Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:38

Солиқдан бўйин товлаган “Шедевр гарден”, ўғирликдан тавба қилган хонанда


Хонанда Зиёда чет элдан қўшиқ ўғирлаб куйлагани учун афсусда эканини айтди.
Хонанда Зиёда чет элдан қўшиқ ўғирлаб куйлагани учун афсусда эканини айтди.

Тошкентда тилга тушган “Шедевр гарден” ресторани раҳбари иқтисодий жиноятларда айбланди. “Билайн” ширкати яна мижоз ҳақига хиёнат қилди. Кадастр идораси бошлиғи пора учун 8,6 йилга кесилди. Жорий ҳафтада маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тошкентда тилга тушган “Шедевр гарден” ресторани раҳбари иқтисодий жиноятлар учун қамалди”

“Шедевр гарден” ширкати раҳбари бир қатор иқтисодий жиноятлар ҳамда жиноий фаолиятдан топилган даромадларни легаллаштиришда айбланиб жазоланди (“Ҳуқуқ”, 3 сентябрь).

Исми ошкор этилмаган раҳбар 2012-2014 йиллар давомида “Шедевр гарден” ресторани фаолияти юзасидан 268 миллион сўм солиқ тўлашдан бўйин товлаган, 1,9 миллиард сўм савдо тушумини яширган.

Ширкат раҳбари, шунингдек, Юнусобод туманидаги 9 қаватли уй мажмуаси сотувидан тушган 3,5 миллиард сўм миқдоридаги жиноий фаолиятдан топилган даромадни легаллаштирган.

“Шедевр гарден” раҳбари қилмишига яраша жазолангани маълум қилинган.

“Билайн” ширкати мижоздан асоссиз равишда маблағ олгани тасдиқланди”

Ўзбекистонда “Билайн” савдо белгиси остида хизмат кўрсатиб келаётган “Юнител” қўшма корхонаси мижоздан асоссиз равишда маблағ ечиб олган яна бир ҳолат тасдиқланди (“Бозор ва истеъмолчи”, 29 август).

Уяли алоқа ширкати шартномага кўра роуминг хизмати бепул эканига қарамай, Тошкент шаҳри Қўрғонбеги кўчасида яшовчи Б.Саидийдан 155 минг сўм асоссиз маблағ ушлаб қолган.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмаси раиси Баҳодир Абдуқаюмов маълум қилган. Аввалроқ Ўзбекистонда алоқа хизматини назорат қилувчи давлат идораси ҳам “Билайн” ширкатини мижозлар ҳақига хиёнатда айблаган эди.

“Кадастр идораси бошлиғи пора учун 8,6 йилга кесилди”

Самарқанд вилояти Иштихон тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат корхонаси раҳбари Ёрмуҳамммад Саидмуродов порахўрликда айбланиб, 8,6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, 10 йил давомида кадастр идорасини бошқарган Ё.Саидмуродов охирги пайтларда фуқаролардан тамагирлик қилишга одатланган.

Хусусан, тумандаги “Оқчуроғоси” қишлоғида яшовчи Шерзод Жўрақуловдан 6 сотихли ерни ҳужжатини қилиб бериш эвазига 500 минг сўм пора талаб қилган. Кадастр раҳбари талаб этилган пулни ишхонасида олаётганда қўлга олинган.

“Хонанда Зиёда ўғирликдан тавба қилди”

1 сентябрь арафасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган хонанда Зиёда машҳур бўлишга ошиқиб, чет элдан қўшиқ ўғирлаб куйлагани – плагиаторлик қилгани учун афсусда эканини билдирди (“Даракчи”, 3 сентябрь).

“Бундан бу ёғига ўғирланган қўшиқларни куйламасликка ҳаракат қиламан”, деган у.

Кўпчилик хонандани дидсизликда ҳам айблайди. Қўшиқчи буни тан олиб, узрхоҳлик ҳам қилган: “Агар баъзида либосларимдаги айрим деталлар эътиборимдан четда қолиб, бу мени дидсиз кўрсатаётган бўлса, бунинг учун мухлислардан узр сўрайман”.

“Контракт пули энг қиммат таълим йўналишлари рейтинги эълон қилинди”

2015 йил 1 сентябрдан Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олиш бўйича шартнома тўлови ошди (“Адолат кўзгуси”, 3 сентябрь).

Бу борадаги рейтингга кўра, қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассислиги энг қиммат йўналаши саналади, ушбу йўналишдаги бакалаврлар йилига 8,8 миллион сўм тўлайди.

Халқаро муносабатлар, халқаро иқтисодий муносабатлар ва ҳуқуқ йўналишидаги талабалар эса йилига 8,55 миллион сўмлик шартнома мажбуриятини бажариши керак.

Педагогика, математика, ижтимоий фанлар нисбатан арзонроқ йўналишлар саналади (шартнома миқдори 5,8 миллион сўм).

“Тўйда вальс тушиб, хотинини “реклама” қилаётган куёвлар танқид қилинди”

Тўйларга урфга кираётган келин-куёвнинг биргаликда вальсга тушиши миллий анъаналарга ва менталитетга тўғри келмайдиган ҳолатдир (“Оила даврасида”, 1 сентябрь).

Чет элда ўқиган ўзбекистонлик ёшларнинг тўйида қатнашган фуқаро Дилфуза Тиллаева бундай ёзади: “Улар хориж фильмларидагидек катта даврада ёлғиз вальсга тушишди. Кимдир бу ҳолатни шунчаки қабул қилди, кимгадир эриш туюлди. Куёв бўлмиш бир умрлик жуфти ҳалолини ҳаммага “реклама” қилгандек кўз-кўз қилиш шартмиди? Хорижда ўқиган бўлса, у ердаги удумларнинг бизга нима дахли бор, ўша ерда қолдириш керак. Ўзимизда шундай чиройли урф-одатлар, анъаналар турганда…”

Шу билан бирга, тўй олдидан меҳмонларга “Love story” (келин-куёвнинг қўл ушлашиб сайр қилиб юргани акс этган видеоклип) намойиш этилгани ҳам миллий анъаналарга зид экани таъкидланган.

XS
SM
MD
LG