Линклар

logo-print

Прокурор: Обид қори Назаровга суиқасд излари Тошкентга, "Пахтакор"га ва ўзбек режимига элтмоқда


Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон

Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон

Обид қори Назаровга ўқ узганликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский Европа Иттифоқига виза олиши учун Тошкентнинг “Пахтакор” командаси бош директори расмий илтимоснома ёзиб берган. Суиқасдни тергов қилаётган Швеция прокурори Кристер Петерсоннинг Озодликка айтишича, Рустам Кўпайсинов исмли шахс имзоси билан ёзилган сўровномада Жуковский Эстониядаги футбол клубларидан бирига тажриба алмашиш учун бориш ниятида бўлгани ёзилган. 2012 йил фервалида ўзбекистонлик имомга ўқ узганликда гумонланаётган Жуковский ўтган ҳафта Россиядан Швецияга экстрадиция қилинди.

Юрий Жуковскийни пайшанба куни сўроқ қилган Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсоннинг Озодликка айтишича, гумонланувчи тергов билан ҳамкорлик қила бошлаган. 4 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда Швед прокурори гумонланувчига Европа Иттифоқи визасини берилиши илтимоси билан Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби бош директори Рустам Кўпайсинов исмли шахс номидан расмий сўровнома ёзилган, дея билдирди.

- Жаноб Жуковский Ўзбекистон фуқароси бўлгани боис Европа Иттифоқига келиш учун виза олиши керак бўлган. Биз унинг 2011 йил куз ойларида икки марта ЕИ визасига ариза топширганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Аризаларда у “Пахтакор” футбол клуби маъмури лавозимида ишлашини билдирган. Қўлимизда виза тақдим этилиши илтимос қилинган хатлар бор. Бу хатларга “Пахтакор” командасининг бош директори Рустам Кўпайсинов имзо қўйган. Бу хатда у (Рустам Кўпайснов-таҳр.) Жуковский “Пахтакор” футбол клубида маъмур бўлиб ишлаши ва Европа Иттифоқига сафардан мақсади у ердаги футбол клубларидан бирига бориш, деб ёзган.

Швед прокурорининг айтишича, Жуковский “Пахтакор” клубида ишлаганини тасдиқлаб беришни сўраб, Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилган, лекин жавоб олмаган. “Шундан кейин “Пахтакор” клуби бош директорига электрон мактуб жўнатдим, унга ҳам жавоб олганим йўқ”, дейди терговчи.

- Жаноб Жуковский ҳақиқатан “Пахтакор” футбол клубида ишлаганми, йўқми буни билиш учун Ўзбекистон расмийларига айрим шахслар билан суҳбатлашишга рухсат беришларини сўраб мурожаат қилдим, лекин улардан жавоб бўлмади. Шундан кейин, ўтган ҳафта “Пахтакор” бош директорининг ўзига имейл жўнатдим, лекин ундан ҳам ҳозирча жавоб бўлмади,- дейди Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон.

"Пахтакор" ФК бош директори Рустам Кўпайсинов (расм "Пахтакор" расмий сайтидан олинди)

"Пахтакор" ФК бош директори Рустам Кўпайсинов (расм "Пахтакор" расмий сайтидан олинди)

Озодлик “Пахтакор” клуби бош директори Рустам Кўпайсиновнинг ўзи билан ҳам боғланишга муваффақ бўлди. Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Кўпайсинов Швеция прокуратурасидан электрон мактуб олганини тасдиқлаб, бу ҳақда “керакли одамларга хабар қилдим. Мен сиз билан бу ҳақда гаплашадиган ваколатим йўқ”, дея таъкидлади.

Озодликнинг “2011 йилда Юрий Жуковскийга Шенген визаси берилишини сўраб расмий хат ёзиб берганмисиз”, деган саволига “Пахтакор” жамоаси бош директори:

“Бу масалаларнинг менга умуман алоқаси йўқ. Мен кимгадир виза олишга ёрдам берсаму, у ерга бориб нимадир қилиб қўйса, мен айбдор бўлишим керакми? Мен бу мавзуда умуман гаплашишни истамайман”, дея жавоб берди.

Эслатиш жоиз, 2011 йилда “Пахтакор” футбол клуби президенти лавозимини ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Ботир Раҳимов эгаллаган. Ўша пайтда Раҳимов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олингани хабар қилинган эди. Орадан кўп ўтмай озод этилгани иддао қилинган тадбиркорнинг ҳозирда қаерда экани номаълум қолмоқда.

Юрий Жуковский Эстонияга бориш ўрнига Швецияда бўлган

Юрий Жуковский Эстонияга бориш ўрнига Швецияда бўлган

Терговчи Кристер Петерсоннинг айтишича, расмий сўровномада Жуковскийнинг Эстониядаги футбол клубига тажриба алмашиш учун бориши ёзилган. Лекин Европа Иттифоқи ҳудудида бемалол ҳаракатланиш ҳуқуқини берадиган Шенген визасини олган гумонланувчи Эстонияга бориш ўрнига, Швецияга келган, дея давом этади терговчи.

- Биз бу футбол клуби билан боғландик. Ҳақиқатан, бу клубдан фалончи келса бўладими, деб сўрашган. Лекин у (Жуковский-таҳр.) келмаган. Аслида эса, у Эстониядаги футбол клубига бориш керак бўлган вақт давомида Швецияда бўлганини аниқладик.

Швед терговчиси Жуковскийнинг Шенген визаси Латвиянинг Россиядаги элчихонаси томонидан берилганини қўшимча қилди.

Кристер Петерсон пайшанба кунги сўроқ пайтида Жуковский айрим маълумотларни берганини ва тергов билан ҳамкорлик қилишга мойиллик кўрсатаётганини таъкидлади. Лекин Озодликнинг Жуковский “Пахтакор” клубида ишлаганини тан олдими, деган саволига ҳозирча жавоб бера олмаслигини билдирди.

Ўзбекистонлик таниқли имом, Тошкент ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Обид қори Назаров 2012 йил 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида суиқасдга учраган эди. Уч ярим йилдан бери фалаж ҳолатда қолаётган имомга бевосита ўқ узганликда гумонланаётган Юрий Жуковский ўтган ҳафта Россиядан Швецияга экстрадиция қилинди.

Озодликка ҳафта бошида интервью берган швед терговчиси суиқасдни Жуковский амалга оширганини ва унинг ортида Тошкент ҳукумати туришини судда исботлаш ниятида эканини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG