Линклар

Нукус музейида миллионлаб долларлик картиналар йўқолгани ростми?


Рассом Қорахоннинг Нукус музейида сақланаётган асарларидан бири.

Рассом Қорахоннинг Нукус музейида сақланаётган асарларидан бири.

Нукусда жаҳонга машҳур санъат музейи асосчиси Игорь Савицкийнинг 100 йиллигини тантанали нишонлаш арафасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мазкур музейдан умумий қиймати 600 миллион сўмга яқин 5 картина ўғирлангани тўғрисидаги маълумотни “Ахборот”дастури орқали жамоатчиликка сиздирди.

“Ўзбекистон музейларида умумий қиймати 47 миллиард сўмлик картиналар йўқолган”

“Ўзбекистон” телеканали “Ахборот” дастурининг 2 сентябрдаги сонида Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейида мутахасислар текширув ўтказгани ва музейда 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 28 август куни жиноят иши очгани хабар қилинди.

“Ахборот” мухбирининг билдиришича: “Музейда рассом Ганнинг “Дам олишда”, Кашинанинг “Овулда”, Сафроновнинг “Кўк тасмали шляпа кийган аёл портрети”, Турусовнинг “Узумзор” ва Караханнинг “Лола терган аёллар” асарлари ўрнига, уларнинг инвентарь рақамлари ва номлари остида чизиш техникаси,ўлчамлари, материаллари, сюжети ва муаллифлик ёзувига кўра аслига мутлақо тўғри бўлмаган картиналар сақланган”.

Мазкур ҳолат мутахасислар текшируви, жумладан, ультрафиолет нурларини қўллаш орқали анализ қилиш востасида аниқланган. “Ахборот”нинг хабар беришича, мутахасислар музейда сақланаётган 85 минг экспонатдан 800 картинани текшириши натижасида юқорида тилга олинган 5 асарнинг музейда йўқлигини аниқлаган. Бу картиналарнинг умумий қиймати 581 миллион 625 минг сўмни ташқил қилади.

“Ахборот” хабарида, шунингдек, Ангрен галереясида Виктор Уфимцевнингкўп асарларининг асл нусҳалари йўқлиги, Ўзбекистон Давлат санъат музейида эса 278 картинанинг асли эмас, нусҳалари сақланаётгани аниқлангани айтилган. Бу картиналарнинг умумий қиймати 47 миллиард сўмни ташкил қилган.

Бобоназаровага босим ўтказишмоқчими?

“Ахборот” Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан сиздирилган мазкур хабарни Нукусда Игорь Савицкийнинг 100 йиллиги тантанали нишонланиши арафасида тарқатди. Қорақалпоқ Давлат санъат музейининг асосчиси ва жаҳонга машҳур коллекциянинг тўпловчиси бўлган Игорь Савийцкий юбилейи 4 сентябрда Нукусда нишонланди.

“Ўзбекистон” телеканали картиналар тўғрисидаги хабарни тарқатишидан бир ҳафта олдинроқ, яъни 24 августда Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейини 1984 йилдан бери бошқариб келаётган Мариника Бобоназарованинг ишдан олингани санъатшунослар, музейлар ходимлари ва экспертлар орасида шов-шувга ҳамда қизғин муҳокамага сабаб бўлганди. Қорақалпоқ Давлат санъат музейнинг 86 кишилик меҳнат жамоаси эса Бобоназарованинг ишга қайта тикланишини талаб қилган.

Халқаро экспертлар, санъатшунослар ва музей ходимлари Савицкий номидаги музей директори ишдан бўшатилиши ортидан "музей талон-тарож бўлиш хавфи остида қолмоқда", деган хавотирни билдирган эди. Негаки, Бобоназарова умумий қиймати 2 миллиард долларга баҳоланган картиналар сақланадиган музейни “31 йил давомида қўриқчи итдай қўриқлаб келгани” ва “музейни талон тарож қилишга йўл бермагани” айтиб келинади.

Озодликка маълум бўлишича Тошкентда НАТОга аъзо давлатлар элчилари бир орага йиғилиб¸ музей тақдирини муҳокама қилишган.

Бу воқеалардан бир неча кун ўтгач, Мариника Бобоназарова ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини чақиртириб олганди. “Ахборот” дастурида Савицкий музейидаги 5 картина йўқлги ва жиноят иши очилгани тўғрисидаги хабар музей асосчисининг 100 йиллигини нишонлаш арафасида ҳамда Бобоназарова ўз ишига қайтганидан сўнг эълон қилингани ҳам шубҳа уйғотмоқда.

“Йўқолган картиналар бўйича тергов давом этаяпти”

Мариника Бобоназарова Савицкий юбилейи тадбирларида банд бўлгани сабабли картиналарнинг йўқолиши масаласида у билан бевосита суҳбатлашиш имкони бўлмади. Бироқ ўз номини айтмаган музей расмийларидан бири бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:

- Ҳозир бу масалада текширув кетаяпти. Шунинг учун бирон нарса айта олмаймиз.Кейин, бу телефонда айтиладиган гап эмас, -деди музей расмийси.

Мариника Бобоназарованинг ўзи эса 29 август куни Ўзбекистон Маданият вазирига ёзган очиқ хатида ишдан бўшатилишидан олдин бир ярим ой ичида вазирликка ўзи ва музей ходимлари 12 рапорт жўнатганини айтган. Бобоназарова рапортларнинг моҳиятини очиқламаган ҳолда, мана бу сўзларни ҳам ёзган:

“Сиз ҳурматли ва тажрибали экспертлардан иборат комиссия жўнатишга ваъда берган эдингиз, лекин охир-оқибат музейни барчамиз, жумладан, мамлакат имижи учун катта муаммоларни келтириб чиқарган майда товламачиларга ғажиб ташлаш учун қолдирдингиз”.

Озодлик манбаларига кўра¸ жорий йил июнь ойида Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги томонидан тайинланган мутахассис Серик Байбосинов бошчилигида музейда тафтиш олиб борган комиссия Савицкий коллекциясидаги бир неча асарни қалбакисига алмаштирилгани ҳақида хулоса берган.

Манбанинг уқтиришича¸ комиссияга Ўзбекистондаги етакчи мутахассислар жалб қилинган. Маълум бўлишича¸ уларнинг баъзилари бундай экспертизанинг музей раҳбарини ишдан олиш учун атайлаб қилинаëтганидан норози бўлиб, комиссияни тарк этишган.

Музей муҳофизининг айтишича¸ Ўзбекистонда картиналар ҳаққоний ё сохталигини аниқлаш ваколатига эга мутахассислар ва ускуналар йўқ ва бу фақат халқаро экспертлар иштироки билан амалга оширилиши мумкин.

Савицкий ҳақида қисқа маълумот

Қорақалпоқ Давлат cанъат музейида Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарлари сақланади.

Мазкур коллекция 1915 йил 4 августида Киевда туғилган¸ 1950 йилда Москвадан Қорақалпоғистонга кўчиб ўтган рассом, этнограф ва санъатшунос Игорь Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида тўпланган. Савицкий коллекцияси Рус ва Туркистон авангард тасвирий санъатининг иккинчи энг йирик коллекцияси ҳисобланади.

4 сентябрда Савицкийнинг 100 йиллиги Нукусда тантанали нишонланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG