Линклар

Тошкент оромгоҳларига ажратилган пуллар бу йил ҳам берилмади


Болаларнинг оромгоҳларда уч маҳал овқатланиши тадбиркорлар зиммасига юкланган.

Болаларнинг оромгоҳларда уч маҳал овқатланиши тадбиркорлар зиммасига юкланган.

Тошкент мактабларида ташкил қилинган 36та ёзги болалар оромгоҳига бюджетдан ажратилган пуллар жорий йилда ҳам берилмади. Кейинги уч йил ичида пойтахтдаги кундузги оромгоҳларда болалар овқатланиши учун бюджетдан жами 1 миллиард 80 миллион сўм ажратилиши лозим эди.

"Пулимизни яна беришмади"

Уч йиллик қарздорлик қопланмаётганидан зарар кўраётган Тошкент мактабларидаги ошхоналарни ижарага олган тадбиркорлар ва пойтахт мактабларининг бир гуруҳ директорларининг Озодликка 7 сентябрь куни қилган мурожаатига кўра, уларнинг додини эшитадиган бирор мутасадди топилмаяпти:

“Бу йил ҳам ёз бошида пулларимизни беришга ваъда беришганди. Лекин пулларимиздан дарак бўлмади. Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси дардимизга қулоқ осмаяпти. Туман бўлимлари эса бу ишдан ўзларини соқит қилишмоқда. Дардимизни кимга айтишни билмаяпмиз”, дейди Олмазор туманидаги мактаблардан бирининг раҳбари.

Беш йилдирки, Тошкент шаҳридаги мактабларда 4 сменадан иборат 40 кунлик ёзги кундузги болалар оромгоҳлари ташкил қилинган.

Мактаблардан олинган маълумотга кўра, кейинги уч йил ичида оромгоҳлар учун ажратилган пуллар мактабларга берилмаяпти. Мактаблар эса ўз навбатида ошхоналарни ижарага олган тадбиркорлар олдида қарздор бўлиб қолмоқда.

"2,5 ой аввалги ваъда: Берамиз пулларини"

Озодлик жорий йил июлида ҳам ушбу муаммони кўтарган пайтда оромгоҳлар фаолияти учун масъул мулозим, Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси бошлиқ ўринбосари Аваз Мамажонов қарздорлик жорий мавсумда тўла қопланишини ваъда қилган эди:

- КРУ (Назорат тафтиш бошқармаси.- таҳр.) томонидан ўрганилмоқда, ҳамма маблағ тушириб берилади яқинда. Бу пул бюджетдан ажратилмаган. Ҳомийлар ҳисобидан, ташкилотчилар ҳисобидан бўладиган маблағлар. Болаларнинг сони тўғрими, қанчалик тўғри берган овқатни, болалар сонига тўғри келадими, йўқми, шуни изучение қилишаяпти. Ревизионное управление ҳозир кўрганидан кейин ўшани ҳаммасини ҳисоб-китоби аниқ бўлгандан кейин маблағлар берилади. Ҳомийлик маблағларидан, ҳозир маблағлар йиғилаяпти. Тадбиркорлар манимча сал нотўғри гапирибди. Ўтган йилги маблағлар ва ундан олдинги йилдан қисман қолган пуллар бор. 2013 ва 2014 йиллар. Икки йиллик қарз бор. У ҳам тўлиқ эмас. Пуллари қисман берилган. КРУ текширгандан кейин ҳамма пули берилади,- деган эди 23 июнь куни Озодлик билан суҳбатда Аваз Мамажонов.

"Ваъдадан қайтиш: Ҳеч нарсани изоҳламайман"

Озодлик 7 сентябрь куни яна Мамажонов билан боғланганида, масъул саволларимизга жавоб беришдан бош тортди:

- Сиз марҳамат келинг, расмий қилиб қўлингизга маълумотни бераман. Мен телефон орқали ҳамма нарсани бериб юбора олмайман сизга, - дея Мамажонов оромгоҳлар бўйича қарздорлик қопланмаганини изоҳлашдан бош тортди.

Жорий йил 13 май куни Бош вазир Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган болалар оромгоҳларига бағишланган селектор йиғилишида қайд қилинишича, ҳар бир сменада битта боланинг уч маҳал овқатланиши учун бир кунга 3000 сўм жами 30 минг сўм сарфланиши лозим.

Тошкентдаги халқ таълими бўлимларидан олинган маълумотга кўра, оромгоҳлар ҳаражатларининг 25 фоизи ота-оналар зиммасига юкланган, қолган 75 фоизи эса давлат бюджетидан қопланиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Вазирлик: Ҳокимлик айбдор

Жорий йилда 36 та оромгоҳда 16 мингдан зиёд бола дам олди. Ҳисоб-китоб қилинса, 16 минг боланинг оромгоҳда уч маҳал овқатланишига жами 480 миллион сўм пул керак. Бу пулнинг 25 фоизини ота-оналар тўласа, қолган 360 миллион сўми бюджетдан қопланиши лозим. Демак, кейинги уч йил ичида Тошкентдаги кундузги оромгоҳларда овқатланиш учун бюджетдан тахминан 1 миллиард 80 миллион сўм ажратилиши лозим эди.

Озодлик бу борада Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилганида, масъул мулозим оромгоҳлар бўйича қарздорликдан хабардор экани бироқ муаммони ҳал қилиш улар қўлида эмаслигини таъкидлади.

Мулозимга кўра, пойтахт оромгоҳларининг молиявий томони Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасида бўлиб, муаммони бартараф қилиш учун масъулият ҳам ҳокимликка юкланган.

Ҳокимлик: Бизни умуман алоқамиз йўқ

Озодлик Тошкент шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти мудири Иномжон Олимов билан боғланганида, у пойтахт оромгоҳларининг молиявий масалаларига ҳокимликнинг умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади:

- Ҳокимиятни нима алоқаси бор бунга? Йўқ ҳеч унақа нарса йўқ. Кечирасиз. Ҳокимият бюджет ташкилот. Кечирасизу унақа ҳомий ташкилот эмас. Бу масалада Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига мурожаат қилинг,- деди Иномжон Олимов.

Оромгоҳлар қарздорлиги учун масъул ким ўзи?

Хўш, унда ёзги оромгоҳларда болаларни уч йилдан бери овқатлантирган тадбиркорларнинг 1 миллиард 80 миллион сўмлик пулини ким тўлайди? Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб топилганича йўқ. Озодлик мавзуни ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG