Линклар

Москва АҚШнинг навбатдаги санкцияларига жавоб қайтаришни ваъда қилмоқда


Москва Қўшма Штатларнинг Россия фуқароларига қарши санкциялар кўламини кенгайтиргани ҳамда Эрон, Шимолий Корея ва Сурияга қурол сотилиши олдини олиш мақсадида қурол ишлаб чиқарувчи Россия ширкатларга санкциялар жорий этганига тегишли жавоб қайтаришини баён қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг 2 сентябрь кунги қарорини “душманона ҳаракатларнинг” навбатдагиси, дея атаб, бунинг “халқаро барқарорлик учун жиддий оқибатлари бўлади ва шубҳасиз, бумеранг бўлиб қайтиб, АҚШнинг манфаатларига зарар етказади”, дея баёнот тарқатди.

“Ўйламасдан олинган бу қадамлар ҳатто АҚШ иттифоқчилари орасида ҳам хавотирларни оширмоқда. Биз томондан ҳам, бу чоралар билан теппа-тенг бўлмаса-да, жавоб чоралари кўрилади”, дейилади баёнотда.

Кремль матбуот вакили Дмитрий Песков ҳам санкцияларга жавоб қайтарилишини ваъда қилди.

Қўшма Штатлар Россияга бундан аввал жорий этилган жазо чораларини кучайтириш ҳаракати ўлароқ, санкциялар рўйхатига 29 кишини қўшди.

Эрон, Шимолий Корея ва Сурияга қурол сотишни чеклаш ҳаракатлари доирасида Россиянинг қурол экспорт қилувчи энг йирик ширкати Рособоронэкспорт, самолёт ишлаб чиқраувчи давлат корпорацияси ва бошқа компанияларга ҳам илк бор санкция қўлланди.

XS
SM
MD
LG