Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:54

Жиззах ва Фарғонада пахтага оммавий сафарбарлик бошланди


Фарғона шаҳридан теримчиларнинг илк колоннаси Ёзёвонга йўл олди. Жиззах вилоятидаги баъзи шифохоналар ходимларининг юки Дўстлик ва Пахтакор туманларидаги дала шийпонларига обориб қўйилди. Айни пайтда, республика бўйлаб бюджетга қарам ишчи, пенсионер ва ёш болали аёлларга пахта теримига оммавий сафарбарликка шай туриш уқдирилмоқда.

Фарғонадан 18 та автобус пахтага йўл олди

Озодлик манбалари Фарғона шаҳрида бу йилги пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланганини хабар қилмоқда.

Исмини ошкор қилмаётган манба: "Душанба куни вилоятдаги олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчиларнинг биринчи группаси Ёзёвонга пахтага олиб кетилди", деб ёзди.

Фарғона шаҳрида истиқомат қиладиган пенсионерлардан бири маҳалла қўмитаси давлатдан бола ёки пенсия пули оладиганларнинг рўйхатини тузгани ва рўйхатга номи тушганлар бугун ёки эртага пахта теримига чиқишидан огоҳлантирилганини айтмоқда.

Бу хабарлар ортидан боғланган Озодлик мухбирига жавобан фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев 7 сентябрь куни Фарғонадан теримчиларни олган илк колонна жўнаб кетгани ҳақидаги хабарни берди:

- Мен эрталабдан бери шаҳарда эдим, лекин ҳашарчиларни пахтага олиб кетишга тайёргарликни кўрмадим. Мана ҳозир уйимга бир меҳмон кириб келди ва бир неча минут олдин ҳашарчилар билан 18 та "Отайўл" русумидаги автобус жўнаб кетганини кўрибди. Кечки пайт соат 5 да жўнаб кетганига қараганда, бу ҳашарчилар ётоққа кетишди,- дейди Абдусалом Эргашев.

Қўқонда нафақахўрлар рўйхати тузиб қўйилди

Қўқондаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими шаҳарда ҳар бир маҳалладан 10-15 кишини теримга ҳозирлаб қўйиш ҳақида топишириқ олганини айтди.

"Бизга ҳозирча ҳар битта маҳалладан 10 - 15 тадан теримчини тайёрлаб қўйинглар, чиқасизлар дейилган-да, олиб кетиладиган жойга йиғиб қўясизлар, дейишган. Энди шу нафақа пулига қараб қолганлар ёки давлатдан ойлик олиб ишлайдиганлар-да. Уларнинг рўйхатини тузиб, ҳокимиятларга бериб қўйганмиз. Шу 10-сентябрлардан кейин чиқасизлар, дейишяпти ҳозирча", деди исмини ошкор қилмаётганимиз маҳалла фаоли.

Унга кўра, пахта теримига чиқолмайдиганлар ўз ўрнига бошқа бирини чиқариши шарт:

"Ҳозирча мардикорга пул-мул, деган гап йўқ. Ўзи чиқмаса, ўрнига бирорта одам топиб берсин, дейишяпти холос. Энди терим бошланаверсинчи, кўрамизда. Лекин, Фарғона ва Андижонда терим бошланибди, одамлар душанбадан чиқяптийкан, деб эшитдик", деди маҳалла фаоли.

Жиззахда ишчиларнинг юки шийпонларга жойланди

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаев Жиззах шаҳридаги шифохона ва поликлиникалар ходимларининг юки вилоятнинг Дўстлик туманидаги пахтазорларда ҳашарчилар учун ҳозирланган ётоқларга олиб бориб қўйилган, деб хабар қилди:

- 3-4 сентябрь кунлари юклар кетган. Ишчиларнинг ўзига любой моментга тайёр бўлинглар, дейилган. Лекин, негадир бу йил қайси куни терим бошланиши аниқ айтилмаяпти. Олдин 5-сентябрь, деди. Энди эса икки-уч кун ичида, дейишяпти. Маҳаллалар ҳам тайёр турибди, - дейди фаол.

Ундан олинган маълумотга кўра, вилоятнинг баъзи туманларида ҳокимият ва куч ишлатар тузилмалар идоралари вакиллари бюджетдан пул олаётган аҳолига пахтага чиқиш мажбурийлигини уқдирмоқда.

Ғаллаоролда болали аёллар ётоққа мажбурланмоқда

Ўктам Пардаевдан олинган маълумотга кўра, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида маҳаллий ҳокимият расмийлари уйма-уй юриб, давлатдан бола пули олаётган аёлларни Дўстлик, Пахтакор туманларига ётоққа олиб чиқилишидан огоҳлантирмоқда.

- Ғаллаорол туманидаги маҳалла фуқаролар раислари болали аёлларни чақириб, ётоққа пахта теримига чиқишга мажбурлаяпти. Акс ҳолда, чиқмаганларга нафақа пули тўхтатиб қўйилишини уқдиряпти. Ўзи чиқадими, ўрнига одам ёллайдими - уларга фарқи йўқ. Чиқмаса, бола пулини кесиб ташлайди, - дейди Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаев.

Аҳолидан теримга чиқиш ҳақида тилхат олинди

Жиззах шаҳридаги хонадонларга тилхатлар тарқатилгани ва унга мажбуран қўл қўяётган шаҳарликлар ўз оиласидан бир кишининг терим тугагунига қадар далага чиқариш мажбуриятини олаётгани хабар қилинган.

Ҳужжатга хонадон эгаси ва оила аъзоларининг исми-фамилияси, паспорт маълумотлари ва пахта теримида қатнашишга розилигини тасдиқловчи имзоси туширилди.

Келаëтган маълумотларга кўра¸ айни кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб пахтага оммавий сафарбарлик бошланган ва ҳар бир оиладан тилхат олиш жараёни қарийб барча вилоятларда кузатилмоқда.

Озодлик манбалари тилхатга имзо қўйдириш вазифаси ўқитувчилар, маҳалла қўмиталари, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ëшлар ҳаракати ходимлари зиммасига юклатилганини айтмоқда.

Болалар ўрнига катталар мажбурий меҳнати

Ўзбекистон ҳукумати кучли халқаро босимлар ортидан 18 ëшга тўлмаган болаларни оммавий тарзда пахта теримига ҳайдаш сиëсатидан воз кечишга мажбур қолгани ортидан, пахта юки биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

Оқибатда, кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.

Бу йил катталар 1 млрд. долларлик пахтани теради

Ўзбекистон ҳукумати эса бу йил ҳам 1 миллиард АҚШ долларига тенг пахта толасини сотишни режаламоқда. Расмийларнинг билдиришича, Ўзбекистон президенти 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Халқаро пахта ярмаркаси ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ишчилари оммавий тарзда пахтага сафарбар қилинаётган пайтда пайдо бўлган хабарга кўра, бу йилги ярмаркада 50 мамлакатдан мингдан ортиқ фирма ва ширкатлар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Ўтган йилги пахта ярмаркасида Ўзбекистон қарийб 600 минг тонна пахта толасини 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа сотган.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланиши боис дунёнинг 150дан ошиқ ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳар йили 1 миллиард долларлик пахта толасини хорижга сотади.

XS
SM
MD
LG