Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:44

“Карвон” ва “Абу Сахий” тадбиркорларидан пахта учун пул йиғилмоқда


Тошкентнинг “Карвон” ва “Абу Сахий” бозорларида пахта терими учун пул йиғилаётгани ҳақида Озодликка шикоят бўлди. Айтилишича, "Карвон бозори"да дўкон эгаларидан бир кишини 10 кунга теримга чиқариш ёки теримчи ўрнига ёлланадиган мардикор учун 400 минг сўм бериш сўралмоқда. “Абу Сахий” бозорида эса пул миқдори тадбиркорлар ҳимматига ҳавола қилингани айтилди.

“Карвон” бозорида савдо қиладиган тадбиркорлардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳар бир дўкон эгасидан бир кишини ҳозирча 10 кун, кейинчалик зарур бўлса, 1 ойлик муддатга пахта теримига чиқариш ҳақида кўрсатма бўлган.

"Биз савдодамиз, ортиқча одамимиз йўқ, десак: "Унда бошни қотирмасдан 400 минг сўмдан 10 кунига пул беринглар", дейишди. Шу, ҳокимиятни одами, налогдан бор, йиғилиш қилиб айтишган. Биз ўзи ортиқча одам ушламаймиз савдода, унга ким ойлик беради?! Мажбур, пулини берасизми шунда - берасиз, бошқа иложингиз йўқ", деди исмини сир сақлаётганимиз тошкентлик тадбиркор.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган фаол - Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси Абдураззоқ Содиқов "Карвон бозори"даги вазиятдан хабардорлигини айтмоқда:

- Ўтган ҳафта йиғилиш қилиб, айтишган экан. Назаримда, пахта терими учун тадбиркорлардан йиғилаётган пул миқдори пахта ҳосилидан келадиган пулдан кўпдек. 10 кунга 400 минг бўлса, ҳисобланг, бир ойда 1 миллион 200 минг, битта дўконни ўзидан. "Ўрикзор"да ("Карвон бозори" назарда тутилмоқда - таҳр.) бунақа дўкондан қанча бор? Бунақа бозорлардан Тошкентда қанча бор? - дея савол ташлайди Содиқов.

Тошкентлик фаол Шоира Содиқбекова эса "Абу Сахий" бозорида ҳам пахта терими учун пул йиғиш кампанияси бошланганини айтмоқда:

- Ҳозирча, аниқ сумма айтилмаган. Менинг ўғилларим бу бозорда дўконни ижарага олиб, савдо қилади. Уларга: "Ким қанча беролса, кўнгилдан чиқариб берсин, мардикор ёллаб, пахтага олиб чиқамиз. Пахта теримида ёрдам қилинглар", деган мазмунда айтишибди. Унда ҳам дўконни эгаларидан сўраган, ижарада ўтирганлардан эмас. Лекин, бу ҳар йили бўладиган гап, - дейди Шоира Содиқбекова.

Бу суҳбатдош ҳам "Карвон бозори"да тадбиркорлардан пул йиғилаётганидан хабари борлиги, айни аҳвол, шаҳардаги бошқа давлат ва хусусий ташкилотларда ҳам бошланганидан хабардорлигини айтмоқда.

Ҳозирча номи тилга олинган ҳар икки бозор маъмуриятидан тадбиркорлар арзига бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Қуйида Шоира Содиқбекова билан суҳбатни тингланг:

“Карвон” ва “Абу Саҳий” бозорида пахта терими учун пул йиғилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:21 0:00
Бевосита линк

Тошкентлик Абдураззоқ Содиқов айни пайтда шаҳардаги поликлинкалардан бирида ишлайдиган турмуш ўртоғи билан бу йилги пахта терими мавсумига пул йиғиш масаласида қизиқ воқеа содир бўлганини айтмоқда.

Унга кўра, шу йилнинг июнь-июль ойларида тиббиёт муассасаси ходимлари ҳали пахта терими бошланмай туриб, ойига 30 минг сўмдан пул йиғишган. Аввалига, буни ҳар йилги одатий мажбурий йиғим, деб ҳисоблаган Абдураззоқ Содиқов норозилик билдиргани ва шу жумладан, хорижий ахборот воситалари, интернет нашрларига шикоятини йўллаганини айтмоқда.

Фаолга кўра, шикоят эълон қилинганидан бироз ўтиб, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги шикоят тафсилотларини ўрганган ҳамда Содиқовнинг турмуш ўртоғидан олинган 60 минг сўмни қайтарган.

- Кейин маълум бўлишича, ходимлар ўзлари ташаббус қилиб пул йиққан. Шифохона бош врачи буйруқ бермаган, ойлигидан ушлаб қолишмаган. Ишчилар ўзи "чёрный касса" қилиб, йиғишган экан, аввалдан эҳтиётимизни қилайлик, деб. Вазирлик расмийси хотинимни алоҳида чақириб: "Ким сизга тазйиқ қилса, айтинг менга, ўзим шахсан сизга ёрдам бераман", депти. Хар ҳолда, ишчига ёрдам беришганидан хурсанд бўлдим, - дейди Содиқов.

Айни пайтда, Содиқов хориж ахборот воситаларида шикояти чиқмаган тақдирда хотинидан олинган пул қайтарилмаслиги мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади ва ўтган йили айни муассасада ҳар бир ходимдан 70 минг сўмдан пул йиғилгани, унда ҳам ходимлар ўз ташаббуси билан йиққани айтилганини эслатиб ўтди.

Қуйида у киши билан қурилган суҳбатни тингланг:

Тиббиёт ходими арзидан сўнг пахта учун олинган пули қайтариб берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:10 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG