Линклар

logo-print

"Ёшлар кўли"даги фожиага Урганч милицияси жавобгар кўрилмоқда


"Ëшлар кўли" устидаги кўприкнинг қулаган панжараси.

"Ëшлар кўли" устидаги кўприкнинг қулаган панжараси.

Ўндан зиёд одам ўлимига сабаб бўлган Урганч “Ёшлар кўли”даги фожиа ортидан Урганч шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасидан четлатилган.

8 август куни Урганчдаги “Ёшлар кўли”да хоразмлик хонанда Наврўз Собировнинг хайрия концерти пайти кўлдаги кўприк панжараси синиб кетиб, ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлган эди.

Тергов давомида Урганч шаҳар Ички ишлар бошқармаси кўлдаги фожиага асосий жавобгар сифатида кўрилмоқда.

Озодликнинг Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидаги манбаларига кўра, Урганч ИИБ бошлиғи Эркабой Юсупов бир ҳафта илгари лавозимидан четлатилган.

“Ҳозир уни биринчи ўринбосари Зафарбек Ўрозбоев вақтинчалик бошлиқ вазифасини бажараяпти. Олдинги бошлиқ Юсупов прокуратурада доимий сўроқ қилинмоқда. Урганч ГУВДси ҳозир кўлдаги фожиага асосий жавобгар сифатида кўрилмоқда”, деб билдирди Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини истаган мулозимларидан бири.

Ўзбекистон президенти топшириғи билан ҳалокат сабабларини ўрганиш учун Бош вазир бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Бироқ фожиадан сал кам бир ой ўтган эса-да, ҳукумат комиссияси жамоатчиликка Урганчдаги фалокат бўйича ҳисобот тақдим этгани йўқ.

Қурбонлар ва жароҳат кўрганлар борасида ҳам шу пайтгача аниқ рақам берилгани йўқ.

Ўзбекистон расмий матбуотида ҳам Урганчдаги фалокат ҳақида лом-лим дейилмаяпти.

Воқеа гувоҳлари Озодликка ҳалок бўлганларнинг сони ўттиздан кўп бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Озодлик Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидаги ўз манбалари орқали фалокатда аксари ёш болалардан иборат 13 одам ҳалок бўлганини аниқлади.

Ҳалок бўлганларнинг оилаларига 10 миллион сўм (қора бозор курсида 2100 АҚШ доллари) миқдорида товон пули берилган.

Кўлда ҳалок бўлганлардан бири қариндошининг Озодликка айтишича, ўлганларни маъракалари ҳам ҳукумат ҳисобидан ўтказилмоқда:

- Мозорларини ҳам ҳукумат қуриб берди, маъракаларини ҳам ўтказиб бермоқда. Лекин, айбдорлар ким, бу ҳақда ҳеч нарса айтишмаяпти, - дейди исми сир қолишини истаган фожиа қурбонларидан бирининг қариндоши.

Айни пайтда ҳалокат қурбонларининг яқинлари фожиага масъуллар жазоланишини талаб қилиб, прокуратурага мунтазам мурожаат этмоқда.

Урганчдаги "Ёшлар кўли"даги концерт пайтида рўй берган фожиада ҳалок бўлган 11 ёшли боланинг онаси аввалроқ Озодлик билан суҳбатда фарзандининг ўлимида концерт ташкилотчилари ва шу концертга ахборот кўмаги кўрсатган "8-канал"ни айблаган эди.

Урганчлик онанинг айтишича, Наврўз Собировнинг ўша кунги концертида одатдагидан кўп одам йиғилган. Юзлаб одам тиқилинчда ёш болалари билан кўприк устида туриб концертни томоша қилган.

Айни пайтда тиқилинч концертга фарзандларини етаклаб борган ота-оналарни ўзлари ҳам фожиага қисман сабабчи, деган фикрлар ҳам айтилди.

Кўприкни қурган қурувчилар ҳам фожиага жавобгар, деган гаплар янгради. Бу даъволарнинг нақадар асосли экани ҳозирча маълум эмас.

2013 йилда қайта очилган "Ёшлар кўли"да ҳар шанба ва якшанба кунлари концертлар ўтказиб келинаётган эди.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбааларига кўра, 8 август кунги фожидан сўнг Урганч марказидаги “Ёшлар кўли”да концерт ўтказиш бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG