Линклар

logo-print

6 сентябрь куни Сурия, Афғонистон ва Ироқдан бўлган минглаб муҳожир Германияга кириб келишда давом этди.

Германия расмийлари 5 сентябрь куни мамлакатга бошпана изловчи 11 минг киши келгани, 6 сентябрь куни 10 мингдан зиёд одам келишини маълум қилдилар.

Аввалроқ Венгрия расмийлари Австрия ва Германияга ўтиб кетаётган бу муҳожирларнинг йўлини тўсиб, Европа Иттифоқидаги тартибга биноан улар қайддан ўтиши лозимлигини билдириб чиққанди.

ЕИ талабларини истисно қилган ҳолда Германия Венгрия ҳудудида бўлган барча қочқинни қабул қилишга тайёрлигини билдирди ва Будапештдан мамлакатга келган бошпана изловчиларни қайдга олишни талаб қилди.

Бу истиснога Австрия ҳам рози бўлиб, Венгриядаги муҳожирларни ўз ҳудуди орқали Германияга ўтказиб юборди. Айни пайтда Австрия канцлери Вернер Файманн ўз мамлакати бу фавқулодда чораларни бас қилиб, қонуний меъёрларга қайтишни режалаётганини билдирди.

Сербия орқали келган ўн минглаб муҳожирни махсус лагерларда тутиб, уларни Австрия ҳудудига ўтказмаётган Венгрия шанба куни муҳожирлар учун чегарани очган.

Эндиликда Германия ва Австрия расмийлари муҳожирларни ўтказиб юбориш гуманитар бўҳрон хавфини четлаб ўтиш учун амалга оширилган бир марталик чора эканини, бундан буён бундай бўлмаслигини айтмоқдалар.

XS
SM
MD
LG