Линклар

АҚШ Конгрессида Эрон ядровий битимига доир масала келаси ҳафта овозга қўйилади


АҚШ Вакиллар палатаси келаси ҳафта Эрон ядровий дастурига доир битимини рад этиш чорасини овозга қўяди. Бу ҳақда Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи Республикачилар етакчиси Кевин МакКарти 2 сентябрь куни эълон қилди.

Демократлар етакчиси Ненси Пелосининг айтишича, Вакиллар палатаси 9 сентбярь куни мазкур чорани муҳокама қила бошлайди ва 11 сентябрь куни якуний қарор бўйича овоз беради.

АҚШ Сенатида ҳам Эрон битимига доир чора 8 сентябрь куни муҳокама этила бошлайди.

МакКарти Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи Республикачилар битимни рад этишини билдирди. Республикачиларнинг барчаси битимга қарши, бундан ташқари Демократларнинг ҳам камида 14 нафари уни ёқламасликларини билдирган.

“Конгрессдаги кўпчилик ва Америка халқининг бу битимга қаршлигини инобатга олган ҳолда, Вакиллар палатаси битимни маъқулламайди. Бу мамлакатимиз ва иттифоқчиларимиз учун ёмон битимдир”, деди МакКарти.

Айни пайтда Демократлар етакчиси Пелоси 2 сентябрь куни партиядошлари билан учрашувда Демократлар президент Обаманинг Республикачилар қарорига қўяжак ветосини ёқлашига ишончи комил эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG