” туфайли сўнгги пайтларда Ўзбекистонга транзит темир ва автомобиль йўли билан олиб кетилаётган кўплаб маҳсулотлар ўтказилмаганини тан олди.

У Голландиядан - субмаҳсулотлар, Германиядан - мол, чўчқа ва товуқ гўшти, Балтикадан - ёғ ва балиқ ҳамда Украинадан келтирилаётган қандолатчилик товарлари тақиққа учраганига эътиборимизни қаратди.

Айни пайтда, Россельхознадзор вакиласи буни “иложсизликдан жорий этилган чоралар” деб атади:

- Бу ҳолат Россия Федерацияси томонидан ноиложликдан киритилган чоралар, бунинг барчаси санкцияларга тушган маҳсулотларни мамлакатга киритмаслик учун қилиняпти. Бу Ғарбга бўлган бизнинг жавобимиз, холос, Россельхознадзор вакили Светлана Земченкова.

Ундан аввалроқ Россельхознадзор Германиядан Ўзбекистонга жўнатилган 20 тоннадан ошиқ сут маҳсулотларини ҳам ўтказилмагани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Россия-Ғарб савдо уруши қурбони бўлмоқда

Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан Ғарб давлатлари қўллаган санкцияларга жавобан Москва ҳам Европада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларига эмбарго жорий этган. Лекин бунда нафақат Россияга кириб келаётган маҳсулотлар, балки бу мамлакат орқали учинчи давлатларга кетаётган товарлар ҳам манзилига етиб бормаётир.

Жорий йил майида Россельхознадзор Украинанинг Винница шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинаётган Roshen фабрикаси маҳсулотларини ортга қайтарган, Россия назоратчилари ўзбек тадбиркорларига мўлжалланган 20 тонна қуруқ сут ва сариёғнинг ортга қайтарилганини бу товарлар талаб даражасида расмийлаштирилмагани билан изоҳлаган эди.

Шу йил апрелида Украинадан Ўзбекистонга етказилиши керак бўлган 38 тонна товуқ гўшти Россия ҳудудидa тўхтaтиб қолинган эди. ​

Жорий йил февралида эса, Украинадан Ўзбекистонга келаётган 65 тонна балиқ консервасини ушлаб қолган эди.

Ўтган йилнинг декабрида Беларус орқали Ўзбекистонга жўнатилаётган 1 минг тонна Литва сариёғи Россия чегарасига етмасдан ортга қайтарилган эди.

XS
SM
MD
LG