Линклар

Бухоро ҳокими 18 ëшга тўлмаган ўқувчиларни ҳам пахтага ҳозирламоқда

  • Садриддин Ашур

Бухоро Тиббиёт коллежида 18 ёшга тўлмаган 2-курс ўқувчиларидан ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиш ҳақида ариза ёздириб олинмоқда. Шаҳар ва туманлардаги коллежларнинг 3-курс ўқувчилари эса 5 сентябрда пахта теримига оммавий сафарбар этилади. Коллеж ўқитувчиларидан ҳам теримчи гуруҳлар ташкил қилиш назарда тутилган.

Бухоро шаҳридаги Тиббиёт коллежининг 18 ёшга тўлмаган 2-курс ўқувчиларидан “ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиш”и ҳақида мажбурий ариза ёздириб олинаëтгани ҳақидаги хабарни Озодликка коллеж ўқувчиларидан бири йўллади:

“Кураторимиз “бу йил пахта оғир бўлади, сизлар ҳам чиқишларинг мумкин. Шунинг учун “ўз ихтиёримиз” билан пахта теримига чиқишга розимиз, деган ариза ёзиб беринглар деб, ўзи ариза текстини айтиб турди. Биз эса ёзиб бердик”, деди хавфсизлик боис исмини сир сақлаëтганимиз ўқувчи.

Бундай аризанинг Озодликка тақдим этилган матнида қуйидаги баëнот ёзилган:

“Мен.... Бухоро тиббиёт коллежининг ...гуруҳ талабаси пахта теришга ўз ихтиёрим билан боришга эътирозим йўқ. Тушунтириш хати ўз қўлим билан ёзилди. Имзо ва сана.”

Озодлик манбасига кўра, аризада “пахта теримига менинг ўрнимга оиламдан бирор киши ҳам чиқиши мумкин” деб ёзишга ҳам рухсат берилган.

Озодлик билан суҳбатда Бухоро Тиббиёт коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири ўқувчилардан тилхат ёздириб олинаётганини тасдиқлади:

“3-курс талабаларимизга 7 сентябрдан пахтага чиқиш ҳақида эълон қилинди. Лекин директор вазифасини ижро этувчи Ўктам Ғаффоров 18 ёшга тўлмаган 2-курс ўқувчиларидан тилхат ёздириб олишни кураторларга юклади. Ҳозир барча аризалар ёздириб олиниб, директорга топширилди”, дейди ўқитувчи.

Коллеж расмийсига кўра, оммавий сафарбарлик арафасида ўқитувчилардан теримчи гуруҳлар тузилмоқда:

“Ўқитувчи дарс бериши керак. Ҳеч ким пахта теришни истамайди. Лекин мажбурмиз. Гап шундаки, коллежда пора олмасдан фақат ойликка ишлайдиган ҳалол ўқитувчилар, техник ходимлар пахта теримига юборилади. Директорга яқин ўқитувчилар эса бормайди. Ўтган йили, бир ўқувчимизни пахтада илон чақиб олди. Зўрға ҳаёти сақлаб қолинди. Бундай воқеалар бости-бости қилиб юборилади. Пахта эса коррупцияга айланиб қолган. Ўтган йилда ўқувчининг пахтадан қолиши 200-300 доллар эди. Бу йилгиси эса 400 бўлган, дейишяпти”, деди Озодликнинг бу манбаси.

Бухоро шаҳридаги бошқа коллежларда ҳам пахта теримига сафарбарлик эълон қилинганини Педагогика коллежи мулозимларидан бири тасдиқлади:

“Бухоро вилояти бўйича барча коллежларнинг 3-курслари 5 сентябрдан пахтага кетади, жумладан бизникилар ҳам. Кейин ўқитувчилар ўн кунданга ётоғи билан кетишади. Вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи бу. Зарил бўлиб қолса¸ 2- курсларни ҳам чиқарамиз дейишаяпти”, деди ўзини таништирмаган коллеж мулозими.

2012 йилда Ўзбекистон ҳукумати кучли халқаро босимлар ортидан 18 ëшга тўлмаган болаларни оммавий тарзда пахта теримига ҳайдаш сиëсатидан воз кечишга мажбур бўлган эди.

Шунга қарамай¸ ўтган йилги пахта терими мавсумида ҳам коллежларнинг 18 ёшга тўлмаган биринчи-иккинчи курс ўқувчиларини пахта теримига мажбуран жалб этиш кўп кузатилди.

Ўзбекистонда пахта терими машаққати биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

Бу йил эса¸ Озодликка етиб келган маълумотга кўра¸ Ўзбекистон мустақиллик тарихида биринчи бор Миллий университетнинг 3-4 курс талабалари ва магистрантларининг Жиззах вилоятига ëппасига пахтага чиқарилиши кутилмоқда.

Кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG