Линклар

Тожикистонда ҳужумлар учун масъул кўрилган собиқ вазир ўринбосарининг 14 тарафдори ҳибсга олинди


Ромит дарасида қидирув ишлари давом этмоқда

Ромит дарасида қидирув ишлари давом этмоқда

Тожикистон расмийлари 4 сентябрь куни Душанбе шаҳрида милиция бўлимларига қилинган ҳужумлар учун масъул кўрилаётган собиқ мудофаа вазири ўринбосари шерикларидан яна 14 киши ҳибсга олинганини билдирди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси эълон қилган қўшма баёнотда собиқ вазир ўринбосари Абдулҳалим Назарзода ва унинг шерикларини қуролларни ташлаб, талслим бўлишга чақирди.

Расмийлар бу гуруҳни ўтган ҳафта Душанбе шаҳрида 26 киши, жумладан, 9 милиция ходими ва 17 жангарининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумларда айбламоқда.

Ундан аввалроқ Тожикистон хавфсизлик кучлари Абдулҳалим Назарзодани қидириш ишлари пойтахт Душанбедан 150 километр шарқроқда жойлашган Ромит дарасида давом этаётганини билдирган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Назарзода ва унинг шериклари 4 сентрябрь куни милиция бўлимларига тўртта ҳужумни амалга ошириш ортидан Ромит дарасига қочган. Уч кун аввалги ҳужумда 9 милиция ходими ва 17 жангари ўлдирилди.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 6 сентябрь куни қилган чиқишида ҳужумларни “Исломий давлат” гуруҳига ҳамфикр бўлган жангарилар мамлакатдаги барқарорликка путур етказиш мақсадида амалга оширди, дея баён қилди.

Назарзода 1990 йиллардаги фуқаролик урушида ҳукуматга қарши курашган демократик, миллатчи ва исмломчи кучлардан иборат бўлган Бирлашган Тожик мухолифатининг собиқ вакилидир.

Бирлашган мухолифатда исломчи жангарилар фирқасига етакчилик қилган Назарзода 1997 йилда президент Раҳмон ҳукумати билан тузилган сулҳ битими доирасида вазир ўринсбосари лавозимини эгаллаб келган.

XS
SM
MD
LG