Линклар

logo-print

Пайариқнинг сенатор ҳокими уч йиллик бозорни бузишга қарор қилди


Челак бозори қурилганига атиги уч йил бўлган.

Челак бозори қурилганига атиги уч йил бўлган.

Озодликка маълум бўлишича¸ Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокими¸ сенатор Абдимўмин Жўраев туман марказида уч йил бурун қуриб битирилган янги бозорни бузиб¸ завод қуришга қарор қилган. Бу бозордаги 70 дан ошиқ дўкон қурилиши учун уч йил бурун ўн минглаб доллар пул тўлаган тадбиркорлар сармоясига чув тушиб қолиши¸ ҳоким-сенаторнинг тадбиркор ҳаққини топташини тўхтатадиган тизим йўқлигидан арз қилмоқда.

Бир ҳоким қурган бозорни¸ янгиси бузмоқда

“Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик¸ кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш иддаоси билан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг саноғига етиш қийин.

Айни пайтда¸ тадбиркор¸ сармоядор ва савдогар ҳаққини ҳар бири ўз ҳудудининг мутлақ ҳукмронига айланган ҳокимлар томонидан аëвсиз топталишидан асраш тобора қийин бўлиб бормоқда¸ дейди Озодликка хавфсизлик борасидаги хавотирлар боис ўз исми сир сақланишини сўраган самарқандлик тадбиркор.

Бу тадбиркор¸ қолаверса у билан Озодликка мурожаат қилган яна бир гуруҳ¸ 2010 йили Пайариқ туманининг собиқ ҳокими томонидан амалга оширилган эски бозорни янгилаш жараëнига катта миқдорда сармоя ëтқизган:

- Ўшанда Челак марказидаги қадимий бозор ўрнида замонавий бозор қуриш бошланди ва тадбиркорлар ҳар бир дўкон учун 10 минг доллардан олдиндан нақд пул тўлади. 2011 йил бизга чал-чулпа битирилган тўрт деворни топширишди ва биз яна минглаб доллар сарфлаб¸ дўконларни эпақага келтирдик. Буюм бозори шаҳар чеккасидаги бир қишлоққа кўчирилди¸ марказда озиқ-овқат дўконлари¸ мева-сабзавот расталари қолди. Шундан бери давлатга савдо бўлса-бўлмаса¸ ҳар бир дўкон учун юз минглаб солиқ тўлаб келаяпмиз. Ўтган йил Пайариққа янги ҳоким келди. Келдию¸ дарров шу бозорга ëпишди. Ҳозир халқни боқиб турган битта жой бўлса¸ у ҳам шу бозорда. Бу бозорни буюм бозорига кўчириб¸ бозор ўрнида чит заводи қурармиш! Пайариқда завод қураман деса¸ бўш жой йўқми? Бу бозорни қуриш учун миллиардлаб сўм сарфланди¸ унинг ичида давлатнинг ҳам қанча пули бор. Билишимизча¸ ўзини Мирзиëевнинг ҳимоясида деб билувчи ҳоким¸ бозорнинг жойини кимгадир жуда қимматга пуллаган¸ дейди Озодликка мурожаат қилган тадбиркор-сармоядор.

Бозордагилар норози¸ уларни эшитадиган йўқ

Озодлик Челак бозоридаги расталарда савдо қилаëтганлар билан боғланиб¸ улардан бугунги вазиятни ўрганишга уринди:

- Бизга биров одаммисан¸ деб аниқ гап айтмайди. Ҳокимнинг ëнига яқинлашиб бўлмайди¸ ҳамма ëқ панжараю мелиса. Одамларнинг оғзида бозор шу ой бузилармиш¸ ўрнига завод қурилармиш деган гап. Маҳаллани ўртасига¸ неча юз йиллик бозорнинг ўрнигаям завод қурадими? Бозоримиз янги қурилган бўлса¸ шароитлари жуда яхши бўлса¸ нимага уни бузиш керак¸ тушунолмаяпмиз. Бу ерда қанча одам тирикчилик қилаяпти¸ улар энди нима қилади? Буюм бозори шаҳардан узоқда¸ халқ озиқ-овқат олиш учун шунча узоққа борадими энди? Эскидан бозор билан мозорга тегма¸ деган нақл қолган ахир¸ дейди Челак бозоридаги савдогарлардан бири.

Озодликнинг тадбиркор-сармоядорлар шикоятига муносабат сўраббозор маъмурияти раҳбари билан боғланиш уринишлари натижа бермади. Бозор директори вакили¸ 20 дақиқадан сўнг улаб бериш ҳақидаги ваъдадан сўнг¸ телефонни кун давомида бошқа кўтармади.

Вазирлар Маҳкамаси Челакдаги янги бозор бузилсин деб қарор чиқарганми?

Озодлик мухбири Челак марказида атиги уч йил бурун бир неча миллиард сўм сарфлаб қурилган бозор ўрнида чит заводи қуриш режасини тушунтириб беришни сўраб Пайариқ туман ҳокимлиги вакилларига мурожаат қилди.

Ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича 1-ўринбосари Озодлик билан суҳбатда¸ бозорнинг бузилмаëтгани¸ балки буюм бозорига кўчирилаëтганини таъкидлади:

- Одамлар гапираверади. Бозор бузилмаяпти¸ у янги жойга кўчирилаяпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор¸ Челак бозорини янги жойга кўчириб¸ катта савдо комплекси қуриш ҳақида¸ деган ҳокимлик расмийси айнан қайси қарорни назарда тутаëтганини ойдинлаштиришни истамади. Юзга яқин одамнинг бу бозор қурилиши учун тўрт йил бурун¸ аввалги ҳоким қурган янги бозорга ëтқизган ўн минглаб доллар сармоси тақдири бозор кўчса¸ нима бўлади¸ деган саволга жавоб беришни истамаган суҳбатдош бу савол билан бевосита ҳокимнинг ўзига мурожаат қилишни тавсия этди.

Кун давомида Пайариқнинг сенатор-ҳокими билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Сенатор-ҳоким президент сиëсатига қаршими?

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 16 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланиб ўтказилган мажлисида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожидаги муаммолар учун ҳокимият тизимларини қаттиқ койиган эди:

- Минг афсуски, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ҳали-ҳануз турли маъмурий ғов ва тўсиқлар сақланиб қолмоқда, мансабдорлар томонидан уларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқлари бузилаётгани билан боғлиқ кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Шу сабабдан биз хусусий мулк муносабатлари борасидаги қарашларимизни мутлақо ўзгартириш масалаларини қайта кўриб чиқишимиз зарур. Шу асосда мустаҳкам ҳуқуқий базани хусусий мулк манфаатларига мослаштиришимиз, мулк ҳуқуқининг кучли юридик норма ва кафолатлари тизимини шакллантиришимиз, давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий таянчига айланадиган хусусий мулкдорларнинг кенг қатламини яратишимиз керак, деган эди Ислом Каримов жорий йил бошида.

Бундан аввал Каримов ҳокимларга қарата:

- Табдиркорлик фаолияти йўлига тўсиқ қўйиш¸ унга қарши чиқиш бу давлат сиëсатига¸ президент сиëсатига қарши чиқиш деб баҳоланиши керак. Бу ҳақиқатни ҳаммамиз қулоғимизга яхшироқ қуйиб олишимиз керак. Бу масалага ҳокимлар ҳисобидан етарли эътибор берилмаяпти¸ деб огоҳлантирган эди Тошкент вилояти сессиясида 2013 йили қилган чиқишида Ислом Каримов.

Озодликка мурожаат қилган пайариқлик тадбиркорлар¸ президентнинг бу огоҳлантируви Бош вазирга яқинлиги иддао қилинаëтган ҳоким-сенаторнинг қулоғига ë етиб бормагани¸ ë етиб борган бўлса¸ эътиборга олинмаëтганини айтадилар.

Пайариқнинг сенатор-ҳокими Абдимўмин Жўраев маҳаллий тадбиркорлар шикоят ва арзига муносабат билдиришни лозим топса¸ Озодликнинг +42 02 21 12 33 82 рақамига сим қоқиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG