Линклар

logo-print

Соқоли туфайли калтакланган тожикистонлик талаба касалхонада жон берди


Умар Бобожоновни дафн қилиш маросими, Ваҳдат шаҳри, 2015 йилнинг 5 сентябри.

Умар Бобожоновни дафн қилиш маросими, Ваҳдат шаҳри, 2015 йилнинг 5 сентябри.

Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳрида, яқинларининг иддаосича, милиция ходимлари томонидан калтакланганидан кейин ҳушини йўқотган ва ўшандан буён комада ётган 23 ёшли Умар Бобожонов ҳаётдан кўз юмди.

Санкт-Петербург университетининг 3-курсида ўқийдиган ва ёзда туғилган юртига таътилга келган Бобожонов шу йилнинг 28 август куни калтакланганидан сўнг Ваҳдат шаҳар касалхонасига олиб келинганди. Умарнинг яқинлари унинг соқоли туфайли милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланганини иддао қилгандилар.

Умар Бобожоновнинг акаси Абдулло Бобожонов 5 сентябрь куни Озодликнинг тожик хизматига ҳушсиз ётган укаси жума оқшомида жон таслим қилгани ва уни шанба куни пешинга яқин дафн қилганларини айтди.

Умар Бобожонов бир ҳафтадан буён Ваҳдат шаҳар касалхонасининг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш мосламасига уланган ҳолда қолаётганди.

Бобожоновнинг калтакланиши ваҳдатликлар норозилигига сабаб бўлган. 31 август куни норозилар шаҳар касалхонаси олдида тўпланиб, Умар Бобожоновнинг калтакланишига алоқадор шахсларнинг жазога тортилишини талаб қилган.

Ўша куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари норозилардан тарқалишни сўраган, улар касалхона ҳовлисини тарк этиши билан эса тиббий муассаса чор-атрофини назоратга олганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу ҳодиса юзасидан текширув бошланганини, ҳозирда бу бўйича ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода топшириғига кўра вазир ўринбосари бошчилигида махсус тезкор-тергов гуруҳи тузилганини билдирди.

Сешанба куни ички ишлар вазирининг ўринбосари Искандар Солеҳзода касалхонада ётган Бобожоновни бориб кўрган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Ваҳдат шаҳар бўлими бошлиқ ўринбосари Алишер Абдурасулов эса Озодликка Умар Бобожоновга тан жароҳати етказилиши ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини айтган.

Тожик расмийларига кўра, Бобожоновнинг иши бўйича текширув ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда айрим милиция ходимлари Умар Бобожонов 28 август оқшомида маст аҳволда йиқилиб тушиб, бошини бетон тўсиққа уриб олгани, пировардида ҳушини йўқотганига оид иддаоларни ҳам илгари сурмоқдалар.

Жорий йил бошида Тожикистонда соқол қўйиб юрган фуқароларга нисбатан яширин кампания бошланганди. Бобожоновнинг яқинлари унинг ана шу кампания қурбони бўлганини даъво қилганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги соқол қирдириш кампаниясига алоқаси йўқлигини, раҳбариятдан бундай топшириқ бўлмаганини билдирган.

Тожикистонлик таҳлилчилар мулоҳазасича, соқолга қарши кампания расмийларнинг жамиятда экстремистик кайфиятларнинг кучайиши, ёшларнинг экстремистик гуруҳларга қўшилиши ва террорчилик хавфи ошишидан хавотирланаётганидан дарак беради.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари расмийларнинг соқолни мажбуран қирдириш ва “ёт либос”га қарши курашиш бўйича хатти-ҳаракатларини фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ўлароқ баҳолаганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG