Линклар

Путин Россия Марказий ҳарбий округ жанговар тайёргарлигини текширишни буюрди


Президент Владимир Путин Россия Марказий ҳарбий округи қўшинларига жанговар тайёргарлик машқини эълон қилди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг 7 сентябрь куни билдиришича, машқларда дессант қўшинлари ва ҳарбий транспорт авиацияси ҳамда бошқа ҳарбий округлардан ҳаво транспорт воситалари иштирок этади.

“Дессант қўшинларининг узоқ масофага ташланган ҳолатлардаги қобилиятлари ва нотаниш аэродромга парашютда тушган пайтдаги тайёргарлигини текширишимиз керак”, деди Шойгу.

Вазирнинг айтишича, 12 сентябрга қадар давом этадиган ҳарбий машқларда соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги вазирликларининг “уруш шароитларида ўз вазифаларини бажаришга тайёрлиги” ҳам текширилади.

Марказий ҳарбий округ Волга дарёсидан Урал тоғлари ва Сибирь минтақасигача бўлган ҳудудни ўз ичига олади.

Украина бўҳрони Москва билан Ғарб ўртасидаги муносабатларни Совуқ уруш давридаги ҳолатга келтириб қўйгани ортидан Россия ҳукумати армия салоҳиятини текшириш тадбирларини кўпайтирган.

XS
SM
MD
LG