Линклар

logo-print

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик ёшлари экстремистик гуруҳлар сафларига кириб кетаётганидан чуқур ташвиш билдирди, у масъул мулозимларга бу тенденцияга қарши чоралар кўришни ва қилинган ишлар тўғрисида ҳар уч ойда ҳисобот беришни топширди.

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Раҳмон бу ҳақда 1 сентябрь куни Кўлоб давлат университетида ўтказилган Тинчлик дарсида қилган чиқиши давомида гапирган.

Тожикистон президентига кўра, ҳозирда Сурия ва Ироқда давом этаётган ҳарбий ҳаракатларда Кўлоб, Восе, Фарҳор, Ҳамадоний, Шўрообод ва Данғара туманларидан бўлган 50 дан зиёд киши “Исломий давлат” гуруҳи сафларида туриб жангларда қатнашмоқда.

Раҳмоннинг фикрича, ёшларнинг экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишида нафақат уларнинг ота-оналари, балки улар аъзоси бўлган жамоатчилик ҳам аблидир.

“Шундай гуруҳларга адашиб кириб қолган болаларнинг оналари кўз ёшларини кўриб турибмиз”, деган Тожикистон президенти.

Имомали Раҳмон, шунингдек, ёш кўлоблик тожиклар ўзлари учун ёт бўлган кийим-бош кияётганидан ҳам ташвиш билдирган. “Нега бировларга тақлид қиласиз? Юзингизни тўсиб, ҳижоб кийиб олсангиз жанннат эшиклари очилади, деб ўйлаяпсизми? Гуноҳларингиз унутилади, деб ўйлаяпсизми? Бунинг ўрнига ота-онангизнинг хизматини қилинг”, деган Имомали Раҳмон.

Тожик президенти ўзининг ҳаётидан мисол келтириб, турмуш ўртоғига "барча кўлоблик аёллардай оқ рўмолгина ўрашни айтгани" тўғрисида гапирди.

“Бизнинг бировларга тақлид қилишга эҳтиёжимиз йўқ. Бошқалар биздан ўргансин. Афсуски, бугун қаёққа борма, ҳамма мусулмонлардан қўрқади. Чунки Исломни ёмонтлиқ қилиб қўйишди”, деди Раҳмон.

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Имомали Раҳмон хотин-қизларни ҳижоб кийгани учун биринчи марта танқид қилаётгани йўқ. Жорий йил мартида ҳам Раҳмон шундай танқид билан чиқиш қилган эди. Ўшанда у маҳаллий фаол аёлларни анъанавий тожик кийимларини тарғиб қилишга чақирган.

Президентнинг ўша чиқишидан сўнг мамлакатда ҳижоб ва сатрга қарши кампания бошлаб юборилган. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ходималаридан ишга ҳижобда келмасликни талаб қила бошлаган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг ҳижоб кийган ўндан зиёд фоҳиша ушлангани тўғрисидаги хабари ҳам ўша кампания жараёнида пайдо бўлган.

97 фиизи мусулмон бўлган Тожикистон аҳолисининг кўпчилик вакиллари ҳижобга қарши кампанияни танлов ҳуқуқининг бузилиши сифатида баҳоламоқда, деб хабар қилди Озодлик радиоси тожик хизмати. Танқидчилар фикрича, расмийлар курашни анъанавий тожик кийими учун эмас, балки исломий кийимга қарши олиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG