Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:27

Қашқадарёда "ночор" ўқитувчи пахтада пул ишлаш учун "ариза” ёзмоқда


Ўзбекистонда пахтага оммавий сафарбарлик 5 сентябрдан бошланиши кутилмоқда
Ўзбекистонда пахтага оммавий сафарбарлик 5 сентябрдан бошланиши кутилмоқда

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси мактаб ўқитувчиларини пахтага жалб қилишнинг “гап тегмайдиган” усулини ўйлаб топди. Пахта теримига чиқариладиган ўқитувчилар мактаб директори номига “оилавий шароити” ёмонлиги боис пахтада уч-тўрт сўм ишлаб олиш ҳақида ариза ёзишга мажбурланяпти. Кузатувчиларга кўра, бундай “аризалар” текширувчиларга кўрсатиш учун йиғилмоқда.

Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармасига қарашли умумтаълим мактабларида ўқитувчилардан "оилавий шароити ночорлиги" учун ўз хоҳиши билан пахта теримига чиқиш ҳақида ариза ёздириб олиняпти.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарда айтилишича, Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси ўз тизимидаги умумтаълим мактаблар, мактабгача тарбия муассасалари педагогларини 2015 йилги пахта йиғим-теримига жалб қилишнинг антиқа усулини кашф қилган.

“Мактаб ёки таълим муассасаси раҳбари номига ёзилган аризада педагог ёки тарбиячи: “...оилавий шароитим ночорлиги боис менинг пахта йиғим-теримида иштирок этишимга рухсат беринг” дея илтимос қилиши лозим”, дейилади хабарда.

Муборак туманидаги ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича, 2, 4- умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларидан шундай мазмундаги ариза ёздириб олинган:

“Бундай аризалар 50 ёшга кирмаган ўқитувчилардан ёздириб олинди. Биз ҳар йили пахта теримига ўз ихтиёримиз билан чиқдик, деб ёзиб берардик. Бу йилгисида эса, “оилавий шароитим қийин бўлиб, пулга муҳтож бўлганлигим сабабли пахтага чиқишимга рухсат беришингизни сўрайман”, деб ёзиб бердик”, деди исмини очиқламасликни сўраган ўқитувчи.

Унинг айтишича, бундан ташқари ҳар бир ўқитувчи паспорт нусхаси ва битта расмини ҳам топшириши керак:

“Ҳар йили биз ўрнимизга одам ёллардик. Бу йил эса ҳар ким ўз ўрнига чиқиши шарт экан. Маҳалладаги ишсизларни вилоятдан келган вакил маҳалла оқсоқоли билан бирга юриб, ёзиб чиқяпти. Уларни ёллаш бу йил мумкин эмас экан, улар теримга алоҳида олиб чиқилар экан”, деди мубораклик ўқитувчи.

Қарши туманидаги Озодлик манбаси ҳам ўқитувчилардан шундай мазмундаги аризалар ёзиб олинганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Мен бундай аризаларни ўз кўзим билан кўрдим. Ўқитувчилар ҳар хил мазмунда ариза ёзган. Биров болаларимга кийим-кечак қилиш учун деган бўлса, биров оилавий шароитимни яхшилаб олиш учун деб ёзган. Қарши туманидаги 55, 34, 7, 15- сонли мактабларнинг ҳаммасида шундай аризалар ёздириб олинган, деди манба.

Озодлик Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармасининг пахта масаласига масъул мулозими Собир Маъдиев билан боғланди. Суҳбат бошида бинойидек гаплашган Маъдиев, Озодлик радиосидан эканлигимизни билгач, мажлисда эканини рўкач қилиб телефонини ўчириб қўйди. Мулозим билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятованинг айтишича, халқ таълими мулозимларининг бундай маънодаги аризаларни ёздириб олиши, энг аввало ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳволи хароб эканлигини исботлайди:

- Ўқитувчининг маоши ўзига етадими ёки йўқми, бу бошқа масала. Энг муҳими эса ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани. Ўқитувчи ўзининг шартномасидаги ишларни қилмасдан, ўз-ўзидан пахтага чиқаман деб ариза ёзиши, бу абсурд. Бу бир карра шармандалик эмас, балки минг карра шармандалик. Ахир пахта териш ўқитувчининг вазифаси эмаску, унинг вазифаси болаларга таълим ва тарбия бериш. Ўқитувчиларнинг пахтага чиқарилишини ҳокимлар ҳам, Халқ таълими вазирлиги ҳам, Вазирлар Маҳкамаси ҳам жуда яхши билади, лекин ўзини билмаганга солади,- деди Васила Иноятова.

Васила Иноятова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:27 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда пахта терими машаққати биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

Куни кеча Бухоро Тиббиёт коллежида 18 ёшга тўлмаган 2-курс ўқувчиларидан ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиш ҳақида ариза ёздириб олинаётгани хабар қилинди.

Озодликка етиб келган маълумотга кўра¸ Миллий университетнинг 3-4 курс талабалари ва магистрантларининг ҳам бу йил Жиззах вилоятига ëппасига пахтага чиқарилиши кутилмоқда.

Кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG