Линклар

logo-print

Эксперт: Рашодхон Камоловга нисбатан маҳкама махсус лойиҳа бўлиши мумкин

  • Шерзод

Рашодхон Камоловга нисбатан маҳкама июль ойида бошланган эди.

Рашодхон Камоловга нисбатан маҳкама июль ойида бошланган эди.

Қирғизистондаги таниқли журналист ва теолог Миқтибек Арстанбек Қорасув туман судида имом Рашод Камоловга нисбатан ўтаётган маҳкамада Камолов маърузаларини кўргани ва унда Қирғизистон қонунчилигига зид келувчи сўзлар топмагани ҳақида кўрсатма берди.

Қорасув туман судида 2 сентябрь куни имом Рашод Камоловга нисбатан навбатдаги маҳкамада адвокатлар томонидан таклиф қилинган бишкеклик таниқли журналист ва теолог Миқтибек Арстанбек иштирок этди.

У Камоловга айблов қўйилишига сабаб бўлган имоммаърузаларини кўриб чиқанини ва унда мамлакат қонунларига зид бўлган сўзлар топмаганини айтди.

-Рашод Камоловнинг халифалик тўғрисида айтган сўзлари билан сиёсий ижтиҳод эгаларининг ва замона олимларининг фикрлари ҳамда политология илми асосидаги тушунтиришлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Шу сабабли мен Рашод қори халифалик сўзининг диний талқинини тушунтирган, деб биламиан. Мен рашод қорининг видеосини судгача кўриб чиқиб, “яхши тушунтирибди”, деб хурсанд бўлгандим. Рашод қори маърузаси билан давлат тузимини ағдаришга ҳаракат ўртасида қандай узвийлик борлигини тушунолмадим, - деди Миқтибек Арстанбек.

Камоловнинг адвокати Назгул Суюнбаева журналистдан “сиёсатшунос сифатида айта оласизми, Камоловнинг судланиши қандай оқибатларни келтириб чиқаради?” деб сўради.

- Бугунги Қирғизистонга сиёсий жиҳатдан таъсир ўтказаётган яқин ва олис хориж давлатлари бор. Менимча, яқинимизда жойлашган давлатларнинг бирига Қирғизистондаги диний эркинлик, мусулмонларга берилган имконият ёқмагани учун Камоловга қарши маҳкама махсус тайёрланган лойиҳа бўлса керак. Бу бизнинг давлатимиздан чиққан фикр эмас. Мен давлатимиз имомларга бундай муносабатда бўлмаслигига ишонаман, - дейди Миқтибек Арстанбек.

У, шунингдек, Рашод Камолов қамалган тақдирда Қирғизистон диний платформасида норози қатлам пайдо бўлиши хавфи бор эканини айтди. Шунингдек, у ўзбеклар орасида обрўга эга бўлган Камоловни Қирғизистон дипломатик восита сифатида фойдаланиши керак, деб ҳисоблайди.

- Ўзбек миллатидаги халқлар, фақат Қирғизистон эмас, Марказий Осиёдаги ўзбеклар орасида обрўга эга бўлган бундай йигитни давлат дипломатик восита сифатида қўлланиши мумкин эди. Шунингдек, Ўзбекистон билан муносабатларда ва бошқа ўзбек халқи орасидаги дипломатик муносабатларда бу каби кишиларни энг катта восита сифатида қўлланиш мумкин эди. Бу масала Қорасув судига қўйилган жуда оғир масъулиятдир. Шу сабабли суд қарорини келажакда мамлакат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг эшиги деб ҳисоблайман, - дейди Миқтибек Арстанбек.

Таниқли имом, этник ўзбек 37 ёшли Рашод Камолов шу йилнинг 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган.

Унга нисбатан суд жараёни 23 июлда бошланган. Қарийб ярим йилдан бери ҳибсда сақланаётган қорасувлик имом Рашод Камоловга нисбатан август ойининг сўнги ва сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида ҳар куни давом этмоқда.

Давлат қораловчиси 2 сентябрь куни бўлиб ўтган маҳкамада суд мажлисини бундан буён ҳибсхонада ўтказишни илтимос қилди.Унга кўра, суд бўлиб ўтаётган пайтда диндорларнинг очиқдан-очиқ норозилик билдираётгани ва бақириб-чақираётгани судга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бироқ суд раиси қораловчининг таклифини инобатга олмай, судда иштирок этаётганларни тартибни сақлашга чақириш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG