Линклар

Сафида аёллар, болалар бўлган илк муҳожирлар гуруҳи поездларда Германияга етиб борди. Германия ҳукумати шу кунда Венгрия поезд вокзалига йиғилган минглаб қочқиннинг 3 мингини қабул қилган илк давлатдир. Аммо, айрим Европа давлатларида мусулмон қочқинларга бошпана беришга қарши норозилик кузатилмоқда.

Муҳожирлар емак ва сув билан қарши олинди

Мюнхен вокзалига етиб борган поездларда, асосан, Сурия ва Афғонистондан қочган муҳожирлар бўлди.

Уларни қарши олган европаликлар темир йўл вокзалининг ўзидаёқ муҳожирларга егулик, болалар қўлларига ўйинчоқлар тутқазди.

Мюнхен шаҳри мэри Дитер Рейтер шаҳар халқининг муҳожирлар бўҳронини ҳал қилишда ёрдамга ошиққанидан "ғурур туйгани"ни айтди.

Матбуотга сўзлаган мэр вокзалга йиғилган шаҳарликлар қўлларида егулик, уст-бош ва болалар учун ўйинчоқлар билан боргани, айрим озиқ-овқат дўконлари егулик ортилган машиналарни вокзалга йўллаганини айтди.

Венгриядан Германияга бораркан, Венада тўхтаб ўтган поездларни бу шаҳар аҳли ҳам сув ва нон билан қарши олди.

"Агар биз бу одамларга ёрдам бермасак, бу бир фалокат бўларди", деди 74 яшар веналик пенсионер Яннис Бициос. У вокзалнинг ўзидаёқ қочқинларга имкони қадар овқат улашаркан: "Аслида, шу аҳволнинг ўзи фалокат. Биз бу қочқинларга ёрдам бериш учун нимадир қилишимиз керак. Аммо, буни ҳукуматлар қилиши керак, лекин қани ҳукумат? Ҳозир ҳукумат ҳам ўзимиз бўлиб қолдик", деди.

"Она Меркел"

Аслида, немис халқининг мусулмон қочқинларга биринчи бўлиб қучоқ очишида канцлер Ангела Меркел юритган сиёсатнинг ўрни катта.

"Дунё Германияни умид ва имкониятлар мамлакати сифатида кўрмоқда. Бу эса ҳар доим ҳам кузатилган эмас", деди мамлакатнинг нацизм қоплаган ўтмишига ишорат қилган Меркел. Бундан ташқари, канцлер ўлимга тенг бўлган йўл азобини тан олиб, Европага қадар келган қочқинлар журъатини олқишлади.

2014 йилда Жаҳон чемпионлигини олган футбол бўйича Германия терма жамоаси қочқинлар ва муҳожирларга нисбатан норозилик кайфиятини қоралаб, видео тарқатди.

Ҳужумчи футболчи Томас Мюллер, гарчи бу бўҳронни ҳал қилиш учун аввало ечим топилиши зарурлигини эътироф этар экан: "Биринчи вазифамиз, бу одамларга ёрдам беришдир", деб таъкидлади.

Айни пайтда сурияликлар Меркелни толерант сиёсати учун олқишларкан, Facebook тармоғида "Она Меркел, қувилганлар Онаси", "Меҳрибон Она" номли саҳифалар очилди.

Ваҳоланки, айнан Германияда муҳожирларни қабул қилишга қаршилар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Ўнлаб норозилар Ангела Меркелга қарата "хоин" дея шовқин солиб, намойишлар уюштирди.

Қочқинларми ёки меҳнат муҳожири?

Венгрияга ёпирилган юз мингга яқин қочқинга Европа эшиклари очилишига қаршилик билдираётганлар юқоридаги саволни кўтармоқдалар.

Буюк Британия ва Германиядаги ашаддий миллатчи гуруҳлар келаётганларнинг аксари урушдан қочиб эмас, уруш баҳона Европадан фаровон ҳаёт қидириб келаётганлар, деган хавотирни илгари сурмоқда. Бундан ташқари, экстремистик гуруҳлар жанг қилаётган ҳудуддан чиққан қочқинлар ичида радикал қарашда бўлган ёки уларга хайрихоҳ бўлганлар ҳам бор, деган баёнотлар янграмоқда.

Энг муҳими, иқтисодий муаммолари талай бўлган Европа давлатлари Сурия ва Ироққа ҳарбий кўмак бериш билан бирга, бу ҳудуддан оқиб келаётган бунча қочқинга бошпана беришига қарши гуруҳлар норозилик уюштирмоқда.

Европа Парламенти президенти Мартин Шульц (чапда) ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан

Европа Парламенти президенти Мартин Шульц (чапда) ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан 3 сентябрь куни берган баёнотида келаётган муҳожирларнинг аксарияти Германияга бориш истагида эканини айтар экан: "Бу Германиянинг муаммоси, Венгрия уларни Германия сўрови асосида рўйхатга олиб бериши мумкин, холос", деб таъкидлади.

Эндиликда Human Rights Watch ва БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш агентлиги, ким бўлишидан қатъий назар, Ўртаер денгизидан ўтиб, Европа тупроқларига кирган одамларни ортга қайтариш имконсизлиги, уларни қабул қилиш ва сўнгра уларнинг шахси, келиш сабабларини ўрганиб, чора кўриш зарурлигини таъкидламоқда.

Икки дунё ораси - Ўртаердан омон чиққанлар

Оч-юпун болалар учун Мюнхен вокзалига қадар чўзилган бир неча минг километрлик йўл азоби ўта оғир кечди.

У дунё оғзига дарвоза каби чайқалган Ўртаер денгизидан омон чиққанлар Болқон давлатлари чегараларига ўрнатилган тиконли симларлардан юлиниб ўтди.

Денгиздан омон чиқмаган норасидаларнинг жонсиз таналари эса Туркия соҳилларида қалқиб, Бодрум бўйларида дам олаётган ғарблик сайёҳлару маҳаллий аҳолининг унутилмас рўёсига айланди.

Ўртаер денгизидан ўтаётиб, сувга ғарқ бўлган 3 яшар қочқин - Айлан Курди танаси европаликлар дам олаётган Бодрум соҳилидан топилди

Ўртаер денгизидан ўтаётиб, сувга ғарқ бўлган 3 яшар қочқин - Айлан Курди танаси европаликлар дам олаётган Бодрум соҳилидан топилди

Европа чегараларидан ўтиш насиб қилмаган юзга яқин одамнинг жасади юк машинасида ўрта йўлларда қолдирилди.

Нафақат Европа, балки бутун дунё кўз ўнгида бир неча ҳафталар ичида даҳшатли бўҳрон тусини олган қочқинлар муаммосини ҳал қилишда, ҳозирча Германия пешқадамлик қилмоқда. Мюнхен, Штутгарт ва Франкфурт вокзалларига етиб борган уч минг қочқин Венгриядан қарийб туртиб чиқарилди.

Европага тахминан 800 минг қочқин келади

Сўнгги бир неча ҳафта ёки ой ичида Европага умумий ҳисобда 800 минг атрофида меҳнат муҳожири ва қочқин кириб келиши кутилмоқда.

Уларнинг аксарияти Сурия, Ироқ, Афғонистон ҳамда баъзи Африка давлатларидан келиши кутилмоқда. Венадан Германияга йўл олган поездда эса Озодлик мухбири Покистоннинг Лаҳоридан борган қочқинларни ҳам учратди.

ББС мухбири Сахара, Сомали каби Африка давлатларидан Венгрияга борган муҳожирларни қайд этди.

Бу қочқинларнинг 40 фоизини қабул қилишини билдирган Германия раҳбарияти Европа Иттифоқини тезкор чора кўриш ва муҳожирларнинг катта оқимини қисмларга бўлиб, давлатларга тарқатиш талабини илгари сурди.

"Европа давлатлари қочқинлик мақомини қидираётган одамларни қабул қилиш масъулиятини тенг бўлиши лозим", деди Меркел.

Кутилмаган қочқинлардан қўрқув

Европадаги айрим давлатлар Меркел чақириғига ижобий жавоб бермоқда, аммо баъзи давлатлар кутилмаган меҳмонлар юкидан хавотир олмоқда.

300 минг аҳолиси бўлган Исландия ҳукумати атиги 50 қочқинни қабул қилишини билдирди. Бундан хавфсаласи пир бўлган исландиялик профессор Бриндис Бьёргвинсдоттир Facebook саҳифасида: "Бу қочқинлар бизнинг бўлғуси турмуш ўртоғимиз, яқин дўстимиз, ҳамфикримиз, болаларимиз тузган гуруҳнинг ноғорачиси, яна бир ҳамкасбимиз ва 2022 йилги Исландия гўзалидир", деб ёзди.

Бу аёл Facebook тармоғида ташкил қилган "Сурия ёрдам кутмоқда" номли саҳифа қисқа муддатда 14 минг кишини жамлади. Саҳифани кузатаётганларнинг аксарияти қочқинларга ёрдамини таклиф қилмоқда. Баъзи исландияликлар қочқинларга жойлаштирилгунига қадар уйидан жой таклиф қилмоқда.

Айни пайтда, Буюк Британия ҳукуматининг бу бўҳронга совуққон муносабати ҳам жамоатчилик норозлигига сабаб бўлди. Натижада, собиқ Ташқи ишлар вазири Дэвид Миллибэнд Лондон раҳбариятини кўпроқ қочқин қабул қилишга чақираркан, бу давлатнинг ўтган йили 10 минг қочқинни қабул қилганини ҳам эслатиб ўтди.

"Ҳозир катта кичик давлатларга нисбатан, бой давлатлар камбағал давлатларга нисбатан кўпроқ қочқинни қабул қилиши лозим", деб таъкидлади, ҳозирда АҚШда жойлашган Қутқарув қўмитаси раҳбари бўлган Миллибэнд.

Ҳозирча Германия, Франция ва Буюк Британия раҳбарияти ЕИ Ички ишлар ва Адлия вазирларини сентябр ойи ўртасида учрашиб, айни масала ечимини келишиб олишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG