Линклар

Қочувдаги генерал Ҳожи Ҳалим ким?

Абдуҳалим Назарзода бирор ҳарбий мактаб эмас, балки Тожикистон фуқаролар уруши «тарбиялаган» генераллар сирасидандир. Тожикистонда Ҳожи Ҳалим номи билан танилган генерал-майор Абдуҳалим Назарзода, Бирлашган тожик мухолифатининг ҳукумат сафларида 2015 йил августига қадар қолган бармоқ билан санарли намояндаларидан биридир. Назарзода томонидан уюштирилган ҳужумларда 22 одам, жумладан, 9 полициячи ва 13 жангари ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.


Абдуҳалим Назарзода 1997 йилдан буён Мудофаа вазирлигида ишлаётганди

Абдуҳалим Назарзода 1997 йилдан буён Мудофаа вазирлигида ишлаётганди

14:47 7.9.2015

Қочувдаги генерал Ҳожи Ҳалим ким?

Абдуҳалим Назарзода бирор ҳарбий мактаб эмас, балки Тожикистон фуқаролар уруши "етиштирган" генераллар сирасидандир.

Тожикистонда Ҳожи Ҳалим номи билан танилган генерал-майор Абдуҳалим Назарзода, Бирлашган тожик мухолифатининг ҳукумат сафларида қолган бармоқ билан санарли вакилларидан бири эди.

У 1964 йилда Рўдакий туманида ишчи оиласида дунёга келди, Душанбе четидаги Қаротегин кўчасида вояга етди.

Шўро даврида Абдуҳалим Назарзода даставвал тўқимачилик комбинатида, кейинчалик ҳарбий хизматни адо этгач, яна икки йил “Курортстрой”да ишлади.

1986 йилда эса “Межоблагропром”да омбор мудири этиб тайинланди.

Ўзининг илк ҳарбий дипломини 2007 йилда Россия Бош штаби ҳарбий академиясидан олган пайти Абдуҳалим Назарзода аллақачон 43 ёшга, Тожикистон Миллий Университетини битирган пайти эса 45 ёшга кирганди.

Унинг исми илк бор 1992 йил баҳорида бир гуруҳ ёшлар билан бирга Садриддин Айний ҳайкали ўнгида “Душанбе ёшлари митинги”ни ташкиллаштирган чоғи тилга олинди.

Ушбу митинг иштирокчилари кейинчалик мухолифат сафларига қўшилганини эълон қилди.

Айни йилда Тожикистонда мухолифат қисқа муддатга иқтидорга келгач, Абдуҳалим Назарзода Ҳажга сафар қилди ва кўпчилик орасида “Ҳожи Ҳалим” номи билан танилди.

Унинг собиқ сафдошлари сўзларига кўра, Ҳожи Ҳалим Вахш водийси ва кейинчалик Душанбе шаҳридаги жангларда ҳукуматнинг “Халқ Фронти”га қарши Душанбе ёшларига етакчилик қилди.

Собиқ мухолифат вакилларидан бирининг айтишича, “Ҳожи Ҳалим овчи эди ва 1992 йилги жангларда ов милтиғи билан жанг қиларди. Яхши мерган бўлгани учун тез орада обрў қозонди ва, ўша пайт истилоҳида айтганда, “қўмондон” бўлди.

Аммо “Халқ Фронти” ғалаба қозониб, Имомали Раҳмон ҳукумати иқтидорга келгач, мухолифатнинг бошқа қўмондонлари сингари урушни давом эттирмай, Қозоғистонга қочди ва у ерда 1997 йилга қадар тижорат билан шуғулланди.

1997 йилда Тожикистонда тинчлик битими имзолангач, Душанбега машиналар карвони билан қайтди ва Тожикистон Миллий Яраш Комиссиясига 10 дона “жип” совға қилди.

Тожик мухолифатининг раҳбари Саид Абдуллоҳи Нурий талаби ва мухолифатга ҳукуматда берилган 30 фоизлик квотага мувофиқ, Ҳожи Ҳалимга бирданига полковник рутбаси берилди ва у 25-батталионга қўмондон этиб тайинланди.

Бу фуқаролар уруши йилларида жабҳаларда жанг қилган мухолифатнинг бошқа қўмондонлари орасида кескин норозлик уйғотди.

“Биз жабҳада қон тўкаркан у хорижда “Сникерс” еб юрарди. Мухолифат раҳбарлари ўз моддий манфаатини ўйлаб бизнинг ролимизни кўрмасликка олишди”, деб айтганди мухолифат қўмондонларидан бири ўшанда.

Ҳарбий маълумот ва катта уруш тажрибасига эга бўлмаса ҳамки, Ҳожи Ҳалим музокаралар олиб бориш ва тарафларни яраштиришга моҳир эди.

Айнан шу маҳорати туфайли даставвал уни ёқтирмаган қўмондолар ҳам кейинчалик Абдуҳалим Назарзода билан дўстлашди.

Айнан шу маҳорати туфайли Ҳожи Ҳалим 2015 йил августига қадар ҳукумат сафларида қолди ва ҳатто юқори мартабаларга эришди.

Тожикистонда фуқаролар уруши тугагач, 25 баталлион барҳам топди, аммо Абдуҳалим Назарзода мудофаа вазирлигида қолди.

У 2007 йилда Россия Бош штабининг Михаил Фрунзе номидаги ҳарбий академиясини тамомлади ва бир неча йил давомида Тожикистон Мудофаа вазирлиги ички хавфсизлик раёсатига раҳбарлик қилди, генерал-майор рутбасига соҳиб бўлди ва 2014 йилнинг январь ойида Мудофаа вазирининг муовини этиб тайинланди.

Бу орада Ҳожи Ҳалимнинг исми икки марта матбуотда тилга олинди.

2012 йилда тожик мухолифатининг собиқ қўмондонларидан бири, 2004 йилда 23 йилга қамалган Муҳаммадрўзи Искандаров уни Москвадан Душанбега экстрадиция этишларида Ҳожи Ҳалимнинг қўли бўлганини иддао қилиб чиқди.

Ортидан мухолифатдаги “Ватандор” ҳаракатининг раҳбари Додожон Атовуллоҳ ҳукумати мухолифатнинг хориждаги етакчиларини йўқ қилиш мақсадида махсус гуруҳ тузгани ва бу ишни амалга ошириш учун Ҳожи Ҳалим бир миллион доллар олганини иддао қилди.

Бироқ 2013 йил январида Абдуҳалим Назарзода Озодликка интервью бериб, мазкур айбловларни мутлақо инкор этди.

Назарзода, агар керак бўлса, Додожон Атовуллоҳ билан истаган жойда учрашиб, унинг ноҳақ эканини исботлашга тайёр эканини айтди.

Айни пайтда Абдуҳалим Назарзода муваффақиятли тижоратчи сифатида ҳам тилга олинади.

Унинг собиқ тижорий шерикларидан бири мана бундай ҳикоя қилади: “1997 йилда Тожикистонга қайтган пайтимизда Ҳожи Ҳалимда кўп пул бор эди. Ўша пайтларда қаровсиз қолган давлат корхоналари сотувга қўйилди. Ҳожи ўз ака-укалари билан Душанбе шаҳрида нон комбинати, Кофарниҳон шаҳрида паррандачилик фабрикаси ва яна ўнлаб ширкатларни хусусийлаштириб олди. Биргина паррандачилик фабрикасини эронликларга сотган пайти Ҳожи бир неча миллион доллар фойда кўрди. Пулдор одам эди. Ўзига тинч эди.”

Аммо 4 сентябрь куни юз берган ҳодисалар 51-яшар генерал эришган ҳам тижорий ва ҳам шахсий муваффақиятга нуқта қўйди.

Ваҳдат шаҳридаги ички ишлар идораси ва Душанбе шаҳридаги Мудофаа вазирлигининг бош қароргоҳига қилинган қуролли ҳужумлар ортидан Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу ҳужумлар учун масъулиятни Ҳожи Ҳалим зиммасига юклади ва у бир гуруҳ қуроллилар билан бирга Ромит дарасига қочганини айтди.

Ўша куннинг ўзидаёқ Тожикистон ҳукумати қарори билан Абдуҳалим Назарзода Мудофаа вазирининг муовини лавозимидан четлатилди.

Ички ишлар вазирлиги хабарларида Абдуҳалим Назарзода Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси аъзоси сифатида тилга олинади, аммо тақиқланиш арафасида турган бу партия вакилларига кўра, Назарзода партиянинг ёпилишини дастаклаб имзо қўйган мухолифатнинг 12 вакилидан бири бўлган.

Аммо, Абдуҳалим Назарзодани барча унвон ва бойликдан воз кечиб, қўлига қурол билан тоққа чиқиб кетишга ундаган омиллар ҳануз маълум эмас.

Нима бўлганида ҳам бир ҳолат аниқ: Абдуҳалим Назарзода расман ҳукуматга қарши қуролли исён қилишда айбланган бешинчи генералдир.

15:30 6.9.2015

Генерал Назарзодага кўмак кўрсатганликда айбланиб армиянинг икки зобити қўлга олинди

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги генерал Абдуҳалим Назарзода гуруҳи томонидан Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида уюштирилган қуролли ҳужумларга кўмак кўрсатганликида айбланиб Мудофаа вазирлигининг икки зобити қўла олинганини билдирди.

Хабарда айтилишича, қўлга олинганлардан бири десант бригадасининг сиёсий – тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Мустафо Назаров ҳамда иккинчиси мудофаа вазирлиги молия ва бюджет бошқармаси катта инспектори насим Юсуфовдир.

Ҳозирча Мудофаа вазирлиги ички ишлар вазирлигининг мазкур маълумотини шарҳлагани йўқ.

Ички ишлар вазирлигига кўра, қўлга олинган шаҳслар “ҳужумлар уюштирилиши ҳақида олдиндан милицияни огоҳлантириш имкониятига эга бўлган, бироқ уларнинг бепарволиги оқибатида одамлар ҳалок бўлган”.

14:35 6.9.2015

Бугун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ваҳдат шаҳрига борди

Расмий маълумотларга қараганда, Ваҳдат шаҳри яқинидаги Ромит дарасида Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида жума куни юз берган иккита қуролли ҳужумни уюштирганликда айбланаётган генерал Назарзодани қўлга олиш амалиёти давом этмоқда.

Тожикистон президенти расмий сайтида Имомали Раҳмон Ваҳдатга одамларнинг турмуши билан танишиш, ижтимоий муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналари очилишида иштирок этиш учун келган.

Раҳмоннинг ташрифи Ваҳдат яқинидаги Ромит дарасида мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ва унинг тарафдорларини қўлга олиш бўйича амалиёт давом этаётган бир пайтга тўғри келди.

Айни пайтда 6 сентябрь куни эрталаб "Теппаи Самарқандий" қишлоғида ўқ отилгани айтилмоқда. Лекин расмийлар ҳам, норасмий манбалар ҳам бу воқеа юзасидан бюирон бир маълумот беришдан тийилмоқда.

Имомали Раҳмон ташрифи давомида сўзлаган нутқида Ваҳадат ва Душанбедаги ҳужумларни қоралади ҳамда “Исломий давлат” террорчилари сафида 46 ваҳдатлик бўлганини айтиб, уларнинг 15 нафари ўлдирилганини билдирди. Имомали Раҳмон ўз сўзи давомида 4 сентябрь куни Ваҳдат милициясига қуролли ҳужум уюштирган жангарилар албатта жазоланишини ваъда қилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги айни пайтда мамлакатда вазият барқарор ва назорат остида эканини билдирмоқда.

13:40 6.9.2015

Имомали Раҳмон Владимир Путин билан телефонда гаплашди

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон 5 сентябрь куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди.

Тожикистон президентининг расмий сайтида хабар берилишича, Путин телефон орқали тўлиқ маълумот олганидан сўнг Имомали Раҳмонга мамлакатдаги барқарорликни таъминлаш учун Россия ёрдам беришга тайёрлигини айтган. Президентлар суҳбат давомида КХШТнинг Душанбеда ўтадиган саммити доирасида бу масалада алоҳида учрашишга келишиб олишди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, 5 сентябрь куни Душанбеда бир милиция ходими ўлдириб кетилган. Бундан ташқари кечки соат олтиларга яқин Ваҳдат шаҳрига кираверишдаги давлат автомобил назорати постига ҳам ҳужум қилинган. Отишмада ҳеч ким ҳалок бўлмагани ва яраланмагани айтилмоқда.

Ҳужумдан сўнг номаълум шахслар автомашина билан Ваҳдат шаҳрига қочиб кетишга муваффақ бўлган.

Расмий Душанбе 5 сентябрь куни милиция ходимининг ўлдирилиши ва Давлат автомобил постига ҳужум қилиниши 4 сентябрдаги воқеаларга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги тўғрисида маълумот бергани йўқ.

Қолганини юкланг

XS
SM
MD
LG