Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:00

Тошкентдаги Тўхтабой масжиди ёнида портлаш рўй берди


Тўхтабой масжиди рўпарасидаги автобус бекатида номаълум шахс томонидан ташлаб кетилган қўлбола портловчи модда портлаган.
Тўхтабой масжиди рўпарасидаги автобус бекатида номаълум шахс томонидан ташлаб кетилган қўлбола портловчи модда портлаган.

4 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган Тўхтабой масжиди ёнида портлаш рўй берди. Милициядан олинган хабарга кўра, масжид яқинидаги автобус бекатида қўлбола портловчи модда портлаган. Портлаш натижасида одамлар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмагани айтилаяпти.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича, “Шарқ” тўйхонасининг олдида, Чорсу бозорига яқин жойдаги Тўхтабой масжиди рўпарасидаги автобус бекатида номаълум шахс томонидан ташлаб кетилган қўлбола портловчи модда портлаган.

Манбага кўра, одамларга шикаст етмаган. Ҳозирда портловчи моддани ташлаб кетган одам қидирилмоқда.

Портлаш содир бўлган жойда Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлими, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизмати бўлинмалари иш олиб бормоқда.

Гувоҳлар бугун жума намозидан сўнг рўй берган портлаш кучли бўлмагани, лекин унинг овози Чорсу бозорини ларзага солганини айтишмоқда.

Ҳодиса жойини бориб кўришга уринган тошкентликлардан бирининг айтишича, портлаш рўй берган ҳудуд милиция тарафидан ўраб олинган.

"Ҳодиса жойида автомат кўтарганлар турибди ва ҳеч кимни ўтказмаяпти", деди тошкентлик манба.

​Чорсу бозорида савдо билан шуғулланувчи тадбиркор Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, одамлар портлаш овозини эшитган:

- Намоз тугаганидан сўнг портлаш овози эшитилди. Бошқа ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Портлаш ўша жойдан 150-200 метр узоқликда эшитилди. Мен ҳозир Чорсуда ўтирибман, ўша жой мендан 150 метр узоқликда. Портлаш эшитилди, лекин нима бўлди билмаймиз. Ҳеч қанақа ахборот берилмаяпти, аҳоли орасида ҳар хил гап-сўзлар тарқалган, - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

"Бу ўқув машғулоти эди"

РИА "Новости" ахборот агентлигининг Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига таяниб ёзишича, Чорсу бозори яқинида содир бўлган “портлаш” Тошкент ички ишлар вазирлиги бош бошқармаси бўлинмаларининг ўқув машғулоти бўлган.

“Соат 13:32да Тошкентдаги масжидларнинг бирининг ёнида жойлашган автобуслар бекатида шартли террорчи қўлбола портловчи қурилмани ҳаракатга келтирди. Шундан кейин “тревога” буйруғи билан шаҳар милицияси кучлари ва воситалари оёққа турғазилди ва ички йўриқномаларда талаб қилинганидек портлаш юз берган ҳудуд ўраб олинди”, деб айтилмоқда матбуот хизматида.

Бундан мақсад тезкор хизматларнинг ҳушёрлиги ва тезкорлигини текшириш бўлгани айтилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарларида "Исломий Давлат" экстремист гуруҳининг таҳдидли варақалари топилгани ҳақида хабарлар берилди.

Бир неча ой аввал Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Паркент туманларида Сурия ва Ироқда фаолият юритаётган "Исломий Давлат" гуруҳиникига ўхшаш байроқ осиб кетилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йилнинг август ойида эса, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўприкка "Исломий Давлат"никига ўхшаш байроқ осиб кетилгани ва кўплаб одамлар сўроқ қилингани маълум.

Ҳозирча Ўзбекистон расмий матбуотда Тошкентдаги портлаш ҳақида ҳеч қанақа хабар бермаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам бу ҳақда жамоатчиликка расмий билдириш қилмаган.

Тошкентдаги Тўхтабой масжидига тўқсонинчи йилларда таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаров имомлик қилган ва ушбу масжид тошкентликлар орасида "Обидхон қори масжиди", деб ҳам аталади.

Қамоққа олиниш хавфи боис Обидхон қори Назаров 1998 йилда мамлакатни тарк этган ва 2006 йилда Швецияда бошпана топган эди.

Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни ҳозирда "Исломий давлат" сафига қўшилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ)га алоқадорликда айблаб келади.

2012 йилда Швецияда Назаровга қарши суиқасд уюштирилди ва ҳануз кома ҳолатида ётибди. Обидхон қори Назаровнинг ўзи ЎИҲга алоқадорлигини рад қилиб келган.

XS
SM
MD
LG